Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгиланишича, Филиал Тошкент давлат аграр университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳага оид инновацион ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ҳамда ресурс тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида Филиалнинг профессор-ўқитувчилари, илмий ва илмий-педагог кадрларининг малакасини ошириш ва стажировкаларини ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш;

илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлигини ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «кичик инновацион корхоналар» ташкил этиш;

кафедралар ихтисослиги бўйича талабалар ва ёш олимларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида илмий мактаб ва тўгаракларни, шунингдек, «Ёш олимлар клуби»ни (Young Scholars Club) ташкил этиш ҳамда кейинчалик энг иқтидорли ёш олимларни хорижий давлатларга ўқишга ва стажировкага юбориш;

ўқув ва бошқарув жараёнини ташкил ва назорат қилишда ахборот тизимларини жорий қилиш, талабаларнинг мустақил таълим олиши учун масофавий ўқитиш шаклини татбиқ этиш орқали қулай шарт-шароитлар яратиш;