Жаҳон | 12:51 / 24.05.2020
19437
3 дақиқада ўқилади

Туризм саноати пасайишидан қайси мамлакатлар энг кўп зарар кўради?

Коронавирус пандемияси миллиардлаб кишиларни уйда ўтиришга мажбур қилди. Бу эса туризм саноатига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Жаҳон саёҳатлар ва туризм кенгаши турли мамлакатлар иқтисодиётини ўрганиб, улардан қайсилари энг кўп зарар кўришини аниқлади.

Кенгаш маълумотларига кўра, 2018 йилда туристлар жаҳон иқтисодиётига 8,8 трлн доллар олиб келган ва жами иқтисодий фаолликнинг 10,4 фоизини таъминлаган. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, жами 319 млн иш ўрни ана шу сегмент улушига тўғри келади.

Пандемия бошлангач давлатлар чегаралари ёпилди, одамлар эса уйдан деярли чиқишмаяпти. Шунинг учун туризм саноати компаниялари яшаб қолиш учун турли усулларни излашмоқда. АҚШ ва Буюк Британияда камида учта минтақавий авиаташувчилар банкротлик ҳақида эълон қилди. Саёҳат сегменти инқирозининг олдини олиш учун Америка ҳукумати маҳаллий авиалинияларга кредит ва маошларни бериш учун грантлар кўринишида 58 млрд доллар тақдим этди. Коронавирус пандемияси денгиз саёҳати саноатида ҳам инқирозни юзага келтирди. Бундан ташқари, денгиз саёҳатларининг муаммосиз саёҳат сифатидаги обрўсига жиддий даражада путур етишига сабаб бўлди.

Қайси мамлакатлар туризм саноати пасайишидан энг кўп пул йўқотиши мумкин? Қуйида келтирилган диаграммага кўра, дунёнинг 20та энг йирик иқтисодиётлари ичида Таиланд ва Филиппин бу сегментга энг кўп боғлиқ давлатлар ҳисобланади. Бу мамлакатларда туризм ЯИМнинг бешдан бир қисмидан кўпроғини таъминлайди. Коронавирусдан азият чеккан Испания ва Италия иқтисодиётига ҳам сезиларли зарар таҳдид солмоқда. Туризм саноатига энг кам таянган Жанубий Корея Covid-19’ни ҳам енга олди.

Дунёнинг энг йирик 20та иқтисодиётининг саёҳат ва туризмга боғлиқлиги. 2018 йилга оид маълумотлар ЯИМнинг фоизи кўринишида келтирилган

Асосан иқтисодиёт миқёси сабаб абсолют рақамларда АҚШ туризм саноати энг кўп зарар кўради. Саёҳатчилардан энг кўп фойда оладиган 10та мамлакатнинг 6таси коронавирусдан зарарланиш мамлакатлар орасида дастлабки 10таликдан жой олган. Бу эса туристлар орасида машҳур бўлган йўналишлар ва инфекция тарқалиши ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кўрсатади.

Туризм соҳасидан энг кўп пул ишлайдиган мамлакатлар. 2018 йилдаги ялпи тушум миллиард долларда кўрсатилган

Бироқ туризмнинг иқтисодиётининг асосига айлантирган кичик орол давлатлар жиддий оқибатларни ҳис қилишади. ЯИМ саёҳатчиларга боғлиқ бўлган 20та мамлакатдан 15таси кичик орол давлатлар ҳисобланади. 2008 йил молиявий инқироз вақтида сезиларли даражада зарар кўрган Исландия салбий ҳолатга тушиб қолиши мумкин, чунки ЯИМнинг учдан бир қисмидан кўпроғи туризмга тўғри келади.

Туризм ва саёҳатларга энг кўп боғлиқ мамлакатлар. 2018 йилга оид маълумотлар ЯИМнинг фоизи кўринишида келтирилган

 

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид