Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
TikTok фойдаланувчиларда қарамлик келтириб чиқаради - Еврокомиссия
Еврокомиссия хулосасига кўра, TikTok’нинг чексиз «лента», видеони автоматик кўрсатиш, push-хабарномалар ва юқори даражада шахсийлаштирилган тавсиялар тизими каби функциялари фойдаланувчиларда қарамлик келтириб чиқаради.
Европа комиссияси TikTok платформасининг қарамликка олиб келувчи дизайни Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (DSA) талабларини бузиши мумкинлиги ҳақидаги хулосасини эълон қилди.
«Ижтимоий тармоқларга қарамлик болалар ва ўсмирларнинг ривожланаётган онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун платформаларга улардан фойдаланиш оқибатлари учун жавобгарликни юклайди. Биз Европада фарзандларимиз ва фуқароларимизни интернетда ҳимоя қилиш учун қонунларимизга риоя қилинишини таъминлаймиз», — деди ЕК раисининг ижрочи ўринбосари Хенна Вирккунен.
Еврокомиссия хулосасига кўра, TikTok’нинг чексиз «лента», видеони автоматик кўрсатиш, push-хабарномалар ва юқори даражада шахсийлаштирилган тавсиялар тизими каби функциялари фойдаланувчиларда қарамлик келтириб чиқаради.
ЕКнинг дастлабки ўрганишлари TikTok қарамликка олиб келувчи функциялар фойдаланувчиларнинг, жумладан, вояга етмаганлар ва ҳимояга муҳтож катталарнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига қандай зарар етказиши мумкинлигини етарлича баҳоламаганини кўрсатмоқда. Масалан, TikTok’нинг айрим дизайн элементлари фойдаланувчиларни доим янги контент билан «мукофотлаб», «лента»ни узлуксиз айлантириш истагини кучайтиради ва мияни «автопилот режими»га ўтказади, дея изоҳлашмоқда Брюсселдагилар.
«Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу компульсив феъл-атворга олиб келади ва фойдаланувчиларнинг ўзини назорат қилиш қобилиятини пасайтиради», — дейилади ЕК хулосасида.
Еврокомиссия фикрича, TikTok ўзининг «қарамликка олиб келувчи дизайни билан боғлиқ хавфларни камайтириш учун оқилона, муносиб ва самарали чоралар»ни кўрмаяпти.
«Комиссия TikTok ўзининг асосий дизайнини ўзгартириши зарур, деб ҳисоблайди. Масалан, “чексиз айлантириш” каби қарамликка олиб келувчи функцияларни босқичма-босқич ўчириш, тунги вақтда “танаффуслар” жорий этиш орқали», — дейилади Еврокомиссия хулосасида.