Ўзбекистон | 22:24 / 24.05.2020
22758
3 дақиқада ўқилади

«Asaka City» қурилиши қарийб 100 млн долларга тушади — тафсилотлар

«Ўзавтосаноат» АЖ Андижон вилоятида «Asaka City» замонавий турар жой мавзейини қуришни бошлади.

Фото: "Ўзавтосаноат"

Компания хабарига кўра, бундан кўзланган мақсад – аҳоли ва автомобиль саноати корхоналари ишчиларининг турар жойга эҳтиёжини қондириш ва янги иш ўринлари яратишдир.

Турар-жой мажмуаси қурилиши 98 млн долларга баҳоланган.

«Мажмуа қурилишида 7 700 киши иштирок этади. Тайёр турар жойлар эса 5 000 оилани уй билан таъминлайди, бу – кичикроқ аҳоли пункти аҳолисига тенгдир», – дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, мажмуа Асака туманидаги Чек маҳалласида, 45 гектар майдонда жойлашади.

Жами 4631та хонадонли 71та кўп қаватли турар жойдан ташқари, мажмуа таркибига 2та мактабгача таълим муассасаси (320 ўринга), 1500 ўринли мактаб, 250 ўринли шифохона, боғ, 10 000 квадрат метр майдонга эга савдо маркази ва бошқа объектлар киради.

Таъкидланишича, янги уйлар ва бинолар қурилиши «энг илғор замонавий қурилиш технологияларига асосланган ва одатий уйлардан тежамкорлиги ҳамда энергосамарадорлиги билан» ажралиб туради.

Асакада қурилиш материаллари заводи ва 4та корхона ҳам қурилади

Хабарда айтилишича, «Ўзавтосаноат» лойиҳани амалга ошириш мақсадида ва импорт ўрнини босиш тенденциясини эътиборга олиб, саноат чиқиндиларини қайта ишлашга ва мажмуанинг сифатли қурилишини таъминлашга қаратилган, қиймати 20 млн. долларлик лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда.

Қурилиши 2020 йил 3-чорагига режаланган, замонавий энергия тежовчи технологиялар асосида қурилиш материаллари ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи ҳам Асака туманида жой олади.

Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулот «Asaka City» мажмуаси қурилишида ишлатилади, бу бинолар таннархини камайтириш ва аҳолини қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, маҳсулотнинг бир қисмини ички ва ташқи бозорларда сотиш режалаштирилган.

Корхонада МДФ ва металлдан эшиклар, зиналар учун панжаралар, полистиролбетон ва гипсдан блоклар, лок-бўёқ маҳсулотлари, бетон конструкциялари ва бошқа қурилиш материалларини ишлаб чиқариш режалаштирилган, келгусида улар «Asaka City» мажмуаси қурилишида ишлатилади.

Фото: "Ўзавтосаноат"

Лойиҳа доирасида тузиладиган, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича тўртта корхона 35 000 тонна импорт ўрнини босувчи маҳсулот: 5700 тонна қоғоз, 4000 тонна тахта ва 1300 тонна пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Ишлаб чиқаришлар жорий этилгач, корхоналарда яқин туманлардаги 2300 нафар аҳоли ишга жойлашади.

Умуман, Asaka City мажмуасини қуриш лойиҳаси 10 000 та иш ўрни яратиш имконини беради, дейилади «Ўзавтосаноат» пресс-релизида.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа ҳақидаги айрим тафсилотлар президент Шавкат Мирзиёевнинг 21-22 май кунлари Андижон вилоятига амалга оширган ташрифи давомида маълум бўлган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид