Жаҳон | 23:09 / 03.09.2020
9247
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ЖССТни тарк этадиган сана маълум қилинди

Фото: YANN

АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини 2021 йил 6 июлда расман тарк этади. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти сайтида маълум қилинган. Хабарда таъкидланишича, АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида ЖССТдан кўра “ишончлироқ ва шаффофроқ ҳамкорлар”ни қидирмоқда.
        
Давлат департаменти вакили Морган Ортагуснинг таъкидлашича, ЖССТ нафақат коронавирус пандемиясига қарши курашни, балки ўнлаб йиллар давомида фавқулодда вазиятларда ўз ишини яхши уддалай олмаган. Бундан ташқари, халқаро ташкилот ундан талаб қилинган ислоҳотларни ўтказишдан, жумладан Хитойдан мустақил эканини кўрсатишдан бош тортган. Хабарда таъкидланишича, АҚШ бутун дунё бўйлаб тиббий ва инсонпарварлик ёрдами етказишда “энг ҳотамтойи” ҳисобланади. Бу ёрдам эса америкалик солиқ тўловчилар ҳисобига амалга оширилади, улар эса бу ёрдамнинг самарали қўлланишини кутишган эди.

Ортагуснинг таъкидлашича, ЖССТга мўлжалланган маблағларнинг қолган қисми БМТнинг бошқа ташкилотларига йўналтирилади. Таъкидланишича ушбу сумма 62 млн долларни ташкил қилади.  Шунингдек, АҚШ 2021 йил июлгача ЖССТ билан мулоқотини минимумгача қисқартиради.  

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп ЖССТ пандемия билан боғлиқ ҳолда ислоҳотлар ўтказишдан бош тортгани сабабли у билан муносабатлар узилишини эълон қилганди. Трампнинг фикрича, ЖССТ “Хитойнинг қўғирчоғи” ҳисобланади. АҚШ ҳар йил ЖССТга 450 млн доллар тўлаб келган.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид