Жаҳон | 01:01 / 22.08.2020
15917
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Хитой билан нефть соҳасидаги йирик шартномани бекор қилди

Саудия Арабистонининг Saudi Aramco давлат нефть компанияси Хитойда нефтни қайта ишловчи ва нефть-кимё мажмуасининг қурилиши бўйича йирик шартномани бекор қилди. 

Фото: Simon Dawson/Bloomberg

Bloomberg ахборот агентлигининг хабар беришича, Ляонин провинциясида қурилиши режалаштирилган мажмуа лойиҳаси қиймати 10 млрд долларни ташкил қилиши керак бўлган. Бироқ Саудия компанияси харажатларни жуда катта, янги мажмуанинг истиқболларини эса мавҳум деб топган. Бироқ Хитой ушбу лойиҳани давом эттирмоқчи ва Saudi Aramco ҳали ўз фикрини ўзгартириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Saudi Aramco’нинг ушбу режалардан воз кечишига 75 млрд доллар миқдоридаги дивидендларни сақлаб қолмоқчилиги сабаб бўлган. Шу туфайли компания раҳбарияти нефть нархи пастлаяётгани ва қарздорлик кўпаяётгани ортида харажатларни ҳар қандай йўл билан қисқартиришга уринмоқда.

Аввалроқ Saudi Aramco’нинг биринчи ярим йилликдаги соф даромади 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2 мартага - 46 млрд доллардан 23 млрд долларгача камайиб кетгани маълум бўлган. Бунинг ортида Саудия компанияси дунёдаги энг қиммат компания мақомини Apple’га бой берган. 

Мавзуга оид