Жамият | 16:48 / 04.07.2020
8167
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда «Селхоз»га киритиб қўяман деб 5 минг доллар олган шахс ушланди

Самарқандда олий ўқув юртига киритиб қўйиш учун пул олаётган яна бир шахс вилоят ИИБ ҳамда ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари олиб борган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берган.

Иллюстратив фото

2020 йил 1 июль куни Самарқанд вилоят ИИБга 1995 йил туғилган Б.Б. ариза билан мурожаат қилиб, ўзини Ветеринария институти ўқитувчиси деб таништирган Ж. исмли шахс Самарқанд Ветеринария институтига танишлари орқали ўқишга киритиш эвазига 5 минг АҚШ доллари микдорида пул сўраганини айтиб, Ж. исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўришини сўраган.

Мазкур аризага асосан, 2020 йил 2 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда 1983 йил Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган Х.Ж. ариза муаллифидан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ариза муаллифи Б.Б. қўлга олинган шахсдан уни ўқишга киритишни сўрагани ёки Ж.нинг ўзи унга ўқишга киритишни таклиф қилганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, олдинроқ СамДУ ва СамДҚИга ўқишга киритиб қўйиш учун пул олган шахслар ушланганди .

Мавзуга оид