Ўзбекистон | 08:29 / 29.07.2020
2625
4 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари жараёни такомиллаштирилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнлари ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнларини ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2021 йил 1 январдан:

қурилиш соҳасидаги давлат харидлари доирасида харид тартиб-таомиллари, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг харид тартиб-таомилларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини баҳолашда уларнинг электрон рейтинги маълумотларидан фойдаланиш ва бошқа электрон тизимлар билан интеграциялаш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, электрон шаклда онлайн режимида амалга оширилади;

қурилиш соҳасидаги, жумладан, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари бўйича харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил қилиш ва ўтказиш, шунингдек, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда харид ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни ва “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ электрон шаклда амалга оширилиши таъминланади;

бюджет буюртмачиларнинг танлов орқали амалга оширадиган давлат харидлари тўлиқ электрон шаклга ўтказиш чоралари кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2021 йил 1 январга қадар давлат харидлари соҳасидаги махсус ахборот портали операторлари билан биргаликда махсус ахборот порталида қурилиш соҳасида давлат харидларини электрон шаклда ўтказишни назарда тутувчи алоҳида саҳифа яратиш;

тўрт ой муддатда давлат харидлари бўйича барча маълумотларни жамловчи ва ташқи ахборот тизимлар билан ўзаро электрон ҳамкорликни таъминловчи Давлат харидлари марказий ахборот портали дастурий мажмуасини (Марказий ахборот портали) яратиш ва уни кузатувини таъминлаш чораларини кўради.

Белгилаб қўйилишича, назарда тутилган Марказий ахборот порталини ишлаб чиқиш ва уни кузатувини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат харидлари соҳасидаги маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида Марказий ахборот портали билан электрон ҳамкорликни амалга ошириш чораларини кўради.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

агар давлат харидлари бўйича режа-жадвал уч ой олдин махсус ахборот порталига жойлаштирилмаган бўлса, бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали давлат харидларини амалга оширишда товарларни етказиб бериш муддати етти кундан кам бўлмаслиги керак;

агар харид қилиш тартиб-таомилларини электрон дўкон ёки бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан таклиф қилинган нарх давлат буюртмачиси томонидан танланган нархдан ёки бошланғич нархдан 15 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси офертанинг ёки эълоннинг нархи ва таклиф этилган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт, бироқ бунда агар офертанинг ёки эълоннинг нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг бараваридан ошмайдиган ҳолларда қўшимча закалат суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ошмаслиги керак;

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат харидлари ижрочисининг таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимлари ўртасидаги ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид