Жаҳон | 15:29 / 08.09.2020
12830
6 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ адвокати уни гангстер ва ирқчи деб атади: унинг китобида яна қандай айбловлар бор?

АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн «Хиёнаткор: хотиралар» номли китоб ёзди.

Фото: Jonathan Ernst / Reuters

Коэн бу китобни Трампнинг президентлик кампаниясида аниқланган қоидабузарликларда айблангани сабаб қамоқхонада жазони ўташ даврида ёзган. Китобни бугун АҚШда савдога чиқариш режалаштирилган.

Коэн ўз китобида Трамп ўзини гангстер каби тутганини ва «қора танлиларга нисбатан салбий қарашларга эгалиги»ни таъкидлаган. Китобдаги айбловлар орасида Жанубий Африканинг биринчи қора танли лидери Нельсон Мандела ва Лотин Америкасининг туб аҳлолиси ҳақида Трамп томонидан ирқчилик билан йўғрилган фикрлар билдирилгани ҳам ўрин олган.

Китобнинг баъзи қисмлари матбуотга сизиши ортидан Оқ уй ушбу айбловларни рад этиб чиқди ва Коэн ёлғон гапираётганини маълум қилди.

«Коэн – шармандали жиноятчи ва Конгрессга ёлғон гапирган, адвокатлар ассоциациясидан ҳайдалган адвокат... Барча ишончни йўқотган кишидир. Ёлғонларини пуллаш учун ҳаракат қилаётганини кўриш ажабланарли эмас», деди Оқ уй матбуот котиби Кэйли Макэнани ҳафта охиридаги баёнотида.

Коэн ўз китобида қамоққа тушишига сабаб бўлган жиноятларда «Трамп ҳам айбдор» эканини даъво қилди.

У китобда АҚШ президентини «фирибгар, ёлғончи, ҳийлакор, безори, ирқчи тажовузкор ва кўзбўямачи» деб таърифлаган ва у «тўда раҳбари» менталитетига эгалигини таъкидлаган.

Коэннинг китобида яна қандай даъволар мавжуд?

Қора танлилар ва Мандела

Нелсон Мандела Жанубий Африка Республикасининг биринчи қора танли президенти бўлган. У апартеид туфайли 27 йил қамоқда ўтирган
BBC/72 FILMS/MEDIA24/GALLO IMAGES/GETTY IMAGES

«Трамп, қоида тариқасида, мусиқадан тортиб маданият ва сиёсатга қадар қора танлилар ҳақида ҳар доим салбий фикрларни билдирган», деб ёзади Коэн ўз китобида.

Унинг айтишича, Трамп Мандела ҳақида «ҳатто у етакчи ҳам эмас» деган.

Китобда Трамп суҳбат чоғида «Менга қора танли раҳбар томонидан бошқариладиган, аммо ҳожатхонаси бўлмаган бир мамлакатни айт. Уларнинг ҳаммаси ҳам ҳожатхона сингари жойлар», деб айтгани даъво қилинган.

Маълумот учун, 2018 йилда Овал идорада қочоқлар масаласида бўлиб ўтган учрашувда ҳам Трамп баъзи Африка мамлакатларини «ҳожатхона» деб таърифлагани аниқланган ва бу катта мунозараларга сабаб бўлганди. Трамп ўшанда ирқчи эмаслигини айтиб, ўзини ҳимоя қилганди.

Обама

Фото: Reuters

Коэннинг таъкидлашича, Трамп ўзидан аввалги президент Барак Обамага қарши «нафрат билан тўла бўлган ва уни ҳақир кўрган».

Китобда Трамп «The Apprentice» («Шогирд») телекўрсатувида қатнашган пайт ўзини Обамага ўхшатган қора танли одамга дастлаб танбеҳ бергани, сўнгра эса уни ишдан бўшатгани айтилади.

Китобда келтирилган ушбу воқеага тегишли деб тахмин қилинган видео АҚШ матбуотида намойиш этилди. Таъкидланишича, ушбу видео 2012 йилда Республикачилар партиясининг Миллий Конгресси учун суратга олинган, аммо ҳеч қачон эфирга узатилмаган.

Лотин америкалик сайловчилар

Коэннинг даъволарига кўра, Трамп яна бир суҳбат пайтида «ҳеч қачон келиб чиқишига кўра Лотин Америкасига мансубларнинг овозини ололмаслиги, улар худди қора танлилар сингари Трампга овоз бермайдиган даражада аҳмоқлиги, улар ўз аудиторияси эмаслиги» ҳақида гапирган.

Таъкидлаш жоиз, Трампнинг лотин америкаликлар ҳақидаги гаплари аввал ҳам баҳсларга сабаб бўлганди. Трамп 2016 йилги сайловларда Мексикадан келган муҳожирларни «гиёҳванд модда сотувчилари, жиноятчи ва зўравонлар» деб таърифлаганди.

АҚШ президенти 2019 йилда Нью-Мексико шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда эса шундай деганди: «Лотин Америкасига мансубларни ҳеч ким менчалик сева олмайди».

Путин

Фото: Reuters

Коэн, шунингдек, Трампнинг Россия президенти Владимир Путинга қойил қолганини ҳам ёзган.

Китобда Трамп Путин ҳақида «бутун бир мамлакатни ҳукми остига олиб, уни худди Trump Holding сингари ўзининг шахсий компанияси каби бошқаришига ҳайрон қолиши»ни билдиргани айтилади.

Коэннинг даъволарига кўра, Трамп 2016 йилги сайловларда ютқазадиган бўлса, Россиядан молиявий манба олиш учун Путинга ялтоқилик қилган.

Бироқ Коэн ўз китобида сайловдан сўнг Трамп кампаниясининг «Россия ҳукумати билан келиша олмайдиган даражада хаотик ва қобилиятсиз» бўлганини ҳам таъкидлаган.

Майкл Коэн ким?

Коэн 10 йилдан ортиқ вақт давомида Трампнинг адвокати бўлиб ишлаган.

АҚШ сиёсий доираларида Трампнинг адвокати бўлишидан ташқари, у Трампнинг «иш битирувчиси» сифатида ҳам танилган.

Коэн 2018 йилда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги қонунларни бузиш ва расмий терговда ёлғон гапиришда айбланиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилган. У бир муддат қамоқхонада ётгач, қолган жазосини Нью-Йоркда уй қамоғида ўтамоқда.

Маълумот учун, Трамп аввалроқ Коэнни «каламуш» деб таърифлаган ва уни ёлғончиликда айблаган эди.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид