Ўзбекистон | 15:08 / 08.07.2020
26040
3 дақиқада ўқилади

«Койкалар тўлган» – ССВ вакили тўлиқ карантинга қайтиш зарурати ҳақида гапирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов маълум қилишича, симптомсиз касалланганларга уйда ва меҳмонхоналарда даволаш тартиби ўрнатилган бўлишига қарамай, бугунги кунда шифохоналарда койка ўринлари тўлган. 

АОКАда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг ахбороти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. 

«Республика махсус комиссияси қарорига кўра карантин чоралари яна кучайтирилмоқда. Бу қарорни халққа тўғри тушунтириб беришимиз керак.

15 мартда биринчи касал аниқланди ва 16 мартдан кескин карантин чоралари эълон қилинганди. Ўшанда халқаро тажриба изчил ўрганилиб, керакли миқдорда койка ўринлари тайёрланганди. Карантинда сақлаш учун жойлар тайёрланди. Аввалига санаторийларда сақланган бўлса, кейинроқ карантин шаҳарчалари қурдик. 

Биз барча шифокорларимизни мутахассислигидан қатъи назар, уларни коронавирус билан ишлашга ўргатдик ва курашга жалб қилдик. Ҳозирда бу ишлар бутун дунёдаги ҳамкасбларимиз томонидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилиб, ибратга сазовор деб топилди. 

Лекин касалликнинг иккиланиш даврига қараб карантин чораларини енгиллаштира бошладик. Лекин юмшатишни ҳамма ҳам тўғри тушунгани йўқ. 

Ўзбекистон хориждагиларни қайтаришни тўхтатмади. Лекин касалланганлар сони кунма-кун кўпаймоқда.

Бугунги келиб, вазирлик тизимидаги ресурслар поёнига етди десак муболаға бўлмайди. Койка ўринлари тўлган, барча шифокорлар жалб этилган, биласизлар шифокорлар 14 кун ишлайди, кейин карантинга кетади. Шифокорлар сони қолмади, койка ўринлари сони ҳам қолмади.

Шунинг учун бу бўйича таклиф киритдик, махсус комиссия таклифни қабул қилди. Касаллик симптомпсиз, аломатларсиз кечаётган беморларга уйда даволанишга рухсат бердик. Карантинни уйда ёки меҳмонхоналарда ўтказишга ҳам рухсат берилганига қарамай, стационарлардаги жойларимиз, койкалар тугаган. 

Буни халққа тўғри тушунтира олишимиз керак. Барча шифохоналарни коронавирус беморларига мослаштирганимиздан кейин, бошқа сурункали касаллиги бор беморлар даволана олмаяпти. Бундай беморларнинг қанчаси даволана олмагани, қанчаси вафот этаётгани ҳақидаги статискамиз йўқ. Бу ҳақиқат. Бунга кўз юмишимиз мумкин эмас.

Шунинг учун, қатъий чораларни ҳозир киритмасак, аҳвол яна ёмонлашади. Бугун кунига 300дан ошиқ чиқмоқда, жами ҳолатлар сони 11 мингга яқинлашди. Шу боис Республика махсус комиссия қарори билан карантин талаблари қайтадан қатъийлаштирилди», деган у.

  • Маълумот учун, 8 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 10 838тага етган. Шу вақтгача беморларнинг 6811 нафари касалликдан тузалиб чиққан, 41 киши вафот этган, айни вақтда шифохоналарда 3986 бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид