Жаҳон | 23:50 / 04.11.2020
13315
2 дақиқада ўқилади

Пуэрто-Рико аҳолиси АҚШга қўшилишни навбатдаги марта қўллаб-қувватлади   

Пуэрто-Рико аҳолисининг ярмидан кўпи – 52 фоизи оролнинг АҚШ таркибига 51-штат бўлиб киришини маъқуллади. Бундан ушбу масала бўйича ўтказилган навбатдаги референдум натижалари дарак бермоқда.  

Фото: Alvin Baez /Reuters

Пуэрто-Рико Кариб денгизидаги ҳудуд бўлиб, у 1898 йилда АҚШ ҳудуди деб тан олинган. Орол АҚШ томонидан бошқарилса-да, бироқ унинг ажралмас қисми ҳисобланмайди. Орол АҚШнинг бошқа штатлари каби ўз маҳаллий конституциясига, қонунчилик, ижрочилик ва суд ҳокимиятига эга. Унинг фуқаролари 1917 йилдан бери АҚШ фуқаролари ҳисобланса-да, бироқ президент сайловларида овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар ва АҚШ конгрессида чекланган ҳуқуқларга эга бир вакил билан билдирилганлар. Оролнинг АҚШ билан боғлиқлиги умумий фуқаролик, валюта ва мудофаага эга эканидан иборат.

Пуэрто-Рико ҳукумати раҳбари Ванда Васкес Гарсед оролнинг АҚШга қўшилиши бўйича янги референдум ўтказилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини май ойида имзолаган. 

Шу билан бирга, АҚШ оролнинг мақоми бўйича референдум натижаларини инобатга олишга мажбур эмас. Оролнинг АҚШ таркибига кириши масаласини конгресс ҳал қилади.

Аввал ҳам Пуэрто-Рикода оролнинг мақоми масаласи бир неча маротаба кўтарилган. 2012 йил ноябрда ўтказилган референдумда 65 фоиз аҳоли АҚШ таркибига қўшилишни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, АҚШ конгресси бу қарорни маъқулламаган. Ушбу масала бўйича 2017 йилда ўтказилган референдумда ҳам овоз берувчиларнинг 97 фоизи оролнинг АҚШга қўшилишини қўллаб-қувватлаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид