Жаҳон | 20:08 / 04.08.2020
9601
5 дақиқада ўқилади

Коронавирусни 90 дақиқада аниқлайдиган тест. У Британияда қандай ишлатилади?

Буюк Британия касалхоналарида кейинги ҳафтадан бошлаб коронавирусга мутлақо янги усул асосида таҳлил олишни бошлайди. Британия ҳукумати умид қилишича, бу соғлиқни сақлаш тизимига қиш фаслида тушадиган юкламани енгиллаштиради. Covid-19 пандемияси даврида таҳлил олишнинг янги усуллари бошқа бир қатор давлатларда ҳам жорий этилди.

DNANUDGE 2020

Британияда таҳлилларда вирус ДНКси мавжудлигини аниқлайдиган икки янги ускунадан фойдаланиш бошланади. Уларнинг иккиси ҳам таҳлил намуналарини бир ярим соат ичида текшириш имконига эга. Бугунги кунда Британия касалхоналарида намуналарнинг учдан бир қисми 24 соатдан кўпроқ вақт давомида текширилади.

Биринчи тест вирус ДНКсини топишда намуналарни таҳлил қилади ва Nudgebox деб номланади. Бундай қурилмаларнинг 5 мингтаси сентябрь ойида Британия касалхоналарига ўрнатилади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, улар лаборатория шароитларисиз ҳам кунига 15тагача тест ўтказади. Бу орқали икки ой ичида, яъни қиш келгунга қадар, 5,8 миллион киши коронавирус тестидан ўтказилиши мумкин. 

Аммо бу сентябрь ойида бўлади. Кейинги ҳафтада эса Оксфордширдаги Oxford Nanopore компанияси томонидан LamPORE номида ишлаб чиқарилган янги қурилманинг ярим миллионга яқини Лондон касалхоналарида пайдо бўлади. Ушбу қурилмалар Лондоннинг бир неча касалхоналарида аллақачон фойдаланишда, аммо ҳозирча кенг қўлланилмаяпти.

LamPORE қурилмалари икки хил талқинда ишлаб чиқарилади - мобил MiION табиий шароитларда, масалан, коронавирус ўчоғи яқинида яратилган лабораторияларда ишлатилиши мумкин, у кунига икки мингтагача намунани таҳлил қилади. Стационар GridION янада кучлироқ бўлиб, кунига 15 мингтагача намуналарни таҳлил қилади, аммо тўлақонли лаборатория ташқарисида фойдаланиш мумкин эмас. 

Шу билан бирга, қурилмалар одатий гриппни ҳам аниқлаб, уни коронавирусдан ажрата олиши мумкин.

Британияда иқтисодиётни тиклаш учун аҳолидан ресторанлар ва пабларга тез-тез бориб туриш сўралмоқда / PA MEDIA

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок Covid-19 синовлари учун янги қурилмалар пайдо бўлиши соғлиқни сақлаш тизими учун «олдинга катта қадам» бўлишига ишонч билдирмоқда. Режага кўра, октябрь ойига қадар ҳар куни ярим миллион тест чиқарилиши ҳукумат ишини осонлаштиради.

Вазир янги қурилмаларнинг «вирус қаерда яширинганини билиш учун симптомлари бўлмаган одамлар тестдан ўтиши керак» бўлган мактаб ва туманларда ҳам қўлланишини айтди. «Ушбу қурилмаларнинг Covid-19'дан ташқари оддий грипп вирусини ҳам аниқлаши қишда жуда фойдали бўлади - беморларга ўзлари ва яқинларини ҳимоя қилиш бўйича тўғри маслаҳатлар берилади», дейди Ҳэнкок.

Тезкор тестларнинг пайдо бўлиши кўпчилик томонидан маъқулланади, шу билан бирга, бу пандемияга қарши курашнинг ягона жиҳати эмаслигини эътиборга олиш зарур. 

Лондондаги Юниверсити коллежи эпидемиология профессори Энн Жонсоннинг BBC'га айтишича, тестлар умумий ҳолатда тез ишлаши керак бўлган катта тизимнинг бир қисми, холос. Унинг сўзларига кўра, тез ташхис қўйиш яхши, аммо энг муҳими аломатлар пайдо бўлган беморларни ўз вақтида изоляция қилишдир.

Ўз навбатида «Лейбористлар партияси олимлари» ташкилоти аъзоси ва Фрэнсис Крик институти директори сэр Пол Нерс одамларга пандемия ҳақида етарлича очиқ маълумот бермагани учун ҳукуматни танқид қилди. «Бизга очиқлик, ошкоралик, ҳисобдорлик ва қарорлари учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган раҳбарлар керак», деди у.

Яна қандай тестлар мавжуд
Янги усулдаги тестлар нафақат Буюк Британияда пайдо бўлмоқда. Исроил олимлари жамоаси бир вақтнинг ўзида бир нечта синов намуналарини қайта ишлашга қодир бўлган молекуляр синов яратилгани ҳақида март ойидаёқ эълон қилган. Бу тахминан 40 дақиқа вақтни олади.

Бироқ, бу усул ҳали ҳам якунланмаган.Ўтган ҳафта, уни ишлаб чиқарувчи Technion компанияси мутахассислари унинг сезгирлигини ошириш устида иш олиб борилаётганини маълум қилишди. 

Шунингдек, BATM компанияси ҳам март ойида бутун дунёда кенг қўлланишдаги одатий ПЗР усули ёрдамида тупукдаги вирусни аниқлашга қодир тест тўплами яратилганини эълон қилди. 

Биринчисидан фарқли ўлароқ, ушбу лойиҳа охирига етган. Компания уни Яқин Шарқ ва Лотин Америкасининг бир неча мамлакатларида сотади, аммо у АҚШ ва Исроилда ҳали сертификатланмаган.

Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид