21:35 / 26.10.2020
92648

«Монополиянинг 25 йили». Ўзбек машина бозорига назар

Ўзбекистонда исталган машинани харид қилишингиз мумкин, аммо кўчада фақат «Нексия», «Кобальт» ёки «Матиз» кўзга ташланаверади. Бу мижозларнинг дидсизлигими? Уларга автомобиль харид қилишда чеклов қўйилганми ё маҳаллий ишлаб чиқарувчининг машиналари шунчалар арзонми?

Фото: UzAuto Motors

Машинага эга бўлиш энди ҳашамат эмас, у кундалик ҳаётда зарур бўлган воситага айланган. Шиддат билан ўзгараётган турмушимизни машиналарсиз тасаввур этиш энди қийин. Аммо Ўзбекистонда автомобиллар сони ҳар минг кишига 85тани ташкил этади (2025 йилгача бу кўрсаткични 237тага етказиш режаси бор). Машинасозлик борасида биздан кейинроқ «қамчи урган» Қозоғистонда ҳам ушбу рақам 250тани ташкил этади. Қолаверса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган «Кобальт»нинг харидоргир русумини сотиб олиш учун олдиндан тўлов қилиб, яна ойлаб унинг чиқишини пойлаш керак. Нега?

Бу каби саволларга жавоб йўқ. Шунчаки. Расман монополист сифатида маълум бўлган «UzAuto Motors» бу каби саволларга очиқ жавоб бера олмайди. Чунки унинг жавоблари ҳукумат ва амалдорларнинг турли махфий ҳужжатлари билан «тўсиб қўйилган». Қоидага кўра, истеъмолчилар у ёки бу маҳсулот ва хизматлардан воз кечиш орқали ишлаб чиқарувчининг «жазосини бериши» керак. Аммо ушбу монопол ташкилотга нисбатан истеъмолчининг ягона «қуроли» ҳам иш бермайди.

Собиқ иттифоқ парчалангач, ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон Жанубий Кореянинг «Daewoo» компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 600 миллион долларга тенг бўлган улкан машинасозлик заводини ташкил этганди. 2008 йилда корейсларнинг ушбу заводдаги улуши АҚШнинг «General Motors» компаниясига сотилади. Орадан уч йил ўтиб Ўзбекистонда дунёдаги энг йирик авто монополия бозори шаклланди — ички бозорда сотилган машиналарнинг 94 фоизи «Шевроле» бренди остида эди. Бунга эришиш унча қийин бўлмаган: ҳукумат импорт қилинадиган автомобилларга юқори бож тўлови жорий қилиши ички бозорда шундай манзара юзага келишига сабаб бўлади.

Бу орада машиналар нархи пасаймаган, балки фақат ўсган. Масалан, 2012-13 йиллар оралиғида «Нексия»нинг нархи салкам 25 фоизга ошди.

2017 йили янги президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси билан валюта конвертацияси эркин қўйиб юборилгунча, машиналар нархи миллий валютада кўрсатилган, аммо кассада АҚШ доллари талаб қилинган. Яъни харидор «қора бозор»дан доллар топиб келади ва банк кассасида уни расмий курсда икки баравар арзон қийматда айирбошлайди. Бу машиналар учун миллий валютада белгиланган нархнинг амалда икки баравар қиммат бўлганининг яққол исботидир.

2018 йилда эса «General Motors» заводдаги улушини Ўзбекистонга сотди. Завод махсус келишув бўйича Америка технологияси ва брендидан фойдаланишда давом этмоқда.

Шундан кейин, устав фондидаги барча улуш Давлат активларни бошқариш агентлигига қарашли бўлган «Ўзавтосаноат» акционерлик компанияси «Uzauto Passenger Vehicles Management» масъулияти чекланган жамиятни таъсис этди. Ушбу МЖЧ эса Асака, Тошкент ва Питнакдаги машина заводларни бошқарувчи «UzAuto Motors»нинг устав фондидаги барча улушга эгалик қилади. Де-факто, «UzAuto Motors» тўлалигича давлатники ҳисобланади. «Ўзавтосаноат» раҳбари бўлган Улуғбек Рўзиқулов 2017 йилга қадар бош вазир ўринбосари саналарди.

Бундан ташқари, бозорда пайдо бўлаётган янги брендлар ҳам билвосита «Ўзавтосаноат»га қарашли. Масалан, Ўзбекистон бозорига «Wolkswagen» ва «Шкода» русумли машиналарни олиб кираётган, кейинчалик ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режасини қўйган «Жиззах автомобиль заводи»нинг уставидаги улуш ҳам «Ўзавтосаноат»га тегишли. Ушбу масъулияти чекланган жамиятнинг яна бир таъсисчиси — 2003 йилдан Россияга «Wolkswagen»ни расман импорт қила бошлаган «Фольксваген Груп Рус» саналади. Шу туфайли, Ўзбекистон бозорида таклиф этилаётган «Шкода» русумли машиналар нархи Россия бозоридаги нарх-наводан катта фарқ қилмайди.

Давлат статистика қўмитасининг қайд этишича, Ўзбекистонга енгил автомобилларнинг йиллик импорт ҳажми ўртача 17,5 минг донани ташкил этади. Бу рақам кескин ошиб кетиши ҳам мумкин, аммо импорт амалиётида машина учун олинадиган божхона тўловлари автомобилнинг модификациясига қараб тахминан 120-150 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, қарийб 26 миллион сўмлик утилизация йиғими ундирилади. Божхона тўловлари ҳам устомонлик билан ўрнатилган: маҳаллий ишлаб чиқарилаётган двигатель ҳажми 1 литрдан 2 литргача бўлган сегментдаги автолар учун импорт тарифлари жуда катта рақамлар билан белгиланган. Ўзбекистонга двигатель ҳажми 3 литрлик импорт автони келтириш тахминан 2-2,5 баробар қимматга тушса, ички бозорда оммабоп русумли машиналар сегментидаги машиналарни импорт қилиш қарийб 3 баробар қимматга тушади.

Қолаверса, «UzAuto Motors» Таиланддан импорт қилаётган «Chevrolet Trailblazer»нинг ички бозордаги нархи тахминан 38 минг 500 долларга тенг. Агар компания мамлакат божхона қоидаларига риоя қилиб, машинани импорт қилса, унинг Ўзбекистонга кириб келгунга қадар нархи 15 минг доллар атрофида бўлиши лозим. Ваҳоланки, ушбу нархда «Chevrolet Trailblazer» жаҳон бозорида йўқ. Демак, компания бож ва бошқа тўловларни четлаб ўтяптими? Депутатлар масалага ойдинлик киритиш мақсадида мутасаддиларга сўровлар юборишган. Биз муносабатни кутамиз.

Ҳалигача машинага тўйинмаган бозорда харидоргир автомобиллардан сотиб олиш учун навбат кутиш амалиёти сақланиб қолган. Гарчи коррупцион ҳолатларга жиддий кураш кечаётганига қарамай, мавжуд шароитнинг ўзи яна коррупцияга йўл очади.

Ўтган икки йил ичида ўзбек бозорига янги хорижий иштирокчиларнинг қизиқиши ортган, аммо «ўйин қоидалари» аниқ битилмагани, «UzAuto Motors» учун тақдим этилган алоҳида преференция ҳамда имтиёзлар соғлом муҳит яратишга халақит бермоқда.

Алишер Рўзиохунов

Top