09:58 / 27.06.2020
16689

«Йилига 1,65 млн квадрат маҳсулот ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз». 15 млн долларлик кафель экспорт қилмоқчи бўлган Намангандаги заводга саёҳат

Наманган ҳақида қонуният даражасидаги умумийликларга назар ташлаш фойдадан холи бўлмайди. Бу вилоятда яшовчи ҳар бир одамнинг тадбиркорликка, деҳқончиликка уқуви бордек тасаввур уйғонади ва бу тасаввурда жон борлигига бир неча марта амин бўлдик.

Деҳқончиликда, айниқса сўнгги йилларда шиддат билан ривожланаётган иссиқхона йўналишида деярли ҳар бир маҳаллада шуғулланишади. Вилоятнинг тўқимачилик соҳасидаги ютуқлари ҳам унга “текстиль пойтахти” деган ном бежиз қўлланмаётганини англатади. Энг муҳими – ҳар қандай лойиҳа, хоҳ у ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўлсин, хоҳ минглаб иссиқхоналар мажмуаси бўлсин, жуда катта масштабда бошланган ва уларни амалга ошиши ҳатто қийиндек туйилади. Лекин ҳар бирининг эгалари хотиржам, бемалол юрита олишларига кўзлари етади.

Давлат раҳбарининг Наманганга ташрифи доирасида бир гуруҳ журналистлар вилоятдаги қатор объектларга бордик ва ҳар бирига оид қизиқарли маълумотлар билан танишдик.

Art Soft ceramics holding компаниясига ташрифимиз чоғида бизга компания кузатув кенгаши раиси Олимжон Бобохонов ҳамроҳлик қилди. Президентга «Юксалиш» кичик саноат зонасидаги мана шу ҳолдинг таркибига кирувчи «Flat Tile» масъулияти чекланган жамиятнинг кафел-керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган.

– Керамик плиталар (кафеллар) ишлаб чиқаришни бошлашимизга сабаб бу маҳсулотга ички ва ташқи бозорда эҳтиёжнинг жуда юқорилиги билан боғлиқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистон бозоридаги 55 фоизгача керамика маҳсулотлари импорт қилинади.

Давлат раҳбари ҳам биринчи навбатда мана шу жиҳатга эътибор қаратди. Маҳсулотни тезроқ маҳаллийлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш билан бирга кун сайин ривожланаётган қурилиш соҳасига сифатли маҳсулот етказиб беришимиз зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, президентимиз ишчиларимизга яратилаётган шароитлар, иш ўринларини ошириш билан ҳам қизиқди.

Бу борада кўнглимиз тўқ, ишчиларимиз бемалол ишлашлари ва дам олишлари учун зарур шароитлар яратилган, иссиқ овқатларни вақтида берамиз. Асосан ёшлардан иборат ходимларимиз сафини ҳам кенгайтириб боряпмиз. Сабаби, узлуксиз жараён бўлган ишлаб чиқаришимиз суръати тушмаслигидан биринчи навбатда ўзимиз манфаатдормиз.

·        Қиймати 125 миллиард сўмга тенг лойиҳага ташаббускорлар жамғармасидан 73 миллиард сўм ва 52 миллиард сўм банк кредити сарфланади.

Аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш фоизини оширмоқчимиз

– Ривожланган давлатларда керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш аҳоли жон бошига йилига ўртача 5 квадрат метрдан тўғри келади. Ўзбекистонда эса керамика ишлаб чиқариш қуввати ўртача 0,7 квадрат метрга тенг. Биз бу кўрсаткични 1-2 квадрат метрга етказишни мақсад қилганмиз, лекин бу ҳам барибир юқори кўрсаткич эмас.

Шунинг учун ўз заводимизда замонавий технологиялар асосида керамика маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз. Заводимиз 1250 даража иссиқликда узлуксиз ишлайдиган, юқори қувватдаги етакчи технологияли ишлаб чиқариш объекти ҳисобланади. Завод ишларини кенгайтириш учун айни пайтда яна 126 иш ўрни яратиляпти.

