Ўзбекистон | 12:05 / 19.09.2020
11788
5 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилди

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш, юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгиланишича, Филиал Тошкент давлат аграр университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳага оид инновацион ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ҳамда ресурс тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида Филиалнинг профессор-ўқитувчилари, илмий ва илмий-педагог кадрларининг малакасини ошириш ва стажировкаларини ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш;

илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлигини ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «кичик инновацион корхоналар» ташкил этиш;

кафедралар ихтисослиги бўйича талабалар ва ёш олимларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида илмий мактаб ва тўгаракларни, шунингдек, «Ёш олимлар клуби»ни (Young Scholars Club) ташкил этиш ҳамда кейинчалик энг иқтидорли ёш олимларни хорижий давлатларга ўқишга ва стажировкага юбориш;

ўқув ва бошқарув жараёнини ташкил ва назорат қилишда ахборот тизимларини жорий қилиш, талабаларнинг мустақил таълим олиши учун масофавий ўқитиш шаклини татбиқ этиш орқали қулай шарт-шароитлар яратиш;

замонавий технологиялар ва интерактив таълим услубларини (E-Minbar электрон платформаси), талабаларнинг мустақил ўқув ва амалий фаолиятини (кейс-стади, коучинг ва бошқалар) ривожлантириш орқали амалиёт ўташ, шунингдек, ўқитувчи ва талабанинг ўзаро масофавий ҳамкорлигини (вебинар технологиялар) таъминлашга, уларда инновацион ва таҳлилий фикрлашни ривожлантиришга мўлжалланган модулли, объектга йўналтирилган ва динамик таълим муҳитини (Moodle) кенг жорий қилиш;

кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари, «устоз-шогирд» тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;

хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим (double degree) дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;

истиқболли ёш битирувчиларни республика ва хорижий мамлакатлардаги етакчи олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг магистратура ва докторантурасига мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит-модуль тизимини жорий этиш, бунда таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқишни ҳамда ҳафтанинг шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгилаш;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурларини Тошкент давлат аграр университети томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда мустақил тасдиқлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Самарқанд агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи бинолари ва иншоотлари, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва ётоқхона мебелларини Филиалга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Мавзуга оид