12:12 / 19.10.2020
6995

11 ёшли бола аэрокосмик муҳандислик факультетига ўқишга кирди

Ёш даҳо икки ёшидан масалаларни ўқиш ва ечишни бошлаган. Уч ёшида эса IQ даражаси энг юқори бўлган одамлар уюшмасига қабул қилинган. У ҳозир 12 ёшда ва коллежнинг иккинчи курсида ўқийди.

АҚШнинг Жоржия штатида яшовчи Калеб Андерсон 11 ёшида Чаттаҳучи коллежига аэрокосмик муҳандислик факультетига ўқишга кирди. Бола иккинчи йилга ўтган. Америкалик ёш йигит космосга учишни орзу қилади, деб ёзади People портали.

Калеб тўққиз ойлик бўлганида имо-ишора тилини ўзлаштирган. Кўп ўтмай у ўқишни бошлаган ва икки ёшида математикадаги масалаларни осонликча ҳал қила олган. Ота-онаси уни жуда эрта мактабга беришди. «Ҳали ҳам эсимда, барча синфдошларимнинг мендан бўйи баланд эди. Мен ўшанда жуда кичкина эдим, зўрға юрар эдим», — дея таъкидлаган у.

Калебнинг ота-онаси айтишича, улар ўз фарзандлари бошқа болалардан ажралиб туришини дарҳол англашган. Уч ёшида Калеб энг яхши қобилияти ва ақллилиги учун MENSA (IQ юқори бўлган кишилар) ассоциациясига қабул қилинган. Андерсон космосга учишни орзу қилади, шунинг учун у аэрокосмик муҳандислик факультетида ўқишни танлади. Икки йилдан сўнг у бакалаврга айланади.

Бундан ташқари, у Жоржия технология институти ёки Массачусетс технология институтида ҳам ўқишни хоҳлайди. У Илон Маскнинг SpaceX дастурида амалиёт ўташга умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Британияда тўрт ёшли вундеркид учта тилда ёза олади. У IQ даражаси юқори бўлган одамлар жамиятига қабул қилинган. Шунингдек, Бельгияда тўққиз ёшли болакай раҳбарият билан зиддият туфайли университетни тарк этгани ҳақида хабар берилган.

Top