Ўзбекистон | 18:15 / 07.11.2020
21509
9 дақиқада ўқилади

«Панорама» ва алюкобонд қоплама. Немис мутахассиси Тошкентнинг замонавий қиёфаси ҳақида

Ёдгорликларни асраш бўйича Тошкентдаги баҳс-мунозаралар борасида германиялик мутахассис Йенс Йордан ўз муносабатини билдирди. У Kun.uz'га йўллаган мақоласида Алишер Навоий номидаги киносарой мисолида вазиятни тушунтирди. Қуйида унинг мақоласи ўзбек тилида тақдим этилади.

Санъат саройининг фойеси ва павильони.
Манба: Борис Чукович ва Серго Сутягинларнинг архиви

Ёдгорликларни сақлаш бўйича мутахассислар орасида анча вақтдан буён бир қараш мустаҳкам ўрнашган: ёдгорликларни сақлаш масаласи кичик мутахассислар гуруҳининг иши эмас, балки бутун жамият томонидан муҳокама қилиниши зарур бўлган мавзудир.

Бугунги кунда «Панорама» номи билан танилган киносаройнинг донғи Тошкент ва мамлакат чегараларидан ҳам узоққа етади. Бу – илгари ҳукмрон бўлган неоклассицизмни 1950 йилларнинг охиридан бошлаб алмаштирган ва ўзи билан меъморчилик тили, турар жой қурилиши ва кундалик ҳаётнинг бошқа кўплаб жабҳаларига ўзгаришлар олиб келган янги даврнинг манифести саналади. Жамоатчилик бинолари архитектурасида парадигмалардаги ушбу ўзгариш авваламбор 1960 йилларнинг бошларида Москвада қурилган Пионерлар саройида ва бироздан кейин Тошкентда киносарой қурилиши билан яққол намоён бўлди.

Албатта, бошқа маъмурий бинолар, шу жумладан, аввалги бинолар ҳам янги меъморчилик тилини ифода этади, бироқ совет модернизмининг бир қатор муҳим иншоотларида кўп функцияли бино қурилиши катта эҳтимол билан биринчи ўринда турарди.

Санъат саройининг кўринишлари. / Манба:shaharsozlik.uz

Ушбу лойиҳанинг ўзига хос хусусияти – унинг контекстуализацияси, жойга мослашиши ҳамда шакл ва фасад борасида бир-бирига қарама-қарши бўлган бино қисмларининг ўзаро уйғунлигида намоён бўлади.

Контекстуализацияни тушуниш учун лойиҳанинг қурилиш пайтидаги муҳитга назар ташлаш керак: 1930 йилларнинг бошларида бошланган, неоклассицизм ва шарқона услублар аралашган муҳташам Навоий кўчасининг қурилиши анча ривожланган эди. Ҳануз Эски шаҳарнинг анъанавий уйлари билан ўраб олинган киносарой майдонининг рўпарасида М. Булатов томонидан лойиҳалаштирилган турар жой биноси барпо этилади, у 1950 йилларнинг ўрталарида бузиб ташланган Эшонқул Додхо мадрасасининг пастки қаватидаги чўққили равоқ билан безалган жавонларни давом эттиради. Чўққили равоқларнинг тепасида олдинга бўртиб чиққан балконлар бир қанча устунларга эга фасаднинг кўринишини ажратиб туради. Майдоннинг шарқида, Пахтакор кўчаси бўйида аллақачон ТошПИнинг неоклассик фасадга эга илк биноси мавжуд бўлиб, у биринчи телестудияни шакллантириш учун масъул бўлган А. Петросов томонидан лойиҳалаштирилган эди. Навоий кўчасига туташ бурчакда ТошПИнинг (ҳозирги Вебстер университети) Л. Караш томонидан лойиҳалаштирилган ва 1956 йилда қуриб битказилган асосий биноси жойлашган бўлиб, у қўшни ҳудуддаги эски бинонинг фасад шаклини қабул қилиб олади, бироқ безак элементларидан сезиларли даражада кам фойдаланилгани туфайли у аллақачон янги даврдан дарак беради.

Киносарой неоклассик безаклар ва шарқона нақшларга оид ушбу қоидадан, шунингдек, шаҳарсозликдаги периметрли қурилишдан четга чиқади. У 1964 йилда В. Березин, С. Сутягин, Ю. Халдеев, Д. Шуваев ва О. Легостаеваларнинг лойиҳаси бўйича С. Сутягин томонидан қурилган. Бинонинг шакли кинозалнинг баландлиги 22 метр бўлган ёпиқ ҳажми ва узунасига тортилган, аксар қисми ойна билан қопланган, шу сабабли енгил кўринадиган икки қаватли павильон ўртасидаги контраст намоён бўлади.

Функционал ажратиш орқали вазифага идеал даражада мос келадиган бино шакли ва фасад танлаб олинган. Катта залнинг ҳажми кузатувчига теваракда кўп учрайдиган устунларнинг бир неча марта катталаштирилган бўлаги каби кўриниши мумкин, бино тарҳида эса у маҳаллий каштачилик анъаналарининг нақшларини эслатади. Мумтоз меъморчиликка оид постмодерн иқтибосга янги даврнинг ифодаси сифатида қарайдиган ушбу ассоциация орқали бинога яна бир талқин ва маъно даражаси берилади. Ушбу ёпиқ ҳажмдан фарқли ўлароқ, павильон тўсинлари шаффоф ва табиий кўринади. Павильон касса билан биргаликдаги кириш майдонини, гардероб ва буфет жойлашган фойе ҳамда маъмурий хоналарни ўз ичига олади.

Санъат саройи 1960 йилларда. / Манба:shaharsozlik.uz

Санъат саройи гараж сифатида

Ўтган ҳафталар ичида павильон режалаштирилган таъмирдан кейин қандай бўлиши ҳақидаги расмлар тарқаб кетди. Улар фасаднинг алюминли композит панеллар (афсуски, бу панеллар бинонинг қиёфасини ҳозир ҳам бузиб турибди) билан ўзгартириб юборилишини ва фойедан тарихий автомобиллар учун нимқоронғи кўргазма зали сифатида фойдаланишни кўрсатади.

Рўйхатга киритилган ёдгорликни умуман англамаслик. / Манба: Подробно.uz
Қоронғилаштирилган павильон автомобиллар учун кўргазма ҳудуди сифатида. / Манба: Подробно.uz

Кўрсатилган визуализация расмлари асл лойиҳани умуман англамасликдан дарак беради. Кўзда тутилган алюминийли композит панеллар ўрнига катта ҳажмдаги ойналарни тиклаш ва бинонинг ушбу қисмига эркинликни қайтариб бериш жуда муҳимдир. Агар кенг миқёсли реклама баннерларидан воз кечилса, унда уларнинг ортида жойлашган хоналардан ҳам муносиб равишда, масалан, кафе, ресторан ёки бар сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. Бинога киришдаги майдон инобатга олинса, бундай иншоот, албатта, меҳмонларнинг бу ерга кинога келишини бошқа таклифлар билан бойитиш ёки янги меҳмонларни жалб қилиш салоҳиятига эга бўларди.

Мажмуанинг меъморий қийматини ва унинг тарихий улушини ифодалаб бериш ва тушунарли қилиш учун ички дизайнни ҳам унинг қурилиш концепциясига яқинроқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳаддан ташқари кўп иссиқ ўтиши масалалари техник жиҳатдан қуёш нурларидан ҳимояловчи ойна ва замонавий шамоллатиш ускуналари воситасида ҳал қилинади. Ойнаванд осмонўпар биноларни Тошкентда ҳам қуриш мумкинлиги аллақачон бошқа жойларда намойиш этилмоқда.

Лойиҳа муаллифларидан бири сифатида у, албатта, бинони ўзгартириш ёки қайта тиклаш бўйича аъло даражада маслаҳат бера олади. Замон талабларига ҳамоҳанг равишда бино ўзининг асл концепцияси ва шаклидан қанчалик кўп қайтариб олса, у шунчалик қадрли бўлади. 

Гараж санъат асари сифатида

Ёдгорликларни муҳофаза қилишнинг яна бир муаммоси Буюк Ипак йўли кўчаси 297-уйда жойлашган автоустахонада намоён бўлади. 36х80 метр ўлчамдаги катта зал кўчаларга қараган иккала томонида ҳам оддий, такрорланувчи шаклга эга бўлган: олд томондаги ўн битта ва ён томондаги бешта ўққа тортилган икки тавақали ёғоч дарвозага уларнинг тепасида темир панжаралар ортидаги деразалар ҳамроҳлик қилади. Деразаларнинг тепасидан баландга кўтарилган девордан кейин парапетнинг тўғри бурчакли, қути шаклида бироз бўртиб чиққан жойи ўрнашган. Дарвоза ўқининг иккала томонида фасад дағал шаклда силлиқланган, узун табиий тош плиталар билан қопланган бўлиб, улар шимол томонда ўрнатилган деворий бўртма нақш – рельефнинг тагини ҳам ташкил қилади. Баландлиги 6 метрча келадиган бу санъат асарида от устидаги чавандоз тасвирланган: думини ҳилпиратиб, мардонавор ҳаракатлар билан кенг қулоч ёзганча елиб бораётган бу жуфтлик барча хавф-хатарларга қарши турибди. Айни вақтда, ушбу ҳаракатланиш воситаси бел ва елка бўғимларининг айлана шаклдаги тасвири орқали футуристик автомобилни эслатиб юборади.  

Буюк Ипак йўли кўчаси 297-уйдаги автоустахона. Фото: Йенс Йордан, июль 2018
Автоустахонанинг ўзгартирилган фасади. Фото: У. Ҳайитов, август 2020

Бу ерда ҳам меъморий мерос билан тўғри муносабатда бўлиш борасида айни савол ўртага чиқади. Тушунарли бўлган модернизация жараёни туфайли фасаднинг кўриниши ўзгаришга учради: эндиликда у бевосита деворий рельефгача чўзилган, катта ойнаванд эшикларга эга, бироз қизил акцент берилган, функционал тарзда бўлинган ва гофрировка қилинган кулранг тунука девордан иборат. Деворий бўртма нақш сақлаб қолинганлиги олқишга сазовор. Афсуски, у ўзидаги табиий тош плиталари орқали юзага келган визуал боғлиқликни йўқотган ва ранглар танлови натижасида эътибордан четда қолган (кулранг рельеф ва кулранг фасад). Чунки, устахона ва санъат асари ўртасидаги айнан мана шу визуал боғлиқлик мазкур объектнинг қиймати ва унинг тушунарлилигини белгилаб берган эди. Алоҳида санъат асарларига эга бўлган бошқа кўплаб биноларда бўлгани каби, бу ерда ҳам бино бузилган тақдирда аслида ҳар доим бинога боғлиқ тарзда ўйланган, унинг бир қисми бўлган санъатга муносабат қандай бўлиши борасида савол юзага келади.

 Ёдгорликларни сақлаш масаласи ҳар доим ҳар бир ёдгорлик учун унинг ўзига хослиги ва талабларига мувофиқ тарзда жавоб ва ечимлар излайдиган бир жараёндир.

Киносарой худди автоустахона каби ўз даврининг турмуш шароитлари, воқеликлари, тасаввурлари ва орзулари ҳақида ҳикоя қилади. Биз эса ушбу артикуляция бизнинг давримизда ҳам тушунилишини таъминлашимиз лозим.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид