Жамият | 12:35 / 01.06.2020
51359
2 дақиқада ўқилади

Бухорода юк машинаси ва Lacetti ЙТҲга учради, қурбонлар бор

2020 йилнинг 31 май куни соат 17:30да ҳайдовчи, 24 ёшли Ш.Х. бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашинани «Ғузор-Бейнеу» йўналишидаги А-380 йўлининг Бухоро вилояти Жондор тумани «Луқмон» Газли чўл ҳудудидан ўтувчи асфальт йўлдан бошқариб кетаётган бўлган.

Фото: Тергов департаменти

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у ушбу йўлнинг 301-километрига етганида, ўзига нисбатан йўлнинг қарама-қарши йўналишидан ҳаракатланиб келаётган 46 ёшли Д.Ш. бошқарувида бўлган MAN русумли юк автомашинасининг олд қисмига бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Оқибатда Lacetti русумли автомашина ҳайдовчиси Ш.Х. ва ушбу автомашина олд йўловчи ўриндиғида ўтирган йўловчи, 48 ёшли Т.Қ. оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жондор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан  жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Бухоро вилояти ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

«Ҳурматли ҳайдовчилар, транспорт воситасини бошқараётган вақтда ҳушёр бўлишингизни ва амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»га қатъий риоя қилишингизни сўраймиз», - дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид