Ўзбекистон | 15:09 / 22.07.2020
101064
6 дақиқада ўқилади

Вазият жиддий, стереотипларни синдириш вақти келди

Пандемия билан курашиш қандай кечаётганидан ҳар биримиз озми-кўпми хабардормиз. Борган сари тезкор чоралар амалга ошириш зарурати сезилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Фикримизча, айни пайтда қуйидаги тавсияларни амалга ошириш фойдадан холи бўлмайди.

1. Шифокорлар

Касаллик билан курашаётган шифокорлар беморларга бирор дорини тавсия қилаётганларида албатта бу дори топилмаса, қандай аналогларини қабул қилиш кераклигини билдириб кетишлари мақсадга мувофиқ.

«Шифокор қонни суюлтирадиган бир дори ёзиб берганди. Шаҳарнинг ҳамма бурчагига бориб келдик – йўқ, тугаган! Бошқасини қабул қилса бўладими, деб сўрамоқчи бўлсак, энди алоқа йўқ. Уларни ҳам тушуниш керак, тун-у кун ишлашяпти», – дейилади бир мурожаатда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, хорижий препаратларнинг аналоглари кенгроқ тушунтирилиши керак, токи беморнинг яқинлари бир дорини излаб вақт йўқотмасинлар. Танқислик вақтида бу жуда муҳим.

2. Кислород берувчи мосламалар

Яна бир мурожаат: «Ота-онам, аммаларим шу касалликка чалиниб қолишди. Ёшлари катта, хавотирланамиз албатта. Кислород бериш зарурати туғилди, оксигенераторлар сотувда йўқ, буюрта бир неча кун, балки ойдан кейин етиб келади. Қўлбола кислород баллонларидан ясалган мосламаларнинг кўплаб қисмларини ҳам излаб топа олмадик. Усталар ўзларича ясашяпти, лекин толомон бўлиб кетяпти».

Бир қарашда уй шароитида қўлбола мосламалардан, айниқса кислород каби ёнувчан газлардан фойдаланиш хавфли. Лекин яқин инсонининг жони оғриб турган одам кўзига бу хавф кўринмайди, нима қилиб бўлса ҳам ёрдам бериш пайига тушади.

Аввало, фаолияти темирчиликка яқин цехларга катта миқдорда кислород баллонлари ва таркибий қисмлар бўйича буюртма бериш керак. Талаб катта, жуда мураккаб маҳсулот эмас, кўплаб иш ўринлари дегани яна. Бу ўринда давлат фақат мувофиқлаштирувчи бўлади холос, харажат талаб қилинмайди. Аҳоли ўз пулига сотиб олишга тайёр. Пандемия кечишига кўра, ҳали бу маҳсулотга талаб сусаймайди.

Шунингдек, кимёгар ва физиклар, умуман соҳа билимдонлари бу мосламалардан уй шароитида қандай фойдаланиш бўйича ОАВ орқали кенг қамровли тушунтиришлар беришлари лозим. Албатта, бу мосламалар қандайдир стандартларга мос эмасдир, фойдаланиш хавфлидир. Лекин вазиятга реал қараш керак – жуда кўпчилик бу мосламалардан фойдаланяпти ва уларнинг бошқа иложи йўқ.

3. ССВ статистикасидаги ўлимлар сони бўйича шубҳалар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этаётган кундалик ва тезкор статистикага нисбатан ишонч кун сайин сўниб бормоқда. Бу ерда ҳар икки томон ўзича ҳақ – ССВ аниқ ҳужжатлар асосида иш кўради, беморда айнан коронавирусни қайд этувчи тест натижалари бўлсагина рўйхатга киритади. Ўлим сонлари ошаётганини кузатиб турган аҳоли эса ўзи эшитган ҳодисаларга кўпроқ ишонади.

Шу ўринда бир мулоҳаза – ССВ расман коронавирусга чалингани қайд этилмаган, тест олинмаган, тест жавоби чиқмаган, аммо яққол белгиларига кўра COVID-19 экани маълум бўлган марҳумларни ҳам алоҳида эълон қилиши керак. Масалан, айни пайтда пневмония ҳисоби юритилмаяпти, бу оғир касалликдан – шу жумладан коронавирус асорати бўлган, аммо расман тасдиқланмаган пневмониядан ўлганлар сони бўйича аниқ маълумот йўқ.

Шундай экан, коронавирусга чалиниб вафот этганлар маълумотидан сўнг бу касаллик тасдиқланмай вафот этганлар сонини ҳам кўрсатиб кетиш фойдадан холи бўлмайди. Бу чора ваҳимали ҳамда асоссиз ахборотлар тарқалишининг олдини олади.

4. Гўрковлар

Ғалати ва совуқ туйилмасин, бу соҳа вакилларига ҳам талаб кучайяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилаётган ўлим кўрсаткичлари билан COVID-19 тасдиқланмаган, лекин катта эҳтимол билан шу касалликдан нобуд бўлаётганлар сони анча юқорилиги аниқ.

Ҳозирги вазиятда ана шундай беморлар вафот этса, шифохоналарнинг катта-кичик ходимлари норасмий равишда уларни дафн қилишга (яъни майитни ўраш, олиб бориш, қабристонга олиб кириш...) жалб қилиняпти. Бу амалиётга чек қўйиш керак. Вақтинча бўлса-да, ҳеч бўлмаса Тошкент ва йирик шаҳарларда махсус гўрковлар гуруҳлари ташкил қилиш ҳамда улар учун қўлланма яратиш керак.

Албатта, ишлайдиганларни топиш муаммо бўлиши мумкин. Лекин яхши ҳақ тўланса, албатта, ишчи топилади. Қолаверса, савобталаб ва кўнгиллиларни ҳам унутмаслик керак.

Бемор вафот этса, ўша гуруҳ дарҳол етиб боради ва ўзлари тегишли тартибда ўраб, олиб чиқиб кетишади ҳамда дафн этишади. Токи бошқалар аралашмасин, айниқса тиббиёт ходимлари қимматли вақтларини йўқотмасинлар.

5. Етакчи шифокорлар кўриги

Мавжуд вазиятда интервьюлар уюштириш учун таниқли профессор билан боғланганимизда: «Карантин бошланганидан буён уйдан чиққаним йўқ», дея рад қилди. Бир доцент эса: «Аввал раҳбариятимиздан рухсат олинглар», деди. Рухсат олганимиздан кейин: «Энди хат билан чиқинглар, раҳбарият кўриб виза қўйиб берсин, кейин ўрганиб чиқамиз», деб силлиққина чиқиб кетди.

Қайси даврда, қандай вазиятда яшаяпмиз, ўртоқлар?!

Ҳозир ҳамма жон-жаҳди билан курашадиган пайт эмасми? Айнан ана шундай номдор илм арбоблари ҳозир биринчи сафда бўлишлари шарт! Чунки профессорнинг палаталар оралаб, беморларни кўриши, керакли тавсияларни бериши катта руҳий далда бериши аллақачон исботини топган.

Албатта, йирик клиникаларда бу амалиёт мавжуд. Аммо етакчи олимларни энг қуйи шифохоналаргача жўнатиш, тезкор тавсиялар беришни йўлга қўйишни кенгайтириш зарур.

Бугун эски, бефойда ва тўсиқ бўлаётган қоидаларни унутадиган кунлар келган!

Аброр Зоҳидов.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мавзуга оид