Соғлом ҳаёт | 23:14 / 21.12.2025
415
2 дақиқада ўқилади

Олимлар қисқа видеоларнинг ақлий қобилиятга салбий таъсир қилишини тасдиқлашди

Муаллифларнинг фикрича, ёрқин ва тез ўзгарувчан мунтазам видеооқим мияни “секин” бажариладиган вазифалар – ўқиш, англаш ва таҳлилий фикрлаш кабиларни камроқ қабул қилишга мослаштириб қўяди.  

Фото: Pixabay

TikTok форматидаги қисқа видеоларни кўп томоша қилиш когнитив функцияларнинг ёмонлашиши ва руҳий соғломликнинг сусайишига сабаб бўлади. Psychological Bulletin (PB) журналида эълон қилинган тадқиқот муаллифлари ана шундай хулосага келган.

Олимлар қарийб 100 минг киши қатнашган 70та тадқиқот натижаларини таҳлил қилиб чиқишди. Тадқиқотларда бир неча сониядан икки дақиқагача давом этувчи қисқа видеороликларнинг таъсири ўрганилган.  

Таҳлиллар қисқа видеоларга муккасидан кетиш когнитив фаолиятга салбий таъсир қилишини кўрсатди. Биринчи навбатда гап диққатни жамлашнинг пасайиши ва импулсив реакцияларни назорат қилиш қобилиятининг сусайиши ҳақида бормоқда. Оддийроқ айтганда, фаол фойдаланувчилар эътиборни жамлаш ва ўз ҳисларини назорат қилишга қийналишади. 

Муаллифларнинг фикрича, ёрқин ва тез ўзгарувчан мунтазам видеооқим мияни “секин” бажариладиган вазифалар – ўқиш, англаш ва таҳлилий фикрлаш кабиларни камроқ қабул қилишга мослаштириб қўяди.  

Қисқа видеороликлар руҳий саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатиши маълум бўлди. Инсон қисқа видеоларни қанчалик кўп томоша қилса, унда хавотир, тушкунлик ва стресс аломатлари, уйқу бузилиши шунчалик кўп учрайди.  

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, инсонни жунбушга келтирувчи тусдаги контентлар ва видеолар тасмасини тўхтовсиз айлантириш ухлашга халақит беради ҳамда дам олишга мўлжалланган вақтни совуради.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид