23:28 / 25.06.2020
4751

АҚШ Эронга нисбатан янги санкциялар киритди

АҚШ Эронга қарши санкциялар рўйхатига 8 та юридик шахсни киритди. Улар орасида Эроннинг бир неча компанияси, БАА, Германия ва Ҳонгконгдан юридик шахслар бор.

Фото: EPA/MATTHEW CAVANAUGH

Бу юридик шахслар пўлат, алюминий ва темир ишлаб чиқарувчи компаниялар ва уларнинг савдо агентлари сифатида фаолият юритувчи шўъба корхоналаридир.

“Эрон тузуми металл ишлаб чиқариш ва хорижий савдо агентлари фаолиятидан олинган даромадни бутун дунёда барқарорсизлантирувчи ҳаракатларни молиялаштириш учун қўллайди”, деб айтган АҚШ молия вазири Стивен Мнучин.

Ушбу компанияларнинг АҚШ ҳудудидаги барча мулки ва мулкий манфаатлари блокланади. АҚШ фуқароларига улар билан ҳар қандай операцияларни амалга ошириш тақиқланади. Шунингдек, ушбу компаниялар билан ишловчи хорижий компаниялар ҳам санкциялар остига тушиши мумкин.

2018 йил 5 ноябрда АҚШ Эронга қарши санкцияларни тўлиқ ҳажмда тиклай бошлаган. Бу санкциялар остига Эрон нефти, 700 тадан кўпроқ банк, компания ва жисмоний шахслар тушган. 

Top