Ўзбекистон | 12:05 / 18.05.2020
9627
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор Миллий малакалар рамкаси тасдиқланди

Жорий йилнинг 15 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабарига кўра, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкаси ҳамда Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Билдирилишича, ўтган йиллар мобайнида мамлакатдаги профессионал таълим дастурлари ЮНEСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашмаганлиги, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг Миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилмаганлиги тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига тўсқинлик қилиб келган.

Бу касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини тугаллаган ёшларнинг хорижий давлатларда ўз мутахассисликлари бўйича ишлашларига ҳам имкон бермаётгани айтилади.

“Шунингдек, меҳнат бозорида ноформал тарзда таълим олган минглаб ҳамюртларимизни квалификацияларини тан олинишига имкон беради ва улар ўз билим, кўникма ва малака даражасига мос касб ва мутахассисликлар бўйича ишлай оладилар.

Айни камчиликларни бартараф этиш, мавжуд касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда мутлақо янги профессионал таълим тизимини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сон Фармони қабул қилинган эди.

Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон-Швейцария «Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш» лойиҳаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хорижий лойиҳалар экспертлари билан биргаликда 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг (Германия, Франция, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Беларус Республикаси, Молдова) тажрибалари ўрганилиб, Ўзбекистонда илк бор Миллий малакалар рамкаси ишлаб чиқилди”, - дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, бугунги кунда тармоқ квалификация рамкалари, касб ва мутахассисликлар бўйича профессионал стандартлар ҳамда табақалаштирилган таълим дастурларини яратиш ва янги ўқув йилидан жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар тармоқлар малакалар рамкалари, касб ва таълим стандартлари, миллий ва халқаро даражада малакаларни тан олишнинг касбий таълимнинг барча даражалари учун ягона механизмларни назарда тутувчи, малакаларни тармоқлараро ва халқаро таққослашни таъминловчи компетенцияни баҳолаш тизими Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимининг институционал компоненти ва асоси ҳисобланади.

Мавзуга оид