Ўзбекистон | 13:44 / 15.10.2020
57724
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Садир Жапаровни табриклади

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Садир Жапаров номига Қирғиз Республикаси бош вазири этиб тайинлангани муносабати билан табрик йўллади.

(Фото: Абилай Саралаев / ТАСС)

«Табрик мактубида Қирғиз Республикаси Бош вазири Садир Жапаровга ўзаро манфаатли ҳамкорликни барча йўналишларда кенгайтиришига, шунингдек, мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати учун стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашига умид билдирилган», дейилади Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, 5-6 октябрь воқеалари вақтида намойишчилар «Mekenchil» («Ватанпарвар») партияси асосчиси бўлган Садир Жапаровни қамоқдан озод қилишганди. У 2013 йилда Қоракўлда митинглар уюштиргани ҳамда Иссиқкўл губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олгани учун 2018 йилда 11,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Намойишлар вақтида шу йил ёзидан буён ҳукуматни бошқариб турган Кубатбек Бўронов истеъфо берди.

6 октябрь куни Қирғизистон парламенти депутатларининг бир қисми Садир Жапаров номзодини мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқлади.

Аммо 13 октябрь куни президент Сооронбай Жээнбеков парламент қарори юридик кучга эга бўлиши учун депутатларнинг етарли сони унга овоз бериши кераклигини айтиб, Жапаровни бош вазир сифатида тан олмади.

14 октябрь куни Қирғизистон парламенти Садир Жапаровни яна бир бор бош вазирликка тайинлади ва бу сафар президент унинг номзодини қабул қилди.

Айнан унинг талаби ортидан Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни Қирғизистон президентлигидан истеъфога чиқди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид