09:05 / 21.08.2020
3232

Республика бўйича чакана савдо товар айланмаси 103,5 трлн сўмни ташкил этди

Республика бўйича 2020 йилнинг январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси 103,5 трлн сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 2,9 фоизга камайди. 

Фото: Fotolia

Давстатқўм хабарига кўра, йирик корхоналарнинг товар айланмаси 18,8 трлн сўмни (ўсиш суръати 23,6 фоиз), кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 84,6 трлн сўмни (7,3 фоизга камайди), шундан уюшмаган савдо товар айланмаси 6 трлн сўмни (37,1 фоизга камайди) ташкил этди.

Республика чакана савдо товар айланмасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўсиш суръатлари кузатилди. Чакана савдо товар айланмасининг таркибий қисмларида 81,8 фоиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига ва 18,2 фоиз йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келди. 

2019 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан республиканинг Фарғона (94,5 фоиз), Наманган (93,8 фоиз), Сирдарё (93,6 фоиз), Хоразм (89,4 фоиз) ва Сурхондарё (88,5 фоиз) вилоятларида чакана савдо товар айланмасининг камайиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори кўрсаткичлар Тошкент вилояти (100,7 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (103,3 фоиз) қайд этилди.

Top