Жаҳон | 00:00 / 07.11.2020
21245
6 дақиқада ўқилади

АҚШ сайловларида фирибгарлик бўляптими? Трампнинг иддаолари ва фактлар таққоси

Фото: Getty Images

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп иккинчи муддатга сайланмаслиги тобора ҳақиқатга яқин бўлиб бормоқда. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади, деганларидек, Трамп бор кучи билан мағлубиятининг олдини олишга уринмоқда. Унинг асосий эътирози почта орқали овоз беришда. Хўш, унинг иддаолари қанчалик ҳақиқатга яқин? ВВС унинг нутқидаги даъволари ва фактларни солиштирди.

Дональд Трамп: «Почта орқали овоз беришдан норозилигим ҳақида анчадан буён гапираман ва бу чиндан сайлов тизимимизни бузиб юборди. Бу тизим одамларни ўзлари хоҳламаган ҳолда фирибгарликка ундайди»

Трамп апрель ойидан буён Твиттерда почта орқали сайловлар ҳаққоний ўтишига шубҳа билдириб, 70дан ортиқ постлар ёзди. Бироқ бунга бирорта исбот кўрсатгани йўқ.

Умуман олганда, АҚШда президентлик сайловларида фирибгарлик содир бўлиши – ҳеч қачон кузатилмаган воқеа.

Масалан, 2017 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, АҚШ сайловларида фирибгарлик содир бўлиши эътимоли 0,0009 фоиз деб белгиланган. Бу йил сайловлар почта орқали ўтгани эса улар ноҳақ бўлганидан дарак бермайди, чунки буни бутун бошли тизим назорат қилади.

Трамп доим ёмонлайдиган почта орқали овоз беришда ўзи ҳам иштирок этган. У Флориданинг чеккароғида яшаган вақтида сайловда почта орқали овоз беришни маъқул кўрган. Президентлик сайловларида ҳам почта орқали овоз бериш амалиёти янги эмас. Олдинроқ Орегон ва Юта штатларида овоз бериш жараёни почта орқали амалга оширилган ва барчаси муваффақиятли ўтган.

Трамп: «Улар уялмай 10 миллионлаб бюллетенларни ҳеч ким сўрамаса ҳам юборишди»

9та штатда ва Колумбия округида бюллетенлар барча сайловчиларга автоматик юборилди. Бешта штатда эса бюллетенларда коронавирус сабаб шундай қилинаётгани тушунтирилган огоҳлантириш илова қилинди. Колорадо, Ҳавайи, Орегон, Юта, Вашингтон, Калифорния, Нью-Жерси ва Вермонтда овоз бериш почта орқали амалга оширилиб, ҳеч қандай муаммо кузатилмади.

Сайловчиларга бюллетенлер махсус конвертда, махсус имзо кўринишидаги ҳимоя воситаси билан юборилган. Ҳукумат вакиллари бюллетен керакли манзилга етиб борган-бормаганини назорат қила олади. Бир сўз билан айтганда – АҚШ учун почта орқали овоз бериш янгилик эмас.

Трамп: «Қанақасига барча почта орқали юборилган овозлар бир киши фойдасига бўлиши мумкин?»

Трамп почта орқали овоз беришни қоралар экан, республикачиларни почта орқали эмас, сайлов участкасига бориб овоз беришга чақирганди. Шундай бўлди ҳам: республикачилар участкаларда овоз беришди, демократлар эса почта орқали.

Масалан, ҳали ҳисоблаш якунланмаган Пенсилванияда почта орқали юборилган 2,5 миллион овознинг тўртдан уч қисми Байден фойдасига берилган.

Трамп: «Жоржияда сайловга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда битта қувур ёрилди ва овозларни ҳисоблашни тўрт соатга тўхтатиб қўйишди»

Аслида бундай бўлмаган. Атлантадаги «Стэйт Фарм-арена» комплексида содир бўлган авария сайлов бюллетенлари рўйхатлари сақланаётган бинога зарар етказган.

Трамп: «Президентлик сайловлари тақдирини ҳал қиладиган бир нечта штатларда натижалар аниқ эмас ва бу штатларнинг барчасини демократлар назорат қилади»

Бу ҳолатда калит сўз «ҳамма штатларда». Жоржия республикачилар назоратида. Трамп бу штатдаги ғалабасига шубҳа қилмаётганди. Бу штатда сайловларни ташкил этувчи Брэд Раффенспергер ҳам республикачи. Уни Трамп 2018 йил Твиттерда мақтаганди.

Байден ғалаба қозонишга яқин бўлган ва ҳал қилувчи бўлиши кутилаётган Невадада ҳам сайлов ташкилотчиси бўлган бош котиб – республикачи.

Трамп: «Улар қонуний кузатувчиларни киритишмади»

Трамп сайловлардаги шаффофликни таъминлайдиган ва овоз бериш жараёнини томоша қилиш имконига эга кузатувчиларни назарда тутмоқда. АҚШ қонунчилигига кўра, кузатувчи қайси партиядан эканини айтиб, участкада қатнашиш учун олдиндан ариза бериш керак. Трамп демократлар назоратидаги Филадельфия ва Детройтда республикачи кузатувчилар участкаларга қўйилмаганини айтган.

Бироқ барча участкаларда кузатувчилар бўлган, лекин коронавирус сабаб уларнинг сони чекланган миқдорда. Масалан, Детройтда ҳар икки партиядан 10 нафар кузатувчи бўлгани маълум.

Интернетда Филадельфиядаги участкалардан бирида кузатувчини ичкарига киритишмаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Маълум бўлишича, у ерда тушунмовчилик бўлган ва кузатувчини кейинчалик ичкарига киритишган.

Трамп: «Улар кеч келган овозларни ҳам ҳисоблашяптими, демак биздан сайловларни олиб қўйишмоқчи»

Президент сайлов кунидан кейин почта орқали келган овозларни ҳисобга олишни ноқунуний деб ҳисобламоқда. Лекин аслида конверт 3 ноябрь ёки ундан олдин ёпилган бўлса, уни кейинчалик ҳам ҳисоблаш мумкин.

Хусусан, Пенсильвания, Невада ва Шимолий Каролинада ҳам бундай қонун амалда. Бироқ Жоржия ва Аризонада 3 ноябрдан кейин келган бюллетенлар ҳисобланмайди.

Трамп ўз нутқида Пенсилваниядаги конвертлар штампини керакли даражада текширишмаганини айтди. Бироқ штатнинг Олий суди маркасиз ёки ёмон ўқиладиган штампли конвертлар ҳам ҳисобга олиниши кераклигини маълум қилди. Агар улар сайлов кунидан кейин юборилгани исботланган бўлмаса.

Хуллас, Трампнинг иддаолари фақат унинг зарарига хизмат қилмоқда. Мағлубиятни бундай қабул қилиш эса унинг обрўсига зарар келтиради.

АҚШ тарихидаги энг ноодатий президент бўлиб сиёсатга кириб келган Трамп мамлакат тарихида энг обрўсиз раҳбар бўлиб кетмаслик учун ҳалиям имкони бор. Бу кетишда эса тарих Трампни жуда ёмон хотиралар билан эслаб қолади...

Мавзуга оид