Жаҳон | 13:52 / 28.07.2020
56710
4 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб арманлар ва озарлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда

Сўнгги кунларда дунёнинг кўплаб мамлакатларида арманлар ва озарлар ўртасида ўзаро тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда. Уларнинг баъзиларида озарлар, баъзиларида арманлар ҳужум қилган.

Лондондаги акциялар / N.ABBASZADA

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги чегарада ҳар икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар 12 июлда бошланган эди. Ўшандан бери ҳануз вазият тинчигани йўқ. Камига икки қўшни миллат вакиллари дунёнинг турли мамлакатларида ва шаҳарларида ўзаро тўқнашувлар содир этмоқда.

Россия, Украина, Европа мамлакатлари ва АҚШда арман ҳамда озар диаспоралари вакиллари ўртасида кўплаб оммавий муштлашувлар бўлиб ўтгани қайд этилди. Улар ўртасида ҳатто отишма бўлиб ўтган, икки томондан машиналарга, офисларга ўт қўйиш ҳолатлари содир этилган.

24 июль куни кечқурун Москвада арманлар ва озарбойжонликлар ўртасида жиддий тўқнашувлар бўлиб ўтган. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Москванинг Марьино туманида озарбойжонлар Арманистон давлат рақамларида бўлган машиналарни тўхтатиб, машинада бўлган одамларни дўппослаган.

Арманлар эса озарбойжонликларга тегишли бўлган «1001 кеча» ресторанига ҳужум қилишган. Бу ҳақда Москвадаги озарлар диаспораси вакиллари хабар берган.

Шунингдек, «Братиславская» метро бекати яқинида ҳам икки миллат вакиллари иштирокида оммавий муштлашувлар бўлиб ўтган.

Санкт-Петербургда оммавий тўқнашувларнинг олдини олиш учун шаҳар полицияси 60дан ортиқ озар ва арманларни вақтинчалик ҳибсга олган.

25 июлга ўтар кечаси Киевда Озарбойжондан келган икки талаба ўққа тутилган. «Страна» нашрининг хабар беришича, тўрт нафар озарбойжонлик ва бир гуруҳ арманлар ўртасида аввал даҳанаки тортишув бўлган. Кейин эса жанжал муштлашувга айланган. Шундан сўнг арманлардан бири ўқотар қуролдан ўқ узиб қочиб кетган.

Бир кун олдин Киевдаги арман диаспораси арманларга тегишли иккита ресторан – «Нуҳ кемаси» ва «Севан»га номаълум шахслар ўт қўйишга уринганини хабар қилган эди. Ресторанларга «Молотов коктейли» улоқтирилган. Ресторандагилар жиддий ёнғиннинг олдини олишган.

Икки диаспора вакиллари ўртасидаги қарама-қаршилик АҚШда ҳам кузатилган. Озарбойжон телевидениеси хабарига кўра, Лос-Анжелесда озарлар Ереван юритаётган сиёсатга қарши намойиш ўтказаётганда арманлар уларга тажовуз қилган. Натижада ўзаро муштлашув бошланган ва ҳар икки тарафдан одамлар жароҳат олган. Шундан сўнг Озарбойжон президенти Илҳом Алиев АҚШда истиқомат қилаётган озарбойжонликларни эҳтиёт бўлишга чақирган.

Сан-Францискода номаълум шахслар арман мактаби биноси деворларига ва йўлакларига озар тилида турли таҳдидли ёзувлар ҳамда Озарбойжон байроғини чизиб кетишган.

Арманистоннинг Германиядаги элчиси Ашот Смбатяннинг сўзларига кўра, бу мамлакатда озарбойжонлар томонидан арманларга қарши куч ишлатиш, элчихонага ҳужум қилиш, арманларнинг мулкларини вайрон қилишга уриниш ҳолатлари қайд этилган.

«Ҳатто Арманистон элчихонасининг расмий машинаси ёқиб юборилди», деб ёзган у фейсбукдаги саҳифасида.

Лондондаги акциялар / N.ABBASZADA

Аввалроқ, озарлар ва арманларнинг Лондондаги тўқнашуви видеотасвирлари ҳам пайдо бўлган эди.

Мавзуга оид