Жаҳон | 12:10 / 18.05.2020
8958
2 дақиқада ўқилади

Германиялик депутат Трампни “НАТО учун вайронкор бактерия” деб атади

Германиялик депутат Рольф Мютцених АҚШ президенти Дональд Трампни “бактерияга” қиёслаб, НАТО учун вайронкор таъсир кўрсатишини айтди.

Фото: Global Look Press/Stefani Reynolds/CNP/AdMedia

Бу ҳақда Bild нашри хабар берди. Немис сиёсатчиси Трампни европаликларни душман сифатида қабул қилишда ва НАТОни заифлаштиришда айблаган. 

Германия социал-демократик партияси аъзоси бўлган Мюцених АҚШнинг ядро кучларини қўллашни кўзда тутувчи янги ядро доктринасининг хавфли эканига ишора қилган.

Аввалроқ, май ойида депутат Германиядан АҚШнинг ядро қуролларини олиб чиқишни талаб қилган. Шу сабабли у Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-ижтимоий иттифоқ партиялари ва Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас томонидан танқидга учраган.

Бироқ депутат ўз чақириғи НАТОни заифлаштиришни исташ билан боғлиқмаслигини тушунтирган.

“Агар Германия ва бошқа давлатларда АҚШ ядро қуроллари жойлаштирилиши мустаҳкамловчи элемент бўлса, унда бу альянс учун унча яхшимас”, деб айтган Мюцених.

Шунга ўхшаш фикрни Германия парламентининг ташқи сиёсий масалалар бўйича қўмитаси аъзоси Юрген Триттин билдирган. Унинг фикрича, европаликлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШнинг ядро қуролидан халос бўлиши лозим. Шу билан бирга, у Европада Трампга яхшиси ишонмаган маъқул эканини айтган, чунки айнан АҚШ президенти ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги келишувни барбод қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид