14:08 / 22.05.2020
35949

Бухоро коронавирусдан холи ҳудудга айланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманган, Бухоро ва Самарқандда коронавирус беморларининг навбатдаги гуруҳлари тузалиб, жами 31 кишига жавоб берилгани тўғрисида хабар берди. Хусусан, Бухорода сўнгги икки бемор тузалган ва ушбу вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланган.

Наманган вилоятида 5 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди.

Соғайиб чиққанларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 3 нафари эркак, 2 нафари аёллардир. Касалликдан фориғ бўлганларнинг барчаси Наманган вилоятидан (4 нафари Наманган туманидан, 1 нафари эса Наманган шаҳридан). Улар орасида энг ёши каттаси 84 ёшда бўлса, энг кичиги 48 ёшда.

Вилоятда шу пайтга қадар 219 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 224 нафарга етди.

Самарқанд вилоятида 24 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди.

Самарқанд вилоятида соғайганларнинг 11 нафари эркак, 13 нафари эса аёллардир, уларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Шунингдек, тузалганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан (8 нафари Самарқанд шаҳридан, 5 нафари Оқдарё туманидан, 4 нафари Самарқанд туманидан, 2 нафардан Пайариқ ва Иштихон туманларидан, 1 нафардан Тойлоқ, Паст Дарғом ва Жомбой туманларидан). Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда бўлса, энг кичиги 2019 йилда туғилган.

Вилоятда шу пайтга қадар 178 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 202 нафарга етди.

Бухоро вилоятида 2 беморга жавоб берилди. Реабилитацияга кузатилган 2 киши ҳозирча ушбу ҳудуддаги коронавирус инфекциясига чалинган сўнгги беморлар саналади. Иккиси ҳам Бухоро шаҳридан ва коронавирус инфекциясини беморлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Бири 53 ёшдаги аёл бўлса, иккинчиси эса 6 ёшли қизалоқ. Энди вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланди.

«Шундай қилиб, вилоятда 442 нафар касалланиш ҳолати қайд этилган бўлса, фидокор шифокорларимиз саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунда уларнинг барчаси бутунлай дарддан фориғ бўлишди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Маълумот учун, шу вақтгача Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудудларга айланганди. Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги беморлар (21 киши) 15 май куни Тошкент шаҳрига олиб келинган ва ушбу ҳудудда сўнгги кунларда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар қайд этилмаяпти.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2438 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top