Жаҳон | 07:50 / 09.08.2020
3985
3 дақиқада ўқилади

Бразилияда коронавирус қурбонлари хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилинди

Бразилияда коронавирусдан вафот этганлар сони бир суткада 905 нафарга кўпайиб, умумий ҳисобда 100 мингдан ошди. Шунингдек, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 3 млндан ошди. Бразилия коронавирусдан касалланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича дунёда АҚШдан кейин 2-ўринни эгалламоқда.

Фото: REUTERS

Бу аянчли рақамлар қайд этилгач, Бразилия Миллий конгресси (парламент) ва Федерал олий суд коронавирус қурбонлари хотирасига мотам эълон қилди. 

“Давлатимиз ҳеч қачон бундай кўламдаги фожиани билмаганди. 100 минг киши, улардан ҳар бирининг исми, касби, режалари ва орзулари бўлган. 100 минг киши, шубҳасиз, улар бу дунёда ва бошқа одамлар ҳаётида ўз изларини қолдиришган. Қонунчилик ҳокимияти ва Федерал олий суд номидан 100 минг вафот этганлар оилалари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор этаман. Федерал олий суд қурбонлар хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилинади”, деб айтган суд раиси Диас Тоффоли.

Ўз навбатида Бразилия  парламенти қурбонлар хотирасига 4 кунлик мотам эълон қилган. Бу ҳақда сенатор Дави Алколумбре маълум қилган. У Бразилияда коронавирус қурбонлари сони 100 мингдан ошган 8 августни “мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг қайғули кунлардан бири” деб атаган. 

Аввалроқ, Бразилияда коронавирус қурбонлари сони 10 мингдан ошгандан кейин 10 майда 3 кунлик мотам эълон қилинган эди.     

Мамлакатнинг суд ва қонунчилик ҳокимиятларининг коронавирусга қарши курашиш бўйича позициялари мамлакат президенти Жаир Болсонаруники билан тафовутлашмоқда. Яқинда ўзи коронавирусни бошдан ўтказган Болсонару ҳамон вирусни 60 ёшгача бўлганлар учун хавфсиз деб ҳисобламоқда. У бир неча ой давомида коронавирус тарқалиши хавфини камайтириб, уни “гриппча” деб атаган, штатлар губернаторлари киритган карантин чоралари мамлакат иқтисодиётига путур етказиши мумкинлигини айтиб, уларни танқид қилган. Болсонару, шунингдек, қатъий карантин чораларини қўллаб-қувватлаган икки нафар соғлиқни сақлаш вазирини лавозимидан бўшатган.

Бразилия президенти 6 августда ижтимоий тармоқлардаги ҳар ҳафталик мурожаатида мамлакатда яқин орада коронавируснинг қурбонлари сони 100 мингдан ошишини айтган ва ўз сўзларини “ҳаёт давом этаверади”, деб тугатган. Унинг бу оҳангдаги сўзлари маҳаллий ОАВда яна кескин муносабат келтириб чиқарган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид