«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги, Қирғизистон транспорт ва йўл вазирлиги, шунингдек, Хитойнинг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитаси чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти ўртасида «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги хабарига кўра, 15 июль куни видеоконференция кўринишида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин иштирок этди.
Мулоқотда томонлар «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чораларни, жумладан, ушбу лойиҳа юзасидан томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутларини ва темир йўл кенглиги масалаларини муҳокама қилишди.
Онлайн мулоқотда Элёр Ғаниев пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётганини яна бир бор таъкидлади.
«Пандемия сабаб карантин чораларинниг кучайтирилиши давлатлар иқтисодиётига, шу жумладан биринчи галда транспорт соҳасига жиддий таъсир этмоқда. Пандемия туфайли дунё давлатларида юзага келган оғир вазиятга қарамасдан бугунги кунда фақатгина темир йўл транспорти деярли ҳеч қандай чекловларсиз фаолият кўрсатмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзиёқ «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳасини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда. Ушбу темир йўл «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида энг муҳим транспорт коридорига айланиши мумкин», деди Э.Ғаниев.
Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов темир йўл қурилиши юзасидан тақдим этилган учта маршрут бўйича SWOT – таҳлиллари ўтказилганини таъкидлаб, юк оқимини шакллантириш, ташувлар самарадорлиги ҳамда темир йўл линияси ўтувчи Қирғизистон минтақаларининг келажакдаги ривожланиши нуқтаи назаридан энг мақбул йўналиш «Торуғарт – Арпа – Қўш-Добо – Мақмал – Жалол-Обод» эканлигини айтиб ўтди.
Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин молиявий нуқтаи назардан Қирғизистон томони таклиф этаётган йўналиш бўйлаб қурилишнинг амалга оширилиши яхши вариант эканлигини, бироқ темир йўл кенгли ва йўналиш маршрути бўйича экспертлар ягона тўхтамга келмагани боис бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда томонлар темир йўл қурилиши бўйича энг мақбул йўналиш маршрутини танлаш, шу билан бирга молиявий-иқтисодий масалаларни кўриб чиқиш, келажакда темир йўлни эксплуатация қилиш юзасидан лойиҳанинг инвестиция моделини ва қурилишнинг техник-иқтисодий жиҳатларини ўрганиш бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олишди, дейилади Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги хабарида.
Мавзуга оид
21:05 / 30.09.2024
Юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш хизмати тарифлари эркинлаштирилади
18:48 / 28.09.2024
Хитойдан Қирғизистон орқали ўтадиган темир йўлнинг Ўзбекистондаги қисми қачон қурилиши маълум бўлди
19:06 / 23.08.2024
Тошкент ва Москва ўртасида темирйўл қатновлари тикланади
18:47 / 05.08.2024