Ўзбекистон | 07:28 / 03.09.2020
24654
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудларида павловния плантациялари ташкил қилинади

Республикада ҳунармандчилик, қурилиш материаллари, ёғоч ва ёғоч қириндили хомашё ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мебель саноатида ёғоч маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, импорт ҳажмини кескин камайтириш, шунингдек, аҳолини муқобил энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш мўлжалланган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг республика бўйича тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метрдан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида павловния плантацияларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар:

Республика бўйича тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метрдан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида синов тариқасида 2020 — 2024 йилларда павловния дарахти плантацияларини барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари;

2020 — 2024 йилларда павловния дарахти плантацияларини барпо этиш учун талаб қилинадиган кўчатлар миқдорининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари талабгорларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари ҳамда ўрмон фондига қарашли ерлардан — ўрмон билан қопланмаган ер участкалари павловния етиштириш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилишини таъминлайди.

Белгиланишича:

ёғоч ва ёғоч қириндили хомашё ишлаб чиқаришни етарли хомашё билан таъминлаш, мебель ва пеллет ишлаб чиқариш саноати самарадорлигини ошириш мақсадида павловния плантацияларини барпо этиш учун ҳар бир лойиҳага 100 гектардан кам бўлмаган ер майдони ажратилади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа олимларини жалб қилган ҳолда, павловния дарахтининг биологик хусусиятидан ҳамда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, павловния плантацияларини ташкил этиш бўйича илмий тавсиялар беради.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ўрмон хўжалиги ерларини хатловдан ўтказсин ва павловния плантацияларини электрон хариталарга жойлаштиради;

Тошкент давлат аграр университети ва бошқа илмий муассасалар билан биргаликда республикада илм-фан ва инновацион технологияларга асосланган уруғсиз, стерил дурагай кўчатларини in-vitro, қаламча ва бошқа вегетатив усулларда тайёрлаш ва кўпайтириш бўйича бир ой муддатда тавсиялар ишлаб чиқиб, ўзларининг веб-сайтларида жойлаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Асаларичилари уюшмасига павловния плантацияларида сифатли асал етиштириш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда павловния дарахти плантацияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, ушбу лойиҳа таклифларига белгиланган тартибда хорижий ва маҳаллий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш чораларини кўради.

«Ўзстандарт» агентлиги:

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси павловниядан олинадиган қурилиш материаллари маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш, стандартлаштиришни ва сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда, павловния ёғочи ва ёғоч қириндиси импортининг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб:

павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш, кўчатларини етиштириш, ундан қурилиш материаллари ва мебель саноатида ёғоч ва ёғоч қиринди хомашёси сифатида, тиббиётда ҳамда ободонлаштиришда фойдаланиш муаммолари билан боғлиқ илмий-тадқиқот, инновация ишлари ҳамда стартап лойиҳаларини шакллантириш бўйича илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида белгиланган тартибда танловлар ўтказиш;

ҳар йили ўтказиладиган инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида павловния дарахти ва ундан олинган маҳсулотлар намуналари билан ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ва фермерларни кенг миқёсда таништириш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид