Ўзбекистон | 13:29 / 11.08.2020
9752
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада умумий овқатланиш объектларига рухсат берилди

Умумий овқатланиш объектларидаги барча ходимлар тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, ижтимоий масофани сақлаши шартлиги белгиланган. 

Фарғона вилоятида 11 августдан бошлаб, вилоят ҳудудидаги умумий овқатланиш объектлари, жумладан, ошхона, чойхона, ресторан ва кафелар фаолиятига рухсат берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум бўлишича, бу — вилоятдаги эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган чоралардан биридир. 

Умумий овқатланиш шохобчалари карантин талаблари ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар билан таъминланган ҳолда ўз фаолиятини қайта бошлашлари мумкин бўлади. Бунда, фаолиятини давом эттиришга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларида тегишли органлар томонидан карантин талаблари, санитария-эпидемиологик қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борилади. 

Умумий овқатланиш объектларидаги барча ходимлар тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, ижтимоий масофани сақлаши шартлиги белгиланган. 

Ресторан ва кафеларда банкетлар ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди ҳамда фаолиятини соат 8:00 дан 20:00 га қадар ташкил этади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид