13:52 / 23.09.2020
20384

ID-карта бланкасида фуқаро миллати ҳақидаги ёзув бўлмайди

Амалдаги биометрик паспортдан фарқли равишда 2021 йил 1 сентябрдан жорий этиладиган ID-карталарнинг юза қисмида фуқаронинг миллати кўрсатилмайди. Ушбу маълумот ID-карта чипида сақланади. Бу ҳақда президентнинг «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» маркази бўлим бошлиғи Ниғматилла Шарофиддинов ID-карта устки қисмида фуқаронинг «миллати» ёзуви акс этмаслиги ва бунинг сабаби хусусида тўхталди.

«2021 йилдан жорий этиладиган ID-карта халқаро талабларга мослаб ишлаб чиқилди. Унинг юза қисмида (ID-карта бланкаси) шахснинг миллати ёзуви акс эттирилмайди. Чунки бу халқаро талабга кўра, миллатчиликка қарши қўлланган ёндашув ҳисобланади.

Маълумки, фуқаролар давлат ташкилотларига мурожаат қилганда, улардан идентификация талаб этилади. Пандемия даврида идентификация билан мавжуд муаммолар яққол намоён бўлиб қолди. Эндиликда жорий этиладиган ID-карта билан давлат ташкилотларига мурожаат қилинганда, тўғридан тўғри идентификациялаш тизими жорий этилиши бўйича топшириқ берилган. ID-картада фуқароларнинг шахсий электрон имзо калитлари сертификатлари ҳам электрон тарзда киритилади. Бу эса давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратади.

Шунингдек, my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ID-карталарни олиш бўйича мурожаат юбориш, тўловларни онлайн амалга ошириш имконияти ҳам яратилади», дея ахборот берди Шарофиддинов АОКАда ўтказилган брифингда.

Top