Спорт | 16:05 / 21.06.2020
27575
22 дақиқада ўқилади

Ёзги трансферлар: клубини ўзгартириши мумкин бўлган 25 футболчи

Ёзда Неймар, Погба, Мартинес, Игуаин, Стерлинг ва бошқа юлдузлар бошқа клубда пайдо бўладими?

Фото: «Чемпионат»

Коронавирусга қарамай, июнь ойи одатдаги каби трансфер миш-мишлари ва янгиликлар билан ўтмоқда. Трансфер даричаси ҳали очилмади, аммо хориж нашрларида етарлича инсайдлар ва клублар ўртасидаги келишувлар ҳақида хабарлар етарлича. Илк катта трансфер ҳам амалга ошди - бир неча йилдан буён «РБ Лейпциг» сафида тўпурарлик қилиб келган Тимо Вернер «Челси» аъзосига айланди. Қуйида сўнгги ҳафталардаги энг қизиқарли маълумотлар келтирилади.

Миралем Пьянич, «Ювентус» — «Барселона»

Фото: Дмитрий Голубович, «Чемпионат»

Миралем Пьянич ёзги трансферларнинг асосий қаҳрамони бўлиб турибди. «Барселона» «Ювентус» яримҳимоячисини ўзини қилиш ҳаракатларини тўхтатмаяпти. Goal нашри хабарига кўра, каталонияликлар ҳамон босниялик футболчидан умид узишмаган. Шу билан биргаликда, туринликлар клуби ушбу тажрибали футболчисини осонликча қўйиб юбормоқчимас. «Ювентус» Пьяничнинг трансферига ёш Ансу Фатини қўштирмоқчи. Лекин «Барселона» бунга кўнмаяпти. Клуб бошқаруви аъзоси Хавьер Вилайолана Фатининг кетиши ҳақида гап ҳам бўлмаслигини айтиб ўтганди.

Tuttosport маълумотига кўра, туринликлар Пьянич трансфери доирасида Артурни ўз сафига қўшиб олишни кўзлаган. RAC1 журналисти Жерар Ромеронинг маълумотига кўра, «бьянконери» ҳавбекка каталон клубидагидан уч карра кўпроқ маош тўлашга тайёр. 

Журналист Николо Скиранинг ёзишича, «Ювентус» босниялик футболчисини Жоржиньо эвазига «Челси»га бериши ҳам мумкин. Sport.es эса Пьянич «Барса» ҳимоячиси Семедуга алмаштирилиши ҳақида ёзмоқда, Sky Sports Italia талқинига кўра, итальянлар клуби ушбу футболчини «ПСЖ» ҳавбеки Паредесга алмашиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Албатта, бу миш-мишларнинг кўпи – абсурд. Аммо бу футболчи атрофида шу қадар кўп миш-миш тарқалиши бежиз бўлиб чиқмаслиги ва ёзда Пьянич барибир клубини алмаштириши эҳтимоли юқори.

Поль Погба, «Манчестер Юнайтед» — «ПСЖ» / «Реал» / «Ювентус»

Фото: Getty Images

Погба «МЮ»дан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳам тўхтагани йўқ. Le10sport хабарига кўра, француз ҳамон «Реал»га ўтиш ҳақида ўйламоқда. Шу билан бирга, у «ПСЖ» ва «Ювентус»  вариантларини ҳам кўздан қочиргани йўқ. Лекин футболчининг шу ёзда клубини алмаштиришига бир қатор тўсқинликлар бор. Коронавирус инқирози туфайли деярли бир йил ўйнамаган ва характери оғир бўлган футболчи учун катта маблағ тўлайдиган клуб (Погбанинг трансфер қиймати 80 млн еврога баҳоланмоқда) топилиши қийин.

Лаутаро Мартинес, «Интер» — «Барселона»

Фото: Alex Caparros/Getty Images

Афтидан, аргентиналик форвард шу ёзда барибир «Барселона»га ўтади. Италиялик журналист Николо Скира ҳам шу фикрда.

«Лаутаро Мартинес ва «Барселона» ўртасида келишувга эришилган. Унинг каталонлар клубидаги йиллик маоши 12 млн еврони (қўшимча бонуслар) ташкил этади. Яқин ҳафталарда «Барселона» «Интер» билан ҳам келишувга эришиши кутилмоқда, миланликлар етакчи ҳужумчиси учун шартномада кўрсатилган 111 млн евро олишни истамоқда, аммо 90 млн евролик таклиф ва бирор футболчи берилиши ҳам клубни қаноатлантириши мумкин», деган у.

«Барселона» аргентиналик ҳужумчини сотиб олишга қишда ҳам ҳаракат қилиб кўрган, аммо «Интер» объектив сабабларга кўра ўз юлдузини сотмаганди. Италия нашрларига кўра, каталонияликлар клуби футболчига 2025 йилгача шартнома ва йилига 7 млн евро миқдорида маош таклиф қилмоқда. Коронавирус пандемияси кўплаб клублар иқтисодиётига зарба берди. Ҳозирда «Интер» молиявий муаммоларини ҳал этиш учун Мартинесни қўйиб юбориши мумкин, футболчининг ўзи ҳам Каталонияда машҳур ватандоши билан бирга тўп суришни истайди. 

Албатта, ушбу савияли форвардга бошқа клублар ҳам қизиқмоқда, «ПСЖ» ва «Манчестер Сити» клубларидан ҳам таклифлар келган, аммо Мартинес раҳбариятдан бу клубларга рад жавоби беришни сўраган.

Неймар, «ПСЖ» — «Барселона»

Фото: Soccrates ImagesGetty Images

Бу йил ҳам Неймар «Барса»га қайтиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалиши давом этмоқда. Франциядаги Le Figaro нашри бразилиялик футболчи Париж клубидаги маоши камайтирилганидан норозилиги ҳақида ёзган. Манба маълумотига кўра, Неймар шу орқали босим ўтказиб, Испанияга қайтишга ҳаракат қилади.

Mundo Deportivo хабарига кўра эса бразилиялик футболчи клубдошларига яна кетмоқчилиги ҳақида айтган. «Мен «Барселона»га қайтишни истайман», —дея Неймарнинг сўзларини келтирган нашр. Ёз давомида ушбу эртакнинг давомини кузатамиз.

Донни ван де Бек, «Аякс» — «Манчестер Юнайтед»
Бу ёзда «Аякс» яримҳимоячиси Англияга ўтиши аниққа ўхшамоқда. Ушбу ҳавбекка асосий даъвогар бўлмиш Мадриднинг «Реал» клуби «қармоқ ташлаб кутмоқда», «қаймоқранглилар»нинг нидерландиялик истеъдод учун курашдаги рақиби «МЮ» эса, журналист Николо Скиранинг маълумотига кўра, аллақачон расмий таклиф тайёрлашган. Ван де Бек учун манкунианликлар 40 млн евро беришмоқчи.

Кай Ҳаверц, «Байер» — «Реал» / «Челси»

Фото: Images/Getty Images

Ҳаверц учун трансферлар бозорида шиддатли кураш бошланса ажаб эмас – Бундеслига қайта тикланганидан кейин ёш яримҳимоячи 4 ўйинда 5 гол уришга улгурди. Ҳозирда ушбу немис ҳавбекига «Реал» ва «Челси» даъвогар. Bild нашри маълумотига кўра, мадридликлар Кай учун 80 млн евро евро таклиф қилишган, аммо немислар клуби рад жавоби қайтарган. Журналист Николо Скиранинг маълумотига кўра, лондонликлар ҳам футболчи трансфери бўйича таклиф жўнатишган. «Челси» Ҳаверц билан 5 йиллик шартнома имзолаб, унга йилига 8 млн евро миқдорида маош тайинламоқчи.

Френки де Йонг, «Барселона» — «Ювентус»
Ёш яримҳимоячи «Барселона»да бир мавсум ўтказишга улгурмади, аммо Football Italia портали Френки шу ёзда клубини ўзгартириши ҳақида ёзмоқда. Италиялик журналистлар нидерландиялик бу футболчи учун асосий даъвогар сифатида «Ювентус»ни кўрсатишмоқда. «Кекса синьора» Артурни қўлга кирита олмаса, асосий эътиборини де Йонгга қаратади. Яқин вақтлар ичида «Ювентус» футболчи трансфери учун музокаралар бошлаши кутимоқда.

Гонсало Игуаин, «Ювентус» — «Марсель»
Одатда ҳар йили баҳорда «Ювентус»нинг аргентиналик форвардини турли клубларга «жўнатиш»ни бошлашади. Журналистлар Игуаин «Ривер Плейт»га қайтиши, ўзини МЛСда синаб кўриши ва ҳатто «Атлетик» сафида пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишди. Энди эса Франциядаги L'Equipe нашри Игуаинга «Марсель» қизиқиш билдираётгани ҳақида ёзиб чиқди. Хабар қилишларича, италиялик собиқ футболчи, тез орада француз клубида спорт директори бўлиши кутилаётган Фабрицио Раванелли жамоани аргентиналик футболчи билан кучайтиришни режалаштирган.

Жейдон Санчо, «Боруссия» — «МЮ» / «Челси»

Фото: Martin Rose/Bongarts/Getty Images

Жейдон Санчонинг кейинги мавсумда қайси клубда тўп суриши масаласи ҳам ҳали аниқ эмас. Ёш футболчи учун асосий даъвогар «МЮ» ҳисобланади. Февралда Британиядаги Mirror таблоиди манкунианликлар ушбу футболчи учун 140 миллион евро сарфлаб, трансфер рекордини янгиламоқчи экани ҳақида хабар тарқатганди. Шунингдек, футболчига 7-рақам ва ҳафтасига 400 минг фунтлик маош таклиф қилингани айтилган. Пулишични «Челси»га сотган «Боруссия» Д эса қишда ўзининг асосий етакчиси билан хайрлашишга рози бўлмаган ва музокаралар ёзга қолдирилганди. Англиялик ёш истеъдодга бошқа клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда, бу клублар қаторида «ПСЖ», «Челси» ва «Ливерпуль» каби номлар бор. Аммо «қизил иблислар» аниқ таклифлар бермоқда. Санчонинг ўзи ҳам Англияда ўйнашни истайди ва бу ҳақда немислар клубини хабардор қилиб қўйган.

Вазият баҳорда коронавирус пандемияси туфайли ўзгарди. «Манчестер Юнайтед» инқироз туфайли музокараларни кейинга қолдириши биланоқ, курашга «Челси» ҳам қўшилди. Бир неча журналистлар бир вақтда Санчо кўклар сафига ўтиши ҳақида ёзиб чиқди. Манба маълумотига кўра, «Челси» Жейдонни кейинроқ сотиб олиш шарти билан ижарага олади.

Жорий мавсумда Санчо «Боруссия» Д сафида жами 37 ўйинда майдонга тушиб, 17 гол урган ва 20 голга узатма берган.

Кепа Аррисабалага, «Челси» — «Валенсия»
«Валенсия» «Челси»дан Кепани сотиб олиб, таркибни кучайтирмоқчи. Sport нашри хабарига кўра, томонлар музокараларни давом эттиришмоқда ва мавсум якунида трансфер ҳақида эълон қилиниши мумкин. «Кўршапалаклар» Кепани 25 млн евро эвазига Испанияга қайтаришмоқчи. Лондон клуби эса футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабон учун 35 млн евро сўрамоқда. Кепа доимий хатолари туфайли Лэмпард ва мураббийлар штабининг ишончини йўқотган. Сўнгги ўйинларда жамоа дарвозасини тажрибали Вилли Кабальеро қўриқламоқда.

«Челси» Аррисабалагани қимматроққа сотиш ҳақида ҳам ўйламаяпти, ҳолбуки у 2018 йилда 80 млн еврога сотиб олинганди. Ҳозирда лондонликлар «Аякс»дан Андре Онанани трансфер қилиш устида ишлашмоқда. Андренинг ўзи ҳам Нидерландия чемпионлари сафини тарк этиш вақти келганини тушуниб турибди. Ушбу футболчи трансфери қиймати 40-45 млн еврога баҳоланмоқда. Онанага «Барселона» ҳам даъвогар, футболчи айнан шу клуб тарбияланувчиси ҳисобланади.

Филиппе Коутиньо, «Барселона» — «Челси»

Фото: Sebastian Widmann/Bongarts/Getty Images

22 май куни «Бавария» бош директори Карл-Ҳайнц Румменигге мюнхенликлар Коутиньонинг трансферини «Барселона»дан сотиб олмаслиги ҳақида эълон қилди. «Бавария» уни 2019 йил ёзида ижарага олганди. Мюнхенликлар клуби ушбу бразилияликни 120 млн еврога трансфер қилиши мумкин эди, аммо бу банддан фойдаланилмади. Аввалроқ мюнхенликлар яримҳимоячининг ижара муддатини узайтирмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо вазият ўзгарган. Филиппе ўнг оёғининг тўпиқ қисмидаги жароҳатидан даволанишни давом эттирмоқда.

Лондоннинг «Челси» клуби футболчи атрофидаги вазиятни диққат билан кузатмоқда. Инглизлар клуби ҳавбекни ижарага олиб, унинг маошини тўлиқ миқдорда тўлаб бермоқчи. «Барселона» ҳам уни яна ижарага юборишга қарши эмас, аммо каталонлар клуби шартномада кейинчалик сотиб олиш мажбурияти бўлишини исташмоқда. Лондонликларни эса бундай пункт қониқтирмайди ва бу музокараларда мураккабликни келтириб чиқарган. El Mundo хабарига кўра, Коутиньо «Челси»га ўтишга розилик билдирган.

«Бавария» сафида Коутиньо 32 ўйин ўтказиб, 9 гол урди ва 8 голга ҳаммуаллифлик қилди.

Калиду Кулибали, «Наполи» — «Манчестер Юнайтед»
Sky Sport Italia нашри маълумотига кўра, «Наполи» президенти Аурелио Де Лаурентис клубда қайта қуриш бошламоқчи. У ҳозирги таркиб ўз даврини ўтаб бўлган деб ҳисобламоқда ва етакчи футболчилар сотуви орқали катта пул ишлаб, янги футболчиларни таркибга жалб этмоқчи. Неаполитанликлар жамоасининг асосий активи – сенегаллик ҳимоячи Кулибали ҳисобланади. «Манчестер Юнайтед» унга 80 млн евро таклиф қилган. Аммо «Наполи» футболчи учун 100 млн евро олишни истамоқда.

Раджа Найнгголан, «Интер» — «Рома»
«Интер»даги муваффақиятсизликдан кейин Раджа Найнгголан «Кальяри»га ижарага юборилганди ва мавсумни яхши ўтказди. Сардинияликлар клубида у ўз фаолиятида янги босқичга чиқди ва яна фойдали футболчига айланиб, голли узатмаларни қалаштира бошлади. Бельгиялик футболчининг бу муваффақияти унинг «Рома»га қайтиши ҳақидаги хабарларга сабаб бўлди. Calciomercato нашри хабарига кўра, Раджа севимли клубига қайтиш учун барча ишга тайёр.

Раҳим Стерлинг, «Манчестер Сити» — «Манчестер Юнайтед»

Фото: Getty Images

The Independent маълумотига кўра, «Манчестер Юнайтед» Раҳим Стерлингни ҳам кўз остига олиб қўйган. Манкунианликлар бундай футболчини асосий рақиби сафидан олиб келиш қийинлигини тушуниб туришибди, аммо «Манчестер Сити» молиявий фэйр-плей туфайли еврокубоклардан четлатилса, футболчини трансферга кўндириш мумкинлигига умид қилишмоқда.

Бенжамин Чилвел, «Лестер» — «Челси» / «Манчестер Сити»
«Челси»да «Лестер»нинг ёш истеъдоди учун курашда жиддий рақиб пайдо бўлган. The Telegraph нашри маълумотига кўра, Пеп Гвардиола жамоасининг чап қанотини кучайтирмоқчи ва англиялик футболчи учун курашга қўшилмоқчи. Лекин «Лестер» қимматбаҳо ҳимоячисини қўйиб юбормоқчи эмас - уни 85 млн еврога баҳолашмоқда.

Альваро Мората, «Атлетико» — «Интер»
Мората ҳали ҳам «Челси» футболчиси. Бу ёзда «Атлетико» испаниялик форвардни лондонликлардан 56 млн еврога сотиб олиши керак бўлади. Лекин «матрасчилар» ҳали уни таркибда қолдириш бўйича қарор қабул қилишмаган. Қолаверса, бу вақтда, Tuttosport маълумотига кўра, унга «Интер» томонидан қизиқиш мавжуд. Италияликлар шу ёзда каталонияга йўл олиши кутилаётган Лаутаро Мартинесга ўринбосар излашни бошлаб юборишган. Шундай экан, Альваро яна Италияга қайтиб, собиқ жамоаси «Ювентус»га қарши тўп суриши ҳам мумкин.

Мемфис Депай, «Лион» — «Милан» / «Эвертон»
Депай оғир жароҳатини даволашни давом эттираётган бўлсада, унга икки клуб – «Милан» ва «Эвертон» даъвогар. Calciomercato.com портали маълумотига кўра, футболчи «Лион» билан кейинги йил охирида якунланадиган шартномаси муддатини узайтиришга рози бўлмагач, унга бўлган қизиқиш кучайиб кетган.

Сандро Тонали, «Брешия» — «Интер» / «Барселона»
«Брешия»нинг Андре Пирлога тенглаштирилаётган ёш футболчиси учун қатор клублар навбат ҳосил қилган. «ПСЖ», «Ювентус», «Наполи», «Фиорентина» ва «Барселона» каби грандлар Тоналини ўз сафида кўришни истамоқда. Лекин футболчи билан шартнома имзолашга Миланнинг «Интер» клуби энг яқин турибди.

«Бугунги кунда Сандро Тонали «Интер» учун биринчи рақамли нишон. Футболчи трансферни тезлаштириш учун тез орада «Брешия» билан музокара бошлайди. У айнан «Интер»га ўтиш истагини билдирган. Клублар ўртасидаги музокаралар ҳам давом этмоқда», — деган Sky Sport Italy журналисти Фабрицио Романо.

Чиро Иммобиле, «Лацио» — «Манчестер Юнайтед» / «Эвертон»
«Лацио»да ёрқин мавсум ўтказган Иммобиле ёзда яна топ-клубга ўтиши мумкин. Calcio Mercato маълумотига кўра, бир йил олдин Ромелу Лукакуни қўйиб юборган «МЮ» ушбу форвардга эҳтиёж сезмоқда. Британ клубига рақобатчи ҳам бор. А Сериянинг 26 ўйинида 27 гол урган футболчи айни вақтда Анчелотти бошқарувида бўлган «Эвертон»да пайдо бўлиши мумкин.

Жоржиньо, «Челси» — «Ювентус» / «Бавария» / «ПСЖ»

Фото: Getty Images

Жоржиньо Саррининг «севимли» футболчиси экани ҳақидаги гапларни рад этаётган маҳалда, италиялик мутахассис уни Италияга қайтаришга уринишларини давом эттирмоқда. У ўтган йил ёзида футболчини ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган, қишда ҳам ушбу трансферни амалга оширишга уриниб кўрганди.

Sport Mediaset нашри хабар беришича, туринликлар ушбу футболчи учун бразилиялик яримҳимоячи Дуглас Костани беришга тайёр. Бундан ташқари, футболчига «Бавария» ва «ПСЖ» ҳам даъвогар. Tuttosport Лондон клуби Жоржиньони 65-70 млн еврога баҳолаётгани ҳақида ёзган, нима бўлганда ҳам клуб уни 50 млн евродан камига қўйиб юбормайди.

Лука Йович, «Реал» — «Милан»
Лука Йович «Реал»да ҳақиқий даҳмазага айланди. Ўтган йил ёзида 60 миллион еврога харид қилинган форвард жуда кам гол ургани етмаганидек, ортиқча муаммоларни келтириб чиқарди. Июнь ойида ҳужумчи Сербияда карантин қоидаларини бузиб сафар қилди, мамлакат президентидан дакки эшитди, кейин девор ошиб ўтаётганида оёғини синдириб олди. Кўп ўтмай Йовични карантин қоидаларини менсимасдан дўстлари билан ҳордиқ олишга борди. Мадридликларни бу омадсиз футболчидан «Милан» қутқариши мумкин. Le Bombe di Vlad маълумотига кўра, сербиялик футболчи италияликлар клубига ўтишга рози бўлган – томонлар трансфернинг жиҳатларини келишиб олиши қолган.

Виктор Осимхен, «Лилль» — «МЮ»

Фото: Bryn Lennon/Getty Images

«Манчестер Юнайтед»га нигериялик бир ҳужумчи камлик қилмоқда. Daily Star маълумотига кўра, «МЮ» «Лилль» ҳужумчиси Виктор Осимхоннинг хизматларига жиддий қизиқиш билдирмоқда. «Қизил иблислар» хўжайинлари Одион Игало билан шартномани узайтирмоқчи эмас, шу туфайли ҳужум чизиғини кучайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Telefoot маълумотига кўра, ёзги трансферлар доирасида «Лилль» Осимхон бўйича сахий таклиф олади. Номи айтилмаётган клуб ёш нигериялик учун 85 млн евро тўлашга тайёрлиги айтилган.

Осимхон нимаси билан ажралиб туради? Виктор— классик марказий ҳужумчи. Жарима майдонидан ташқаридан кам гол уради, лекин жарима майдони ичида ўзини жуда яхши ҳис қилади. Тўпни рақиб дарвозасига орқа қилган ҳолда қабул қилиб, мураккаб вазиятда кескин бурилиб гол уради — классик ҳужумчиларга хос гол. «Лилль» 2019 йилда уни «Шарлеруа»дан 12 млн еврога трансфер қилганди.

Франция чемпионати коронавирус туфайли тўхтатилгунига қадар ушбу ёш футболчи феноменал ўйин кўрсатди. Осимхон лиганинг 2019/2020 йилги мавсуми кашфиёти бўлди - Виктор жами 38 ўйинда майдонга тушиб, 18 гол урди ҳамда 6 голга узатма берди.

Корентин Толиссо, «Бавария» — «Манчестер Юнайтед» / «Интер»
Жорий мавсумда Толиссо кўп жароҳат олди ва кучли рақобат туфайли «Бавария»нинг асосий таркибига кира олмади. Шу туфайли мюнхенликлар ҳозирда футболчи билан хайрлашишга қарши эмас. RMC Sport журналисти Муҳаммад Буҳафсийнинг маълум қилишича, «Бавария» француз яримҳимоячисини камида 35 млн еврога пулламоқчи. Унга асосий даъвогар «МЮ» бўлиб турибди — манкунианликлар Толиссонинг атрофидагилар билан музокараларни бошлаган. Аммо Корентин «Интер»га ўтиб кетиши ҳам мумкин.

Алекс Теллес, «Порту» — «ПСЖ»

Фото: Alex Grimm/Getty Images

«Порту»да кўп вақт қолиб кетган Теллес ниҳоят топ-клубга ўтадиган кўринади. Ушбу бразилиялик бир неча йиллардан буён Португалия Примейрасида чап қанот қироли бўлмоқда ва энди ўзини янада кучлироқ чемпионатда синаб кўришни истамоқда. A Bola нашри маълумотига кўра, Теллес «ПСЖ» билан келишувга эришган. Французлар клуби футболчи учун 25 млн евро бермоқчи. Аввалроқ «Порту» ўз етакчиларидан бирини олиб қолишга ҳаракат қилганди, аммо Алексни таклиф этилган маош миқдори қониқтирмаган – у йилига камида 6 млн евро маош олмоқчи.

Мавзуга оид