Жаҳон | 22:38 / 13.07.2020
3421
2 дақиқада ўқилади

Талабалар визалари сабабли АҚШ штатлари Трамп маъмуриятини судга берди

Аввалроқ Ҳарвард университети ва Массачусетс технология институти ҳам ҳукуматни худди шу масала бўйича судга берганди.

АҚШнинг 17 штати ва Колумбия пойтахт округи талабалар визалари бўйича чеклов чораларини бекор қилишни талаб қилиб президент Дональд Трамп маъмуриятини судга берди.

Аввалроқ президент маъмурияти хорижлик талабалар АҚШда кундузги шаклда ўқиши ёки мамлакатни тарк этишини талаб қилганди. Аксарият университетлар коронавирус пандемияси сабабли яқин келажакда кундузги таълим шаклига қўйилган чекловларни сақлаб қолишни кўзда тутмоқда.

Штатларнинг даъвосида федерал ҳукуматнинг бу ҳаракати "шафқатсиз, кутилмаган ва ноқонуний" деб баҳоланган. Даъво аризасида айтилишича, маъмуриятнинг бу чораси талабаларнинг ўқишдан четлатилишига ёки эпидемия авжига чиққан паллада хавфли тарзда кундузги таълимнинг йўлга қўйилишига олиб келади.

Суддан ушбу фармоннинг кучга киришини кечиктириш, сўнгра эса уни бутунлай бекор қилиш ва амалга ошишини тақиқлаш талаб қилинмоқда.

"Трамп маъмурияти факультетларни халқаро талабаларни сақлаб қолиш ҳамда ўз кампусларида соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлашдан бирини танлашга мажбур қилувчи бу шафқатсиз чорани асослаб беришга ҳам ҳаракат қилмади", - дейилади Массачусетс штати бош прокурори Мора Хилининг штатлар номидан берган баёнотида.

Оммавий даъвода қатнашмаган Калифорния штати ҳамда Ҳарвард университети ва Массачусетс технология институти ҳам ана шундай даъво билан судга мурожаат қилган. Бу масала бўйича дастлабки танлов шу ҳафтада Бостонда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид