Ўзбекистон | 09:42 / 28.08.2020
3017
6 дақиқада ўқилади

Юридик шахслар бирлашмаларини тугатиш тартиби тасдиқланади

Юридик шахслар бирлашмалари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик шахслар бирлашмалари фаолиятига доир айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;

Юридик шахслар бирлашмаларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Юридик шахслар бирлашмаларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда юридик шахслар бирлашмаларини Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш имкониятини яратади.

Юридик шахслар бирлашмаларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, юридик шахслар бирлашмасини тугатиш бўйича давлат солиқ хизмати органлари, давлат статистика органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда тижорат банклари билан ўзаро маълумот алмашиниш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими воситасида амалга оширилади.

Юридик шахслар бирлашмасини ихтиёрий тугатиш мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Юридик шахслар бирлашмасини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг таъсис ҳужжатларида шунга ваколат берилган юқори органи томонидан қабул қилинади.

Тугатувчи тайинланган вақтдан бошлаб юридик шахслар бирлашмаси ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар унга ўтади.

Тугатувчи тайинлангандан сўнг юридик шахслар бирлашмаси бошқарув органлари томонидан икки кун муддатда унга юридик шахслар бирлашмаси фаолияти билан боғлиқ барча ҳужжатларни, юридик шахслар бирлашмасининг муҳри, штамплари (агар мавжуд бўлса) ва бошқа мол-мулкни топширади.

Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг бир иш кунидан кечикмай қуйидагиларни амалга оширади:

а) рўйхатдан ўтказувчи органга – ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;

б) юридик шахслар бирлашмасининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағига, хизмат кўрсатувчи банкка ва хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган банкка ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;

в) юридик шахслар бирлашмасининг миллий валютадаги иккиламчи депозит ҳисобварақларига, жамғарма депозит ҳисобварақларига ва муддатли депозит ҳисобварақларига (агар мавжуд бўлса) хизмат кўрсатувчи банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани;

г) юридик шахслар бирлашмасининг хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварақлари, жамғарма депозит ва муддатли депозит ҳисобварақлари (агар мавжуд бўлса) очилган банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг депозит ҳисобварақларига, унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағи очилган жойда очилган хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ёки, агар унинг асосий ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк ваколатли банк ҳисобланмаса, бошқа ваколатли банкдаги хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани жўнатади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган тугатиш тўғрисида қарор тушгандан сўнг бир иш куни ичида қуйидагиларни амалга оширади:

а) юридик шахслар бирлашмасини ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритади ҳамда бу тўғрисида Тизим орқали қуйидаги ваколатли органларни хабардор қилади:

юридик шахслар бирлашмаси рўйхатдан ўтган жойдаги давлат солиқ хизмати ва статистика органларини;

Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлимини;

б) Тизимга юридик шахслар бирлашмаси тугатилаётганлиги тўғрисида барча учун эркин фойдаланиш имкони бўлган эълонни жойлаштиради.

Кредиторларнинг талаблари кўрсатилган ҳолдаги мурожаатларни қабул қилиш муддати, ушбу муддат кўрсатиб ўтилган эълон чиққан вақтдан бошлаб икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлими тегишли хабарнома тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида ўзининг маълумотлар базасида юридик шахслар бирлашмаси тўғрисида мавжуд бўлган маълумотларни Тизим орқали тақдим этади.

Юридик шахслар бирлашмасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган санадан бошлаб юридик шахслар бирлашмасининг фаолияти тўхтатиб қўйилади.

Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин:

а) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик шахслар бирлашмаси ходимлари билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўради;

б) юридик шахслар бирлашмасининг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказади, шу жумладан юридик шахслар бирлашмаси қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузади;

в) йил бошидан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи орган юридик шахслар бирлашмасини ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган санагача бўлган даврда юридик шахслар бирлашмаси томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади;

г) юридик шахслар бирлашмасининг дебиторлик қарзларини олиш, шунингдек, тасдиқнома олган ҳолда (қабул қилиб олинган санаси тўғрисидаги белги, почта квитанцияси, ёзма ёки электрон хабар ва шу кабилар) кредиторларни аниқлаш ва юридик шахслар бирлашмасининг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилиш чора-тадбирларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид