Ўзбекистон | 22:36 / 19.05.2020
75107
2 дақиқада ўқилади

Президент банк ва солиқ тизимини танқид қилди

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар мавзуида ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев солиқ ва банк тизимидаги камчиликлар ҳақида гапирди ҳамда аксарият давлат банклари берилган маблағни айлантириш ҳисобигагина яшаб келганини танқид қилди.

«Бизда солиқчи солиқ йиғиш билан, банк кредит бериш билан овора бўлиб келди. Бу икки соҳанинг ҳам дунёқарашини ўзгартираман. Йил якунигача лозим бўлса, қарор ва қонун билан қабул қиламиз. Энди уларнинг фаолиятига қанча мижоз ёпилиши билан баҳо берамиз.

Солиқчи фақат солиқчи эмас, тадбиркорга ҳамкор бўлсагина жамият ўзгаради. Ҳозир тадбиркор ўзича ёпилиб кетяпти, ҳеч кимнинг иши йўқ. Оддий тил билан айтганда, тадбиркор ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди. У шўрлик билан ҳеч кимнинг иши йўқ!

Банк остонасига қадам қўйган тадбиркорнинг дунёқараши ўзгариши керак. У давлатга керакли инсон эканини сезсин, эртага у иқтисодий барқарорликни таъминлаши учун банк унга «вакцина» бериши керак. «Адолат вакцинаси» – бу ҳисоб-китоб, фойда вакцинаси, деганидир.

Яъни тадбиркорни ўқитиш тизими бўлсин. Улар шунчаки, ёпилиб кетавермасин, у мижоз. У яна ишлаб кетса, эртага солиғини ҳам тўлайди, кредитини ҳам тўлай олади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент келгусида давлат ва хусусий банклар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, банкларнинг аҳоли яшаш шароитидан келиб чиқиб жўяли лойиҳалар тақдим этмаётганини танқид қилди.

«Айниқса, аксарият давлат банклари шу вақтга қадар давлат маблағларини айлантириш ҳисобигагина кун кўриб келяпти. Эскича ишлаяпти», дейди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид