Жаҳон | 14:48 / 19.08.2020
38154
20 дақиқада ўқилади

НАТОнинг Шарққа томон кенгайиши. Россияга мерос зиддият тарихи

Фото: flickr.com/U.S. Army

Россия ва НАТО муносабатлари яна муҳокамалар марказига чиқди. Россия ташқи ишлар вазирлиги НАТОнинг мамлакат чегаралари бўйлаб кенгайиб бориши минтақадаги тинчликни таъминлашга эмас, аксинча вазият кескинлашишига хизмат қилишини маълум қилди. Россия ТИВ АҚШ Польшадаги аскарлари сонини яна минг нафарга ошириши борасидаги қарорини шундай изоҳлади.

АҚШ ва Польша ўртасида 15 август куни имзоланган келишувга кўра, Қўшма Штатлар Россиянинг тўғридан тўғри қўшниси бўлмиш Польшадаги аскарлари сонини яна минг нафарга ошириши аниқ бўлди. Россия ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Польшада «шундоғам АҚШ ҳарбийлари сони жуда кўп» ва улар 4,5 минг нафарни ташкил этади. Россия ТИВ баёнотида Польша ва АҚШ 1997 йилда имзоланган Россия-НАТО актига қарши иш қилгани таъкидланган.

НАТО шарққа (яъни Россия атрофида) кенгайиши янгилик эмас. Альянс ташкил этилганидан буён бу борада муҳокамалар тўхтамайди. Айниқса, Россиянинг бир нечта тўғридан тўғри қўшнилари НАТОга қўшилгач, АҚШ ва Россия ўртасидаги келишмовчиликлар тобора авж олди. Келинг, Россия ТИВнинг баёноти баҳонасида НАТОнинг ташкил этилиши, унинг Шарққа қараб кенгайиши ва Россиянинг бунга муносабати мавзусига атрофлича тўхталсак.

Бир пайтлар, Туркияни инобатга олмаганда, НАТОнинг чегаралари Европа марказидан ўтмас эди. 1991 йилда СССР, 1992 йилда Югославия парчалангач, Шарқий Европада мустақил бўлган давлатлар бирин-кетин НАТОга қўшила бошлади. Шу тариқа Шимолий Атлантика альянси назоратидаги ҳудуд тобора кенгайиб борди.

Собиқ иттифоқ парчаланишидан аввал НАТОга аъзо давлатлардан фақат Норвегия ва Туркия СССР билан чегарадош эди. Бугун эса СССРнинг вориси бўлган Россия қуруқликда НАТОга аъзо бўлган Туркия, Литва, Латвия, Эстония, Польша, денгизда (Қрим эгаллаб олинганидан сўнг) Болгария ва Руминия каби давлатлари билан чегарадош бўлди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўтган ҳафтада Чехия, Словения, Австрия ва Польшага ташриф буюрди.  Фото: REUTERS/Janek Skarzynski 

НАТОнинг тузилиши

НАТО (North Atlantic Treaty Organization) – Шимолий Атлантика ҳарбий ташкилоти 1949 йил 4 апрель куни Европанинг 10та, Шимолий Американинг 2та давлати: Бельгия, Буюк Британия, Дания, Исландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия, Франция, АҚШ ва Канада давлатлари вакиллари имзолаган шартномага биноан тузилган. Ўша пайтда бу ташкилотни тузишдан мақсад Европани иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳарбий салоҳияти ниҳоятда кучайиб кетган СССРдан ҳимоя қилиш бўлган.

НАТОни тузиш ғояси 1947 йилда АҚШ президенти Ҳарри Трумэн томонидан илгари сурилган. Ташкилот низоми 14та бўлимдан иборат. Ундаги энг муҳимларидан бўлган 5-бўлимда «Ташкилотга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, бу ҳолат ташкилотнинг бошқа аъзоларига ҳам агрессия қилинган деб баҳоланади ва жавоб чоралари кўрилади», деб ёзилган.

Ташкилот нима мақсадда тузилгани ҳеч қачон сир сақланмаган ва бу ҳақда ҳар доим ошкора гапирилган. Масалан, 2009-2014 йилларда НАТО бош котиби лавозимида фаолият юритган даниялик сиёсатчи Андерс Фог Расмуссен альянс СССРнинг Европага эҳтимолий тажовузлари олдини олиш учун ташкил этилганини айтганди. «НАТО дунёдаги вазият анча хавфли бўлиб турган пайтда тузилган эди. СССРнинг Европага таъсири кучайиб борар экан, ўшанда 12та давлат нафақат хавфсизлик учун, балки инсоният учун энг асосий қадриятлар – эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, қонун устуворлигини ҳимоя қилиш учун бирлашдилар», деган эди у.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро майдонда инсониятни фашизм балосидан қутқарган ғолиб сифатида СССРнинг обрўси ниҳоятда ошиб кетади. Қолаверса, урушда совет аскарининг қадами етган Европадаги ҳар бир қарич ер СССР таъсир доирасига тушади. Ўша пайтда дунёнинг аксарият сиёсатчилари СССР ўзи озод қилган мамлакатларни ҳар қанақасига ўз таъсир доирасида ушлаб қолишини тушуниб, ОАВ ёки бошқа воситалар орқали дунё ҳамжамиятини бундан огоҳлантиришга уринар эди. Аммо Шарқий Европадаги инсонларнинг бир қисми «фашизмни йўқ қилишда СССР бош ролни ўйнади, демак, социалистик йўл нотўғри эмас», деб зимдан ўз мамлакатида коммунистик режим ўрнатилишига рози бўла бошлади.

СССР ҳарбийларининг қадами етган мамлакатларни шунчаки қўйиб юбормаслиги ҳақида илк бор Сталин Потсдам конференциясида гапирган эди. Ўшанда «доҳий» Шарқий Европа мамлакатлари жон деб СССРдаги дўстлар ёрдамида социалистик давлат қуриш ниятида эканлиги ҳақида АҚШ президенти Ҳарри Трумэн ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилль билан ўтказилган музокараларда гапиради. Ўшанда Черчилль ва Трумэн ҳеч бўлмаганда Польшани Сталин чангалидан ажратиб олишга уринишади, аммо бунинг имкони бўлмайди. Сталин Лондонда қочқинда юрган муваққат ҳукумат вакиллари Варшавага қайтишига йўл қўймайди ва Польшада польяк коммунистларидан иборат «қўғирчоқ ҳукумат» тузилади. Шундан сўнг, Трумэн ва Черчилль Ғарбий Европанинг хавфсизлиги устида бош қотира бошлайди ва шу тариқа НАТО тузилади.

НАТОга СССР ҳам аъзо бўлишни хоҳлаган

Альянсга аъзо бўлишга қарор қилган СССР 1954 йил 31 мартда АҚШ, Буюк Британия ва Франция ҳукуматларига расмий нота йўллайди.

«Умид қиламизки, Ғарб давлатлари СССРнинг аризасини қаноатлантиради ва НАТО СССРга қарши эмас, балки тинчликни сақлаш учун тузилганини исботлайди. НАТО айрим давлатларнинг ёпиқ ҳарбий гуруҳи бўлмай, бошқа Европа давлатларнинг қўшилиши учун очиқ бўлсагина, Европада коллектив хавфсизлик бўйича самарали тизим яратиш ва Ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш учун асосга эга бўламиз», дейилганди унда.

Ўшанда Вячеслав Молотов бошчилигидаги совет дипломатияси айёрлик қилади ва унинг ҳар қандай натижаси СССР учун ўзига хос фойдали бўлиши эҳтимоли бор эди. Агар НАТОга қўшилиш масаласида ижобий жавоб олинса, СССР нафақат ўз рақиблари билан бир сафда бўлар, балки «НАТОнинг режаларини ичидан фош қилиш» имкониятига эга бўларди. НАТОга СССРни қабул қилишмаса, бу альянсни қоралаш учун баҳона бўларди.

СССРнинг НАТОга қўшилиш учун қилган илк ҳаракати ташкилот тузилган 1949 йилда бошланган эди. Ўшанда СССР ташқи ишлар вазири Андрей Вишинский Буюк Британия коммунистик партияси воситачилиги билан Лондонга Москванинг НАТОдаги иштирокини муҳокама қилиш учун боради, аммо рад жавобини олади.

СССРнинг НАТОга қўшилиш масаласи иккинчи марта 1952 йилда, альянсга Греция ва Туркия қўшилганидан сўнг яна кун тартибига чиқади. Туркия НАТОга қўшилгач, ҳарбий блок чегаралари СССРнинг жанубий чегаралари билан туташади. Ўшанда Франция элчиси Луи Жокс билан учрашув чоғида Сталин президент Чарльз де Голлнинг НАТОни фақат тинчлик ташкилоти деб билишини эшитиб, Вишинскийдан истеҳзо билан сўрайди: «Унда биз ҳам бу ташкилотга қўшилишимиз керак эмасми?». Иккинчи уриниш ҳам муваффақиятсизлик билан тугайди.

СССРнинг НАТОга қўшилиш учун учинчи жиддий уриниши 1954 йилда, Сталин вафот этганидан бир йил ўтиб содир бўлади. Ўшанда СССР томонидан НАТОга қўшилиш учун расмий ариза берилади ва унинг ташаббускори совет иттифоқи ТИВ биринчи ўринбосари Андрей Громико эди. У 1954 йил 19 март куни КПСС Марказий қўмитаси раёсатига «Ташқи ишлар вазирлиги НАТОга қўшилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди», дейилган билдирги жўнатади.

Қизиғи шундаки, ўшанда СССР билан бирга БМТда аъзолиги бўлган Украина ва Беларусь номидан ҳам НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширилган эди.

Ғарбнинг етакчи давлатлари ҳукуматлари Москвага ишонишмади. Улар СССРнинг бирламчи мақсади АҚШни Европадан қувиб чиқариш ва НАТОни ичидан емириш деган хулосага келишади. Аммо шунда ҳам улар яхши ниятда эканлигини исботлаш учун СССРга Германия ва Австрияни тарк этиш, Корея яримороли ва Хитойдаги ҳарбий базаларни тарқатиб, қуролларни қисқартириш тўғрисида ўзаро битимлар имзолашни таклиф қилишади. СССР раҳбарияти Ғарб томонидан қўйилаётган бу шартларга табиийки рози бўлмайди.

СССР раҳбарияти мамлакат НАТОга қабул қилинмагани учун хафа бўлади. Москва томонидан берилган расмий баёнотда АҚШ, Буюк Британия ва Франциянинг бу борадаги позициясидан афсус билдирилган эди.

1955 йилда Франция НАТОга қабул қилинади. Шундан сўнг СССР раҳбарияти ҳеч қачон НАТОга қўшила олмаслигини тушуниб етади ва ўша йили Варшавада Европадаги социалистик давлатларининг ҳарбий иттифоқини тузиш тўғрисида шартнома имзоланади. Бу ташкилот «Варшава шартномаси ташкилоти» деб ном олади.

Орадан бир неча йил ўтиб, 1961 йилда НАТО ва ВШТ лойиҳаларида иштирок этишни хоҳламаган 120га яқин давлат дунёда тинчлик сақлаш йўлида янги ҳаракат – Қўшилмаслик ҳаракатини тузади.

НАТОнинг кенгайиши

1952 йил 18 февралда НАТОга Греция ва Туркия аъзо бўлиб киради. Бу тарихда «НАТОнинг биринчи кенгайиши» деб номланган. 1955 йил май ойида Германия Федератив Республикаси, 1982 йил 30 майда Испания НАТОга аъзо бўлади. 1991 йилда СССР тарқаб кетиши ортидан у бошчилик қилиб келаётган «социалистик лагер» ҳам тўзиб кетади ва Шарқий Европадаги давлатларнинг барчаси социалистик тузумдан кечиб, Ғарбга, капиталистик дунёга юзланади. Шундан сўнг, 1999 йил 12 мартда Венгрия, Польша ва Чехия НАТО аъзоларига айланади.

2004 йилда Болгария, Латвия, Литва, Руминия, Словакия, Словения ва Эстония Шимолий Атлантика ҳарбий альянси – НАТОга қўшилади. 2009 йил 1 апрелда ташкилот ўз сафини Албания ва Хорватия билан, 2017 йил 5 июнда эса Черногория билан кенгайтиради.

НАТОга ҳозирча охирги бўлиб, 2020 йил 27 март куни Шимолий Македония аъзо бўлиб кирди. Шу тариқа, дастлаб 12та давлат иштирокида тузилган альянс аъзолари сони 30тага етди. Шунингдек, яна 3та давлат – Босния ва Герцоговина, Украина ва Грузия НАТОга аъзо бўлиш учун мурожаат қилган.

НАТОга аъзо бўлиш учун аввалига иккита шартга қаралган. Биринчиси Европада жойлашган давлат бўлиши, иккинчиси НАТОга аъзо барча давлатларнинг розилигини олиш. Кейинчалик СССР тарқалиб кетиши ортидан НАТОга аъзо бўлиш учун кўплаб давлатлар мурожаат қилгач, альянсга аъзо бўлиш шартлари мураккаблашди. Энди НАТОга аъзо бўлмоқчи бўлган номзод мамлакатнинг нафақат қўшнилари билан турли келишмовчиликлари, балки ҳудудий жиҳатдан ички муаммолари ҳам бўлмаслиги, шунингдек, ҳарбий харажатлар учун ташкилот талаб қиладиган аъзолик бадалини ажрата оладиган даражада иқтисодий имкониятларга эга бўлиши лозим.

Шу ўринда бир мисол, Македония НАТОга аъзо бўлиш учун ташкилотнинг 2008 йил Бухарестда ўтказилган саммитигача ариза топширган эди. Ушбу саммитда Греция Македониянинг НАТОга қўшилишига қарши бўлади. Грекларнинг талабига кўра, Македония Греция вилоятларидан бирининг номи ҳисобланади ва шу туфайли Македония давлати ўз номини ўзгартириши керак эди. Бир неча йил давом этган баҳслардан сўнг, Македония ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартиришга рози бўлди ва ниҳоят 2020 йил 27 март куни ташкилот сафига қабул қилинди.

Вазиятга ташкилотга аъзо бўлиш шартларидан келиб чиқиб қаралса, Босния Герцоговина, Украина ва Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш орзуси яқин келажакда амалга ошиши даргумон. Украина ва Грузияда ички муаммолар бунга йўл қўймаса, Боснияда вазият бироз бошқачароқ: мамлакатнинг бир қисмини ташкил этувчи Серб республикаси Босниянинг НАТОга қўшилишини хоҳламайди. Босния Герцоговина учта: Босния ва Герцоговина федерацияси, Серб республикаси ва Брчко округидан иборат.

«Тинчлик йўлида ҳамкорлик»

Бугун НАТОга аъзо давлатлар сони 30га етган бўлса-да, дунёнинг яна кўплаб давлатлари бу ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Альянс 1994 йилдан бошлаб дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастури асосида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу дастур бўйича ҳамкорлик қилинадиган давлатлар бир неча гуруҳга бўлинади. Масалан, Босния ва Герцоговина «Аъзолик учун ҳаракат» гуруҳига кирса, Украина ва Грузия «Ўзаро мулоқотни жадаллаштириш» доирасида ҳамкорлик қилади. Озарбойжон, Арманистон, Қозоғистон, Молдавия ва Сербия билан «Якка тартибдаги ҳамкорлик» режаси бўйича ҳамкорлик қилинади. «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» йўналишидаги умумий гуруҳда эса Австрия, Беларусь, Ирландия, Қирғизистон, Мальта, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Финляндия, Швейцария ва Швеция давлатлари билан ҳамкорлик қилинади.

Ўзбекистон ва НАТО ўртасида «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» битими 1994 йил 13 июлда имзоланган. Ўшандан буён Ўзбекистон ҳам НАТО билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.

НАТОнинг шарққа кенгайишига СССРнинг муносабати

АҚШ ва Канада бошчилигида Европа мамлакатлари НАТОни тузар экан, СССР бунга хотиржам қараб тура олмас эди. Юқорида ёзилганидай, СССР бу ташкилотга аъзо бўлиш учун бир неча марта уриниб кўради. Ғарб давлатлари СССРни НАТОга ҳеч қачон аъзо қилмаслиги ойдинлашгач, СССР бошқа йўлдан кетади. 1955 йил 14 май куни «социалистик лагер»га кирувчи давлатлар: Албания, Болгария, Венгрия, Германия демократик республикаси, Польша, Руминия, Чехословакия ва СССР НАТОга қарши ўлароқ «Варшава шартномаси ташкилоти» деб номланган ҳарбий иттифоқ битимини имзолайди. Жами 36 йил фаолият олиб борган мазкур ташкилот 1991 йил 1 июль куни тарқатиб юборилади. Қолаверса, 1952 йилда Туркиянинг НАТОга аъзо бўлишига СССРнинг бу давлатга нисбатан илгари сурган ҳудудий даъволари сабаб бўлган эди.

Россия-НАТО муносабатлари

Россия НАТОнинг шарққа қараб кенгайишидан доим хавотир билдириб келади. Бу хавотирларнинг биринчиси Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин пайтида билдирилган эди. Ўшанда АҚШ президенти Билл Клинтон Ельцинга шундай деганди: «Борис, мен сенинг хавотирларингни яхши тушуниб турибман. Шунинг учун сенга НАТОнинг шарққа қараб кенгайишини қабул қил демайман. Аммо хавотирга ҳам ўрин йўқ. НАТО Россия билан ҳеч қачон тўқнашмайди. НАТО-Россия муносабатлари ҳар икки тарафнинг қизиқишлари учун хизмат қилади ва Россия НАТОнинг ҳақиқий ҳамкорига айланади».

НАТОга Шарқий Европада илк бор Польша, Венгрия ва Чехия аъзо бўлган эди. Бу давлатларда НАТОга аъзо бўлиш масаласида референдум ўтказилган ва аҳолининг аксарият қисми ҳарбий блокка кириш учун овоз берган. Ўшанда бу уч давлат учун советлардан қолиб кетган қуроллардан воз кечиш ва НАТО стандартига ўтиш осон бўлмаган. Аммо улар қийинчилик билан бўлса-да, бу ишни қилишди. Ўшанда бу уч давлат раҳбарлари ўзларига Россия томондан аниқ хавф-хатар бўлмаса ҳам, ўзларини бахавотир ҳис қилишлари учун НАТОга аъзо бўлаётганларини билдирган. Масалан, Польша президенти Лех Валенса бироз кескинроқ фикр билдиради: «Биз ҳаммамиз ҳануз Россиядан қўрқамиз. Россия агрессив ташқи сиёсатни ёқлайди ва уни Польша ҳамда Украинага қарши қўллаши мумкин». Польша президенти бу гапини 1993 йилда, Польшанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи ҳали ташкилот томонидан кўриб чиқилаётган вақтда айтган эди.

Россия ва НАТО ўртасидаги илк зиддиятлар 2008 йил бошида Украина ва Грузия ушбу ҳарбий ташкилотнинг «НАТОга қўшилиш учун тайёргарлик режаси» сафига қўшилгани ортидан келиб чиққан эди. Ўша йили 8 августда Россиянинг Грузияга кириши зиддиятни янада кучайтиради. Ўшанда НАТО раҳбарияти Россиянинг Жанубий Осетияни ҳимоя қилиш учун Грузия билан урушганини «Грузияга нисбатан агрессия» деб баҳолайди. Шундан сўнг Россия-НАТО мулоқотлари тўхтаб қолади.

Россия ва НАТО ўртасидаги навбатдаги жиддий зиддият 2014 йил мартида Украинадаги воқеалар ортидан келиб чиқади. Украина можароларида мамлакат шарқидаги айирмачиларга Россиянинг ёрдами ҳақида маълумотлар чиқавергач, НАТО ва Россия муносабатларига яна совуқчилик тушади. Россия Қримни ўз таркибига қўшиб олгач эса муносабатлар тарихдаги энг ёмон кўринишга келади. Шундан сўнг, 2014 йил 25 декабрда Владимир Путин янги ҳарбий доктринани тасдиқлади ва унга кўра НАТОнинг Россия чегаралари томон кенгайиб келиши мамлакат учун жиддий хавф деб ҳисобланиши қайд этилди.

Ўшанда Россия ва НАТО ўртасидаги совуқ муносабатлар учун икки томон бир-бирини айблайди. Россия томони бир неча марта ўзаро муносабатлар совуқлашишига НАТО сабабчи бўлганини таъкидлаб, муносабатларни изга тушириш учун ташкилот сусткашлик қилаётганини билдиради. НАТО эса Россия ўзининг агрессив ҳаракатлари ва лозим бўлмаган ўринда аралашуви билан Украина шарқидаги вазият издан чиқишига ҳисса қўшгани, имконияти бўлиши биланоқ «Украина сценарийси» бошқа давлатларда ҳам рўй бериши мумкинлигидан хавотирларини билдиради.

Шунингдек, НАТО Россиянинг Қримни қўшиб олгани ҳам халқаро келишув ва нормаларга зид ҳолда амалга оширилганини таъкидлайди. Масалан, 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олганидан сўнг НАТОнинг ўша пайтдаги бош котиби Андерс Фог Расмуссен ташкилотнинг навбатдан ташқари йиғилишида, Россия томонидан Қримнинг қўшиб олинишини нафақат Украина, балки бутун Европа учун жиддий хавф деб баҳолайди.

Қисқаси, ҳар икки томон бир-бирини қоралаб келишади: Россия НАТО чегаралари тобора ўзи томон силжиб келаётгани учун, НАТО эса расмий Москвани юритаётган сиёсат минтақа учун хавфли кўриниш олаётгани учун айблайди.

2016 йилга келиб Россия-НАТО мулоқотлари қайта бошланади. Томонлар ўртасида Украина шарқидаги вазиятни барқарорлаштириш ва ИШИДга қарши курашда ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари кўрилади. Аммо муносабатлар совуқлигича қолаверади. Россия ТИВ маълумотларига кўра, 2018 йил НАТОнинг Брюсселда ўтказилган саммитида Россия билан чегаралар яқинида ҳарбий-сиёсий тўсиқларни яратиш, қўшинларни жойлаштириш ҳамда ҳарбий инфратузилмани янада яхшилаш учун ташкилот имкониятларини кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинади.

2019 йил 15 апрель куни Россия ТИВ ўринбосари Александр Грушко «РИА Новости»га берган интервьюсида «Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатлар боши берк кўчага кириб қолгани ҳамда фуқаролик ва ҳарбий йўналишларда ўзаро ҳамкорлик бутунлай тўхтаб қолгани» ҳақида гапиради.

Аммо шундай бўлса-да, бугунги кунда НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасида Россиянинг доимий вакили ўрни сақланиб турибди. 2018 йил 22 январгача бу вазифада Александр Грушко ишлаган. У ТИВга ўтказилгандан сўнг, унинг ўрнига бошқа одам тайинланмаган. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ҳар икки томоннинг ўзаро муносабатлари ҳануз изга тушгани йўқ. Зеро, икки қутб барибир туташмайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид