16:50 / 05.08.2020
36941

«Авто 60 ой» иши бўйича суд жараёнлари бошланди

«Avto 60 oy» МЧЖ мансабдор шахслари қисқа вақт ичида 19,3 минг нафар фуқароларнинг жами 54,3 млрд сўм миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбланмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Avto 60 oy» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунига етказилиб, жиноят иши судга юборилган.

Kun.uz олган маълумотга кўра, иш юзасидан суд тергови ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан, судья Д.Валиев раислигида олиб борилмоқда.

Жамият мансабдор шахслари сохта тадбиркорлик, пул маблағларини ноқонуний жалб этиш, фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланмоқда.

Жабрланувчилар сонининг кўплигини инобатга олиб, иш тафсилотларидан хабардор қилиб бориш мақсадида ЖИБ Чилонзор туман суди томонидан махсус @jibChilonzorsudi телеграм канали ташкил қилинган. Жиноят ишининг барча жабрланувчиларидан мазкур телеграм каналига обуна бўлиши сўралмоқда.

Тошкент шаҳрида яшовчи жабрланувчилардан 6 августдан бошлаб, ҳафтанинг душанба кунидан шанба кунига қадар соат 10:00дан 17:00гача туман суди биносига келишлари сўралмоқда. Манзил: Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 1а-уй. Мўлжал - Ҳлебушкина номидаги болалар уйи.

Тергов материалларига кўра, «Авто 60 ой» МЧЖ вакиллари фуқароларга UzAuto Motors автомобилларини дастлабки тўлов ва фоизларсиз бўлиб тўлашга сотиб олишни таклиф қилиб, 19,3 минг мижоз билан шартнома тузиб, уларнинг 54,3 млрд сўм миқдоридаги маблағларини жалб қилган. Етказилган моддий зарарнинг 36,8 млрд сўми тергов давомида қопланган.

Top