Полиция Зеленскийнинг карантин вақтида қаҳвахонага борганини ўрганмоқда
Украинада карантин режимини бузганлик учун 17 минг гривен (630 доллар) жарима белгиланган. Владимир Зеленский агарда карантин қоидасини бузган бўлса, жарима тўлашга тайёрлигини айтди.
Полиция Украина президенти Владимир Зеленскийнинг қаҳвахонага бориб карантин режимини бузганлиги ҳолатини ўрганмоқда. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко маълум қилди.
Зеленский чоршанба куни коронавирус пандемияси сабабли мижозларга фақат ёзги майдончаларда ўтиришга рухсат берилганига, умумий овқатланиш муассасалари 5 июндан тўлақонли ишлаши белгиланганига қарамасдан Хмельницкийдаги қаҳвахоналардан бирида қаҳва ичган. Унинг сурати Facebook саҳифасида жойлаштирилган.
Украинада карантин режимини бузганлик учун 17 минг гривен (630 доллар) жарима белгиланган. Зеленский агарда карантин қоидасини бузган бўлса, жарима тўлашга тайёрлигини айтди.
"Полиция президентни биринчи марта жаримага тортиши эмас. Владимир Зеленский 2019 йил апрелда бюллетенини кўрсатганида овоз бериш сирини ошкор қилгани учун жаримага тортилган. Шунинг учун полиция бу масалани кўриб чиқмоқда. Бу ерда президент ва унинг атрофидагилар айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлаш керак", - дея Герашченконинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда УНИАН агентлиги.
Украинада COVID-19 тарқалиши боис 12 мартдан бир ойлик карантин эълон қилинган ва бир неча марта узайтирилганди.