Жаҳон | 20:15 / 28.07.2020
3589
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон туризмининг коронавирус пандемиясидан кўрадиган зарари ҳисоблаб чиқилди

Жаҳон туризм тармоғи 2020 йилда коронавирус пандемиясидан 320 млрд доллар зарар кўриши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) хабар қилди. 

Ташкилотда маълум қилинишича, 2020 йил май ойида бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони 2019 йилнинг шу ойига нисбатан 98 фоизга камайиб кетган. 2020 йилнинг дастлабки 5 ойи бўйича эса бу кўрсаткич 56 фоизга тушиб кетган ва бу жаҳон туризмининг 320 млрд доллар йўқотишига олиб келган. Таъкидланишича, ушбу қиймат 2009 йилдаги иқтисодий инқироз вақтида кўрилган зарардан 3 мартадан кўпроқни ташкил қилади.         

“Ушбу охирги маълумотлар туризм учун хавфсиз вазият юзага келиши билан уни тиклашнинг муҳимлигини яққол кўрсатмоқда. Халқаро туризм даражасининг кескин пасайиши миллионлаб одамларнинг яшаш учун воситалардан маҳрум бўлиши билан хавф солади”, деб таъкидлаб ўтилган Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили хабарида.    

Маълум қилинишича, айни вақтда халқаро сайёҳлик сафарларининг секин-аста тикланиши аломатлари кузатилмоқда. Бу ҳолат 1 июлдан Европа иттифоқи шенген ҳудуди чегаралари очилгандан кейин сайёранинг шимолий яримшарида яққол сезилмоқда. Шу билан бирга ташкилотда туризм тармоғининг 2021 йил иккинчи ярмига келибгина тўлиқ тикланиши кутилмоқда.   

UNWTO мутахассислари халқаро туризмнинг тикланишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор омилларни кўрсатиб ўтишган. Бу омиллар орасида кўплаб давлатларда сафарларга чекловлар жорий қилингани, чегаралар ёпилгани, сафарларда коронавирусга чалиниш мумкинлиги, пандемиянинг эҳтимолий иккинчи тўлқини ва чегараларнинг қайтадан ёпилиши кабилар бор. Шунингдек, аҳолининг коронавирус бўйича ишончли маълумот йўқлигидан хавотирланиши ва умумий иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви ҳам сафарлар амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид