Иқтисодиёт | 08:52 / 11.08.2020
7738
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бюджетининг пандемия сабабли йўқотишлари 4,4 трлн сўмга баҳоланди

Карантин чора-тадбирлари иқтисодий фаолликнинг сусайишига ва, бунинг оқибатида, – ғазнага келиб тушадиган тушумларнинг камайишига олиб келди. Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 1 июль ҳолатига Давлат бюджети даромадларининг ижроси бўйича шарҳдан шундай хулосага келиш мумкин. «Норма» эксперти Жорилла Абдуллаев ушбу шарҳни батафсил ёритиб берди.

МВ маълумотларига кўра, 2020 йил I ярмидаги Давлат бюджети даромадлари 58,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йил мос даврига нисбатан 7,5 трлн сўмга (14,8 фоиз) кўпдир.

Бир қарашда, бюджет даромадлари маромида тушаётгандек кўринади. Бироқ чоракма-чорак тушумлар таҳлил қилинса, бошқача манзара намоён бўлади. I чоракда даромадлар ўтган йил мос даврига нисбатан 23,4 фоизга ошди. Бундай ўсиш суръати II чоракда ҳам сақланиб қолганда, I ярим йилликда ғазнага қарийб 62,6 трлн сўм тушган бўларди. Шу тариқа, бир маромда ўсиш суръатлари гипотезасидан келиб чиқилса, бюджетнинг ҳисоб-китоб қилинган йўқотишлари тахминан 4,4 трлн сўмни ташкил этади. Пандемия сабабли иқтисодий фаолликнинг кескин сусайиши бунинг асосий сабабчиси ҳисобланади.

Бу кўпми ёки камми? Йўқотишлар бордек гўё, бироқ тушумларнинг ўсиши ҳам кузатилди. Солиқларнинг турлари бўйича тушумини таҳлил қилиб, буни яққол кўриш мумкин. Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми (80 фоиздан ортиғи) қуйидаги бешта асосий солиқ ҳисобига шаклланди: ҚҚС (24,6 фоиз), фойда солиғи (20,3 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (13 фоиз), ЖШДС (12,5 фоиз), акциз солиғи (10 фоиз).

Қуйидагилар солиқлар тушумининг пасайишига олиб келди:

солиқ тўловчиларнинг иқтисодий фаоллигига таъсир кўрсатган пандемия;

ҚҚС – бюджет даромадларининг асосий қисмини ташкил этувчи солиқ ставкасининг пасайтирилиши ва йил бошидан тақдим этилган бошқа имтиёзлар;

биринчи навбатда кичик бизнесга ва пандемиядан энг кўп жабрланган соҳаларга (туризм, умумий овқатланиш корхоналари ва б.) тадбиркорларнинг фаоллигига боғлиқ бўлмаган солиқлар (мол-мулк, ер солиқлари), шунингдек ижтимоий солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёз ва преференцияларнинг берилиши.

Қуйидагилар солиқлар тушумининг ўсиши омилига айланди:

тоғ-кон саноати корхоналари ҳисобига фойда солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумларнинг ўсиши. Улар учун солиқ ставкалари оширилди, фойдага солиқ солиш тартиби ўзгарди. Қимматбаҳо металлар нархининг ошиши билан бирга бу бюджет даромадларининг сезиларли даражада ўсишига олиб келди;

тўловчиларнинг бир қисми 2019 йил якунлари бўйича айланма суммаси 1 млрд сўмдан ошганлиги учун умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганлиги;

ресурс солиқлари ставкаларининг индексация қилиниши ва оширилиши;

I чоракда солиқ тушумларининг анча юқори суръатлари;

давлат корхоналарининг 2019 йилда олинган соф фойдасидан давлат улушига ҳисобланган дивидендларнинг тўлиқ миқдорда бюджетга йўналтирилиши;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар ва прокуратура, вазирлик ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, бож ва жарималардан ажратмалар ҳисобига шаклланган, депозит ҳисобварақларида мавжуд маблағлар қолдиғи 50 фоизининг бюджетга ўтказилиши.

Асосий хулосалар:

1. Пандемия тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатди, бу эса бюджетга солиқлар тушумида акс этди.

2. Давлат томонидан кўрилган чора-тадбирлар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни муайян даражада ҳал қилди, Давлат бюджети даромадларини таъминлаш билан боғлиқ катастрофик вазиятдан қочиб қутулиш имконини берди.

3. Кичик бизнесни имтиёз ва преференциялар ҳисобига қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ солиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Бунда республикамиздаги энг йирик корхоналар бюджет йўқотишларини қоплайдиган ва солиқлар тушумини таъминлайдиган асосий субъектларга айланди.

Мавзуга оид