Жаҳон | 14:41 / 20.10.2020
991
2 дақиқада ўқилади

ЕИда инсон ҳуқуқлари бузилгани учун санкциялар қўллаш режими жорий этилади

Европа Иттифоқига аъзо бўлган 27 давлатнинг барчаси янги санкциялар механизмига рози бўлиши талаб этилади. 

Фото: Getty Images

Европа Комиссияси ЕИ томонидан дунёнинг исталган мамлакатида инсон ҳуқуқлари бузилгани учун санкциялар жорий этиш алгоритмини яратмоқчи. Бу ҳақида 19 октябрь куни Еврокомиссия раисининг прогноз қилиш бўйича ўринбосари Марос Шефчович Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилган.

«Европа Комиссияси инсон ҳуқуқлари жиддий бузилгани учун қаерда бўлишидан қатъи назар, санкция режимини жорий этиш бўйича таклиф билан чиқди. Санкциялар Европа Иттифоқи банкларига киришни тақиқлаш ва активларни музлатишдан иборат бўлади», — деган европалик сиёсатчи.

Инсон ҳуқуқлари глобал даражада тобора кўпроқ бузилаётгани мазкур қарорнинг сабаби сифатида кўрсатилган.

«Яқинда Беларусда бўлиб ўтган воқеалар, Навальний билан содир бўлган воқеа, Венесуэла ва Суриядаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биздан, шубҳасиз, алоҳида санкциялар режимини яратиш талаб қилинади», — деди Еврокомиссия раиси ўринбосари.

Эндиликда Европа комиссиясининг таклифи Европа Иттифоқи кенгаши томонидан кўриб чиқилиши керак. ЕИнинг барча 27 давлати вакиллари янги санкциялар режимини қўллаб-қувватлаган тақдирда, иттифоқ мамлакатлари ушбу рўйхатга киритилгани учун, уларнинг фикрига кўра, иттифоқдан ташқарида инсон ҳуқуқлари бузилишида айбдор деб ҳисобланган хорижий жисмоний ва юридик шахсларнинг номларини таклиф қилишлари мумкин бўлади.

«Биз санкциялардан ўз мақсадларимиз йўлида фойдаланишни хоҳламаймиз. Бу санкциялар алоҳида мамлакатлар ва институтларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга имкон берадиган восита бўлиши керак», — дея хулоса қилган Шефчович.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид