07:50 / 12.11.2020
15712

Ўзбекистонда меҳнат дафтарчаси: тарихи, бугуни ва муаммолар

Бугунги кунда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари амалиёти фақатгина МДҲ давлатларида сақланиб қолган. Меҳнат дафтарчалари Россияда 1918 йилдан тажриба тариқасида жорий этилган, 1939 йилдан мажбурий қилиб қўйилганди. Меҳнат дафтарчаси бўлмаган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотларига карточка ва бошқа имтиёзлар тақдим этилмаганлиги учун барча собиқ СССР фуқаролари ўтган асрда оммавий тарзда меҳнат дафтарчаларига ўтишган. Шунинг учун ҳам барча МДҲ давлатларида ҳанузгача меҳнат дафтарчаларидан фойдаланиш одат тусига кирган.

Кўплаб ғарб давлатларида жумладан, АҚШда меҳнат фаолиятининг ҳисобини юритадиган махсус электрон тизимлар мавжуд эмас. Иш берувчилар номзодлардан бунинг ўрнига резюме, диплом, олдинги иш жойидан тавсиянома талаб қилишади. Агар тақдим этилган ҳужжатлардан шубҳаланишса номзод ҳужжатлари билан корхонанинг ички хавфсизлик хизмати ходимлари шуғулланишади. Германия, Италия, Австрия ва Франция давлатларида меҳнат дафтарчасининг аналоги меҳнат карточкалари ишлатилади. Бунинг меҳнат дафтарчасидан фарқи шуки карточкани номзод иш берувчига ўз хоҳишига кўра тақдим этади.

Яқин тарихда кўплаб Ғарбий Европа давлатларида ҳам меҳнат дафтарчаси амалиёти мавжуд бўлган ва мажбурий бўлган. Мазкур дафтарчаларга биринчи бўлиб Наполеон даврида, хусусан Францияда XIX аср бошларида асос солинган. Кейинчалик 1832 йилдан Данияда, 1892 йилдан Германида қўлланила бошланган. Меҳнат дафтарчалари ишчи қатламни буржуа қатламига қарамлигини кучайтириб юборди ва ва меҳнат дафтарчаларини бекор қилиш XIX охирларига келиб Ғарбий Европа давлатларидаги буржуа инқилобининг асосий шиорларидан бирига айланди.

Испанияда барча ходимларнинг ишга ёлланиши ва бўшатилиши, шунингдек солиқ тўловларининг ҳисобини юритиш имконини берадиган Vida Laboral (меҳнат фаолияти) деб номланган электрон тизим мавжуд. Бунда барча маълумотлар Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий суғурталаш фонди томонидан верификацияланади.

МДҲ давлатлари орасидан биринчи бўлиб Озарбойжонда 2014 йилдан меҳнат фаолиятини назорат қилиш учун мўлжалланган “Электронная трудовая деятельность” электрон тизимга ўтилди. Молдова Республикасида 2019 йилдан меҳнат дафтарчалари бекор қилинди.

2020 йил 1 январдан қуйидаги МДҲ давлатларида қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари бекор қилинди ва меҳнат фаолиятини назорат қилишнинг электрон тизимига ўтилди:

Давлат номи Дастур номи
Россия Федерацияси Электронная трудовая книжка
Ўзбекистон Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий-аппарат комплекси
Қозоғистон Трудовая деятельность
Белорусия Электронная трудовая деятельность

Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда меҳнат ва ижтимоий таъминот соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва уларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4502-сонли қарорига мувофиқ “Ягона миллий меҳнат тизими” (ЯММТ) идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ИДАК) жорий этилди ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ЯММТ ИДАКни бошқариш дирекцияси ташкил этилди.

Ушбу қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини ЯММТ ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилди. Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан ЯММТ ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши шарт этиб кўйилди. Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида ЯММТ ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилди.

Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра амалиётда ушбу тизим билан боғлиқ қуйидаги муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда:

Биринчидан, амалдаги Меҳнат кодексининг 80-моддаси (ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар)га асосан ишга қабул қилишда номзод қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини иш берувчига тақдим этиши зарур. Бунда электрон меҳнат дафтари билан иш юритиш тартибини белгилайдиган нормалар киритилмаган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага ҳам тегишли тузатишлар киритилмаганлиги учун кадрлар хизмати ходимларида тушунмовчиликлар юзага келмоқда;

Иккинчидан, пенсияни расмийлаштириш ва ҳисоблаш учун зарур меҳнат стажига киритиладиган ҳарбий хизмат ва олий таълим муассасаларидаги ўқиш вақти тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритиш назарда тутилмаганлиги боис кадрлар хизмати ходимлари тегишли қийинчиликларга дуч келмоқда;

Учинчидан, ягона таъсисчи бўлган, ўзини директор лавозимига тайинлайдиган ва буйруққа асосан ишга киришадиган хусусий корхоналар директорларини ЯММТга қандай киритиш мумкинлиги назарда тутилмаганлиги сабабли айрим корхоналар тизимга тегишли маълумотларни киритишда муаммоларга дуч келмоқда;

Тўртинчидан, ҳозирда ЯММТда йиллик меҳнат таътили (декрет)га чиққан ходимнинг иш жойи (бунда ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишни назарда тутмаган бўлса) бўш иш ўрни сифатида акс эттирилмоқда. Натижада бандликка кўмаклашиш маркази бўш иш ўрнига номзодни юбормоқда.

Бешинчидан, тизимда меҳнатга лаёқатсизлик варақчалари (больничный лист)га ҳақ тўлашда умумий меҳнат стажини қандай ҳисобга олиш кераклиги назарда тутилмаганлиги амалиётда ходимга иш ҳақи ҳисоблаб чиқишда муаммоларни юзага келтирмоқда;

Олтинчидан, қонунчиликда ЯММТга ахборот киритиш регламентини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаганлиги учун кўп иш берувчилар ушбу жараёнга ҳозирча киришмаётганликлари ҳамда айрим ходимлар томонидан тизимга ўзлари ҳақида қасддан ишончсиз(ёлғон) маълумотларни киритиш ҳолатлари кузатилмоқда, шунингдек номзодларнинг ўзлари ҳақидаги ахборотларни маълумотлар базасига киритишда илгари ишлаган жойларидан салбий сабабларга кўра бўшатилганлигини қасддан яшириш эҳтимоли юзага келади;

Еттинчидан, доимий ва сифатли интернет тармоғига эга бўлмаган чекка туман ва қишлоқларда ушбу дастурий комлексни татбиқ этишда муаммолар юзага келмоқда.

Юқоридаги муаммо ва камчиликлардан келиб чиқиб ЯММТ ИДАК тизимини янада такомиллаштириш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг меҳнат дафтарчалари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган 80,81,108-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган йўриқномани бекор қилиб, ўрнига янги йўриқнома ишлаб чиқиш;

Иккинчидан, ЯММТ ИДАК тизимини қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар билан такомиллаштириш:

  • тизимга ходимнинг меҳнат стажига киритиладиган ҳарбий хизмат ва олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни қўшиш;
  • ягона таъсисчи бўлган, ўзини директор лавозимига тайинлайдиган ходимлар ҳақидаги ахборотларни киритиш;
  • йиллик меҳнат таътили (декрет) га чиққан ходимнинг иш жойини банд қилиб кўрсатишини таъминлайдиган имконият қўшиш;
  • умумий меҳнат стажини ҳисоблашда меҳнатга лаёқатсизлик варақчалари (больничный лист)ни ҳам қўшиб ҳисоблаш механизмини ишлаб чиқиш;

Учинчидан, ЯММТ ИДАК дастурининг мобил иловасини ишлаб чиқиш.

Хулоса қилиб айтганда, ЯММТ ИДАК такомиллаштирилиши билан меҳнат соҳасида ташкилотнинг вазифалари соддалаштирилади: иш берувчиларнинг қоғоз шаклида меҳнат дафтарчаларини сотиб олиш, юритиш ва сақлашга доир харажатлари минималлаштирилади, бундан ташқари соҳада илм-техника тараққиётини юксалтириш имконияти яратилади. Айни пайтда вазирлик ҳузуридаги дирекция ваколатли органлар билан юқорида таъкидланган камчиликлар устида ишлаши мақсадга мувофиқ бўлади.

Алишер Рўзиохунов

Top