Хом ашё асосан ўзимизники

– Заводимизда кунига 5 минг, ойига 150 минг, йилига 1 миллион 650 минг квадрат маҳсулот ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз. 

40-45 фоиз хомашёни Чуст тумани ҳудудидан келтирамиз. Кафель ишлаб чиқаришда, асосан, оқ ва қизил каолин, глазурь ишлатилади. Умумий ҳисобда деярли барча хомашё Ўзбекистоннинг ўзида мавжуд. Давлат раҳбари бу жиҳатга ҳам эътибор қаратиб шундай дедилар:

– Ўзбекистонимиздек фойдали қазилмага бой замин кам. Ўзимизда шундай юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ғоят кенг имкониятлар, табиий ресурслар бўла туриб, уларни импорт қилардик. Нега? Чунки замонавий геологик тадқиқотлар, экспедициялар қилмасдик, илм-фан орқали масалаларга ёндашмасдик. Энди хомашёдан тўғри, унумли фойдаланиш, ундан бугунги кун талабларига жавоб берадиган товарлар ишлаб чиқариш учун илмий асосланган ечимлар топиш вақти келди!

Бундан 3 йил олдин ишлаб чиқариш илк бор йўлга қўйилганда танлаб олинган ходимлар малака Хитойга малака ошириш учун юборилган. Жиҳозлар ҳам энг замонавий ва ишончли компания технологиялари асосида ўрнатилган.

Ҳозир заводимиз соҳада нафақат Наманганда, балки Ўзбекистонда ҳам етакчи ишлаб чиқариш тармоқларидан бири ҳисобланади.

Маҳсулотимиз таннархи арзон, сабаби...

Заводда 7 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулот 1 квадрат метрининг таннархи 2 доллардан ошмайди, бозордаги импорт кафеллар нархи эса 6 доллардан арзон эмас. Бизда нархнинг арзон бўлишига бир қанча сабаблар бор:

·        Хомашё ўзимизники, четдан деярли ҳеч нарса келтирилмайди;

·        Ишлаб чиқариш энг илғор технологияларга асосланган;

·        Технологиялар энергиятежамкор.

Буларнинг ҳаммаси бизга арзон ва сифатли маҳсулот чиқаришга ва нафақат ички, балки ташқи бозорни ҳам эгаллашга ёрдам беради. Ҳозир ишлаб чиқариладиган керамика маҳсулотларининг 60 фоизгачаси экспортга йўналтирилиши режалаштирган. Экспортнинг дастлабки манзиллари сифатида эса МДҲ давлатлари ва БААни танладик, – дея ўз фаолияти ҳақида сўзлаб берди Олимжон Бобохонов.

Олимжон билан суҳбат жараёнида завод ҳудудида жуда катта бўш ҳудуд текислаб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Бунинг сабаби ҳақида сўраганимизда, у “сиз кўриб турган заводимиз умумий режамизнинг бир қисми холос, бу майдонда биз келгуси йилда янада каттароқ қувватдаги ишлаб чиқариш линияси қурилишини бошлаймиз. Ўшанда ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, ишчи ўринлар сони ҳам каррасига ошади”, – дея жавоб берди.

·        Йилига 35 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратиладиган лойиҳа босқичма-босқич 2021 йилнинг II чорагида ишга туширилади ва 410 та иш ўрни яратилади, шунингдек, йилига 15,3 миллион долларга тенг экспорт қилиш кўзда тутилган.

Заводнинг тайёр маҳсулотлар стендига кўз югуртирдик. Чиндан ҳам тайёр кафеллар бу маҳсулот бозорини эгаллаган Хитой ва Эрон кафелларида қолишмайди, безаклари ҳам нафис, силлиқлиги ва пишиқлиги ҳам яхши, энг муҳими ҳамёнбоп. Демак давлат раҳбари ташрифида ишга тушган бу йирик завод маҳсулотлари бозорда ўз ўрнини топа олади.

Аброр Зоҳидов

Top