Жаҳон | 20:48 / 03.09.2020
10719
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Эдвард Сноуденнинг ҳақлигини тасдиқлади

АҚШ суди мамлакат махсус хизматлари фуқаролар ортидан кузатув олиб борганини ноқонуний деб топди. Шу тариқа, суд АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг ҳақлигини тасдиқлаган.

Эдвард Сноуден / Фото: dw

Сноуден айнан шу маълумотни ошкор қилгани учун АҚШни тарк этишга мажбур бўлган ва Россияда сиёсий бошпана олган. 

У томонидан ошкор қилинган махфий ҳужжатларда нафақат АҚШ фуқаролари ортидан ёппасига кузатув олиб борилгани, балки яна 60 та давлатда миллиард нафардан кўпроқ одам кузатувда бўлгани ҳақида маълумот бўлган. Ўшанда Сноуден ушбу маълумотни ошкор қилгани учун давлатга хиёнат қилишда айбланиб, АҚШни тарк этишга мажбур бўлган. 

Суд чиқарган қарорда Сноуден ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, бироқ АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги одамлар ортидан кузатув олиб боргани ва бу конституцияга зид бўлгани таъкидлаб ўтилган.

“7 йил аввал янгиликларда мени ҳақиқатни гапирганим учун жиноятда айблашгани айтилганда, судьяларимиз Миллий хавфсизлик агентлиги фаолиятини ноқонуний деб топишларини ва бунинг фош қилинишида менинг хизматимни тан олишларини тасаввур ҳам қилмагандим”, деб изоҳ берган ушбу қарорга Сноуден твиттерда.

Миллий хавфсизлик агентлигининг АҚШ фуқаролари телефон қўнғироқлари ортидан кузатув олиб бориш дастури 2015 йилда конгресс қарори билан тўхтатилган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид