Жаҳон | 18:14 / 24.05.2020
60203
7 дақиқада ўқилади

Бу курашда ғолиб бўлмайди. АҚШ–Хитой зиддияти – II Совуқ уруш ибтидосими?

Вашингтонда анчадан бери аксилхитой кайфияти қора булут сингари изғиб юрибди. 21-асрнинг бу икки йирик державаси ўртасидаги дарз кетган муносабатларни пандемия яна ҳам совуқлаштирди, деб ёзади The Washington Post.

Фото: Reuters

Трамп ўнгчилардан бўлган Fox Business телеканалига берган интервьюсида АҚШ пандемиядан сўнг Хитой билан алоқаларни «буткул узиши» мумкинлигини таъкидлади. Оқ уй раҳбари бу икки давлатнинг ўзаро савдо масаласида бир тўхтамга кела олмаётгани билан боғлиқлигига ишора қилган.

«Пандемия негизидаги иқтисодий талафот АҚШ учун Хитой орқали ўтувчи глобал таъминот занжиридан ажралиб чиқиш заруратини кўрсатди», деган Қўшма Штатлар президенти.

Бу борада Трамп ёлғиз эмас – унинг иттифоқдошлари аксилхитой масаласида янада қатъий позиция кўрсатишмоқда. Республикачи сенаторлар пандемияни илк босқичларида яширгани учун Хитойни жазолашни кўзда тутувчи қонун қабул қилиш ва санкциялар қўллашни таклиф этяпти.

Хорижлик журналистлар аккредитациясини дипломатик ўйинларнинг бир қисмига айлантирган Пекинга жавоб сифатида АҚШ Давлат департаменти ҳам штатларда фаолият кўрсатаётган чинлик журналистларнинг визаларига чекловлар киритди.

Оқ уйнинг аноним амалдорлари АҚШнинг Хитой олдидаги қарз мажбуриятлари ҳақида оғиз очмаслик учун ОАВ вакилларига таҳдид қилишгача боргани айтилмоқда. Экспертлар бундай ҳаракатлар АҚШнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади, дея баҳолашмоқда.

Аксилхитой кайфияти ҳар доимгидан ҳам кучайган

«Катта йигирмалик»нинг 14-саммити. Осака, Япония
Фото: CNBC

2005 йилдан бери аксилхитой кайфиятни ўрганиб келувчи Pew Research Center’нинг апрел ойида ўтказган тадқиқотига кўра, америкаликлар ҳозирда Хитойга нисбатан ҳар доимгидан ҳам кўпроқ салбий муносабат билдирмоқда.

Вашингтондаги норозилик кайфиятида президентлик сайлови йилидаги ўзгаришларнинг ҳам улуши бор – Трамп ва республикачилар коронаинқирозни бошқара олмаётган администрациядан диққатни чалғитиш учун ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди.

Аммо кўплаб демократлар, хусусан, президентликка номзод, собиқ вице-президент Жо Байден ҳам аксилхитой кайфиятининг юқорилигича қолиши тарафдори кўринади.

Бошқа давлатлар, жумладан, Осиёдаги державалар ҳам Хитойга очиқдан-очиқ қарши туриш йўлини танлашмоқда. Бу эса Хитойда тарихан чет давлатларнинг совуқ муносабати натижасида шаклланган миллий руҳни янада кучайтиряпти холос.

Вашингтон ва Пекин расмийлари Совуқ уруш бошланишига қарши эканликларини қайта-қайта такрорлашса-да, геосиёсий шамоллар айнан Совуқ уруш томонга қараб эсмоқда.

«Совуқ уруш бу – АҚШга хос менталитет, дея танқид қилувчи Хитой ҳукумати вакиллари аслида икки мамлакат ўртасидаги рақобат ва мафкуравий курашни тўхтатишни исташмайди, балки Американинг Пекин режаларига халал бермаслиги кераклигини назарда тутишади», деб ёзади Axios журналисти Бетани Аллен-Эбрахимян.

Хитой разведкаси ҳисоботи

Reuters’нинг ёзишича, Хитой давлат хавфсизлиги вазирлиги олий ҳукуматга тақдим этган ҳисоботда Пекинга қарши шаклланаётган – қисман АҚШнинг ҳам ҳиссаси бўлган глобал салбий муносабат ҳақида баён қилинган.

Ҳисоботда Хитойга нисбатан муносабат 1989 йилги Тяньаньмэнь воқеаларидан бери энг ёмон даражага чиққани ҳақида огоҳлантирилган.

Тяньаньмэнь воқеалари – 1989 йил Пекиннинг Тянанмень майдонида асосан талабалар иштирокида ўтказилган норозилик акциялари ва уларнинг шафқатсиз бостирилиши. Намойишни бостириш учун ҳарбийлар ишга солинган, бир неча минг нафаргача қурбонлар бўлгани тахмин қилинади.

Ҳисобот мазмунидан хабардор бўлганлардан бирининг айтишича, унинг хулоса қисмида АҚШ Хитойдаги коммунистик партияни қулатиш ниятида экани, Америка Чин давлатини иқтисодий ва хавфсизликка таҳдид сифатида кўриши таъкидланган.

Reuters манбасига кўра, Хитой разведкасининг айрим вакиллари ушбу ҳисоботни «Новиков телеграммаси»нинг хитойча версияси сифатида баҳоламоқда.

СССРнинг 1946 йилда АҚШга юборилган элчиси Николай Новиков Америка иқтисодий жиҳатдан хавфлилиги, унинг иккинчи жаҳон урушидан кейинги ҳарбий иштиёқи ҳақида ўз мамлакатига ёзиб юборган эди.

Новиков телеграммаси ва америкалик дипломат Жорж Кеннаннинг Москвадан Вашингтонга юборган «Узун телеграмма»си (унда дипломат АҚШ ҳукуматини СССР билан ҳамкорлик қилиб бўлмаслигидан огоҳлантирган) — 20-аср охиригача АҚШ-СССР рақобатининг йўналишини белгилаб берган икки муҳим ҳужжатдир.

Экспертлар ҳозир АҚШ-Хитой муносабатларида ҳам шунга ўхшаш, балки айни шундай ҳолат рўй бераётганини таъкидлашмоқда.

Бу урушда ғолиб бўлмайди

Фото: Financial Times

«Бундай атаманинг қўлланилиши одамлар учун ёқимсиз бўлиши мумкин, лекин тан олишимиз керак – бу янги Совуқ урушнинг бошланиши. Эҳтиёт бўлмасак, ҳаммаси янада ёмонлашиши мумкин», деди Оқ уйнинг собиқ савдо вакили Клит Виллемс CNBC’га.

«Моҳиятан, биз Совуқ уруш арафасида турибмиз. Хитой билан муносабатлар тобора зиддиятли тус олиб бормоқда», дейди Нью-Йоркдаги Осиё жамияти қошидаги Хитой-АҚШ муносабатларини ўрганиш маркази директори Орвилл Шелл.

Вашингтонда бир гуруҳ сиёсатчилар АҚШнинг Хитойга нисбатан ҳарбий устунлиги сусайиб (балки мутлақо йўқолиб) бораётганидан хавотирда.

Пекинда эса Тайванни тиклаш учун ҳарбий ҳужум бошлаш эҳтимоли ҳақида аввалгига қараганда очиқроқ гапирила бошланди.

Ҳарбий низолар кузатилмаётган бўлса-да, аммо бу зиддият икки мамлакатнинг бир-бирига узвий боғлиқ бўлган иқтисодиётлари учун қимматга тушиши тайин.

Хитой 20 йилча аввал Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш орқали экспортга асосланган қудратли иқтисодий державага айланган ва бу глобаллашувнинг улкан муваффақияти сифатида баҳоланган эди. Аммо эндиликда Трамп ва унинг иттифоқчилари Хитойнинг ЖСТга қабул қилиниши катта хато бўлганини қайд этиб, бу хатони «тузатишга» ҳаракат қилишмоқда – ЖСТнинг аҳамиятини туширишга астойдил уринишмоқда.

«Бу бўрондан сўнг ёмонлашаётган муносабатларни қайта тиклаш қийин кечади. Стратегик рақобат доимо устувор парадигма бўлиб қолган. Ҳамма гап бу рақобатнинг доимий ва мутлақ душманлик шаклига ўтиш-ўтмаслигида», дейди Берлиндаги Меркатор Хитой тадқиқотлари институти ижрочи директори Микко Хуотари.

Бундай таранг ўйин кайфиятида икки томон ҳам ғалаба қозона олмайди.

«Вашингтон ва Пекинда кечаётган ғоявий урушларга қарамай, АҚШ ҳам, Хитой ҳам бу инқироздан заиф ҳолатда чиқади. Бу аччиқ ҳақиқат», дея фикр билдирган Австралия собиқ бош вазири Кевин Радд.

Мавзуга оид