13:36 / 30.07.2020
29564

Анвар Алимов: «Карантин муддатини узайтириш жуда масъулиятли қарор эди»

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Анвар Алимов билан карантин узайтирилиши сабаблари, дори воситалари бўйича баҳслар, вируснинг ички аъзоларга таъсири ҳақида суҳбатлашдик.

– Анвар Валиевич, давлат раҳбари махсус комиссия ва мутахассислар таклифига кўра карантин чекловлари муддатини узайтириш таклифини маъқуллади. Шу чекловларни узайтирмаслик тарафдори бўлган мутахассислар ҳам бор эдими ёки таклиф бир овоздан киритилдими?

– Карантин чекловларини узайтиришга қарши чиққан фақат бир кишини биламан холос. Соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг барчаси шу таклифни беришди. Чунки бир нарсани тушуниб олишимиз шарт – карантин коронавируснинг икки инкубацион даврига баробар муддатда, яъни 14 кундан 28 кунгача яхши самара беради. Бу занжирни узишга, тарқалиш кескин ўсишини тўхтатишга имкон яратади.

Аслида бу таклифни қабул қилиш, яъни карантин муддатини узайтириш президент ва ҳукумат учун ўта масъулиятли қарор эди. Ҳатто буни ўзига хос қаҳрамонлик деб ҳам аташ мумкин. Сабаби, буёқда халқнинг кайфиятини ҳисобга олиш керак, иқтисодий муаммолар бўй кўрсатиб қолади, умумий таранглик пайдо бўлади. Лекин унутмаслик керак, бугун агар керакли чораларни кўрмасак, касаллик геометрик прогрессияда кўпайиб кетиши мумкин. Агар шундай тарқалиш юз берса, соғлиқни сақлаш тизимига тизимига катта юклама тушиб, койкалар, реанимация ўринлари етишмаслиги натижасида инқироз ҳолати юзага келади.

Кўп танқид қилишларига қарамай, бизда ўлим кўрсаткичлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига нисбатан анча паст.

– Узайтирилаётган карантин муддатлари кўзланган натижани беряптими? Бу оралиқда касалликни жиловлаш учун қандай чора-тадбирлар амалга ошириляпти?

– Албатта самара беряпти. Касаллик кўпайяпти, аммо бир маромда. Биз бу карантин даврида кўплаб ишларни битириб оляпмиз. Жумладан:

1. Тез тиббий ёрдам машиналари, бригадалар сонини оширдик, чунки бу тизимга юклама камида икки баробар ортди.

2. Оилавий поликлиникалар 24 соат ишлашини йўлга қўйяпмиз. Колл-марказлар фаолиятини кенгайтиряпмиз.

3. Уйда даволаш тизими йўлга қўйилди. Бемор аҳволи оғирлашса, мобил бригадаларда врачлар гуруҳи зарур тавсияларни беради.

4. Асосий дори воситалари, шахсий ҳимоя воситаларининг 3 ойлик захирасини шакллантирдик. Энг керакли дори воситалари дорихоналарда бўлишини таъминлаш учун дорихоналарга иқтисодий ёрдам ҳам берилмоқда. Токи улар керакли миқдорда айланма маблағга эга бўлсинлар.

5. Ҳар бир туман шаҳар вилоят кесимида қўшимча провизор шифохоналари койкалар сони оширилди.

Бир рақамга эътиборингизни қаратсам – бу касаллик кириб келиб тарқалгунга қадар ССВ тизимида 112 минг койка бор эди. Бундан ташқари хусусий тиббиёт 22 минг ўринга эга эди.

Дастлаб биз шу койкалар ҳисобидан, яъни кўп тармоқли вилоят шифохоналари, болалар шифохоналари, эндокринология марказлари каби масканлар ҳисобига 10-12 минг ўрин тайёрлагандик. Энди эса бутунлай алоҳида провизор шифохоналар, саралаш ҳудудлари ташкил қилинди.

Пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»га ўхшаган жойлар бунга яхши мисол бўла олади. Ҳар бир вилоятда аҳоли сонига кўра 2-3 минг, Тошкент шаҳрида 5-6 минг ўрин тайёрлаб олинди. Биринчи навбатда уй шароитида оғирлашганлар, 65 ёшдан ошганлар, онкологик, гипертоник, эндокрин хасталиклар, ўпкасида сурункали касалликлар бўлганлар тўғридан тўғри провизор зоналарга олиб келинади.

Бунинг учун энди коронавирус тасдиқланиши, тест ижобий чиқиши ҳам шарт эмас. Агар тест ижобий чиққан бўлса, юқумли касалликлар ёки махсус шифохоналарга, агар тест ҳали олинмаган, лекин белгилар ўхшаш бўлса, ана шу марказларга олиб келиниб, дарҳол даволаниш бошланади. Бу чоралар ўз натижасини беради албатта.

Шу билан бирга, бу вақт давомида биз ПЗР аппаратлари, кислород берувчи мосламалар, рақамли рентген ускуналари, тестлар ва умуман барча зарур воситаларни ғамлаб олдик.

– Ҳозирги кунда ўртача 500та янги ҳолат қайд этилмоқда. Шу кўрсаткич, айтайлик, 200тага тушса, бу чекловларни бекор қилишга асос бўла оладими?

– Аслида 200-300 рақамлар катта роль ўйнамайди. Бир кунлик касалланишлар сони 10 мингтага ҳам чиқиши мумкин. Ҳаммаси бизнинг тайёргарлигимизга, даволаш имкониятларимизга боғлиқ. Қабул қобилиятимиз 10 баробар ортиши билан, табиийки 5 мингта ҳолат аниқланса ҳам қабул қила оламиз. Барча ҳаракат ана шундай сценарийнинг олдини олиш ва ҳар эҳтимолга қарши тайёргарлик кўришда бўляпти.

– Анвар ака, сизнинг асосий фаолиятингиз эндокринология билан боғлиқ. Коронавируснинг эндокрин тизимга таъсири ўрганила бошландими?

– Бу масала бутун дунёда ўрганиляпти ва ҳар куни биз ўзимиздаги ҳолатларни ҳам, хориж тажрибасини ҳам мунтазам таҳлил қилиб боряпмиз. COVID-19 касаллигини кимлар оғир ўтказиши маълум. Булар – ёши катталар, ортиқча вазн эгалари, сурункали ўпка касалликлари, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, онкологик касалликлар чалинганлар. Асосан шу тоифаларга эҳтиёт бўлиш зарур.

COVID-19 касаллигининг қандли диабет билан қўшилиб келиши оғир кечади. Қандли диабетлар ўзи касаллик чақиришга мойил, одатда ортиқча вазнли, гипертоник, юрак-қон томир тизими суст беморлар бўлади. Буларга дорилар жуда танлаб ишлатилиши лозим. Бу борада махсус қўлланма ишлаб чиқилган, ҳар куни республика бўйича оғир беморларни онлайн консультация қиламиз.

– Дорилар масаласида баҳслар жуда кўпайиб кетяпти. Наҳот бир фикрга келиш шунча қийин бўлса?

– Аслида бу касалликни самарали даволайдиган, вирусга тўғридан тўғри таъсир қиладиган дори йўқ. Билвосита таъсир қилувчилар бор. Бу вазиятни дориларни шартли равишда қуйидаги гуруҳларга бўлса бўлади: вирусга муайян таъсир қилувчи, иммунитетга оширувчи, асоратларга қарши курашувчи гуруҳлар. Шунга кўра клиник протоколлар тузилади.

Баҳсларга келсак, улар бўлиши табиий ва уларнинг бўлгани яхши. Сабаби, юқорида айтганимдай бу вирусни тўла-тўкис даволаб юборувчи дори бўйича ҳали аниқ тўхтамга келинмаган. Ана шу баҳслар бу борада жиддий тадқиқотлар кетаётганидан дарак беради.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top