Жаҳон | 08:53 / 05.07.2020
9082
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ устидан Халқаро судга арз қилди

Теҳрон коронавирус пандемияси вақтида АҚШ санкцияларининг Эронга таъсири юзасидан Халқаро судга арз қилди. Бу ҳақда Эрон президенти ўринбосари Лай Жунайдийга таяниб Mehr ахборот агентлиги хабар берди

Эрон ўз арзномасида ушбу санкциялар пандемия вақтида мамлакатга қандай таъсир қилганини тафтиш қилишни сўраган.

“Инсон ҳуқуқларига зид ва бешафқат санкцияларни ҳисобга олиб, президентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари таклифига кўра санкцияларнинг коронавирус тарқалишига таъсири юзасидан Халқаро судга янги арзнома топширилди”, дейилган хабарда.

АҚШ Эрон билан ядро келишувдан чиққандан кейин Теҳронга қарши санкцияларни тиклаган. АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама президентлиги вақтида 2015 йилда имзоланган келишув Эрон ўз ядро дастурини чеклаши эвазига унга қарши киритилган кўплаб санкцияларнинг бекор қилинишини кўзда тутган. Бироқ АҚШда ҳокимият тепасига Дональд Трамп келгач, Вашингтон 2018 йил майида Теҳронни келишувга риоя қилмасликда айблаб, ундан чиқиб кетган.

Эрон ўз навбатида АҚШни “иқтисодий террорчиликда” ҳамда коронавирусга қарши курашда зарур бўлган тиббий қурилмалар ва дори-дармонни олишга тўсқинлик қилаётганликда айбламоқда.

Мавзуга оид