Ўзбекистон | 18:24 / 25.08.2020
35645
2 дақиқада ўқилади

Такси фаолияти учун лицензия бекор қилинмайдиган бўлди

Лицензия сақлаб қолинган бўлса-да, уни олиш соддалаштирилиши маълум қилинди. Етказиб бериш хизмати учун лицензия бекор қилинади.

Фото: KUN.UZ

2021 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш лицензияси жорий этилади. Амалдаги тартибга асосан, бу 3 хил фаолият учун алоҳида лицензия олиш лозим.

Бундан ташқари, 6 хил лицензия бирлаштирилиб, уларнинг ўрнига ягона – йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро микроавтобус ҳамда автобусларда ташиш лицензияси пайдо бўлади.

Президентнинг 24 августда эълон қилинган лицензиялаш тизимини ислоҳ қилишга оид фармонида юқоридагидек тартиб белгиланган.

Фармонга асосан, 1 январдан бошлаб юкларни автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти учун лицензия тўлиқ бекор қилинади. Яъни кейинги йилдан етказиб бериш («доставка») хизмати билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилмайди.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилги давлат дастурини тасдиқлаш ҳақидаги президент қарорида, жисмоний шахсларга автомобилда йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди.

Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, бу борада тегишли ҳужжат ишлаб чиқилган.

«Йўловчи ташиш фаолиятини лицензиялаш тартибини соддалаштириш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган. Лойиҳа кўриб чиқилмоқда, қабул қилинганда бу жараён соддалаштирилади», – деди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жавоҳир Куллизода 25 августдаги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 майдаги президент селекторида таксичилар даромад солиғини тўлашдан озод этилиши маълум қилинган, аммо 9 июнда эълон қилинган тегишли қарорда таксичилар кўзда тутилмаганди.

Мавзуга оид