Жаҳон | 20:41 / 19.05.2020
4040
1 дақиқада ўқилади

Disney топ-менежери TikTok ижтимоий тармоғига раҳбар этиб тайинланди  

Walt Disney Co компаниясининг стриминг йўналиши раҳбари Кевин Майер қисқа видеолар яратиш учун мўлжалланган TikTok ижтимоий тармоғига раҳбарлик қилади.

Бу ҳақда ижтимоий тармоққа эгалик қилувчи ByteDance Inc. компанияси маълум қилди. Майер 1 июндан TikTok’да бош ижрочи директор лавозимини эгаллайди. У ByteDance’нинг глобал ривожланиши учун жавоб беради, корпоратив функцияларни, жумладан савдо, маркетинг, жамоатчилик билан алоқалар ва хавфсизлик масалаларини назорат қилади.

Майер Disney’нинг Direct-to-Consumer & International сегментига у ташкил этилган 2018 йилдан бери бошчилик қилади. У бир қатор стратегик харидлар, жумладан 21th Century Fox кинокомпаниясининг харидида муҳим роль ўйнаган.  

Энди унинг ўрнини Disneyland раҳбари Ребекка Кэмпбелл эгаллайди.

TikTok ўз фойдаланувчиларига 60 сониялик видеолар яратиш ва улар билан бўлишишга имкон берувчи ижтимоий тармоқ бўлиб, ҳозирда унинг аудиторияси 700 млн кишидан ошади.

Мавзуга оид